Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

БУНЁДКОРЛИК БАҲОСИ

БУНЁДКОРЛИК  БАҲОСИ
Дунёда ҳар бир нарсанинг ўз баҳоси бордир, балки. Бироқ энг азиз, энг улуғ айёмимиз – Мус­тақиллигимизнинг 26 йиллик санасини муносиб нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилаётган ушбу кунларда ватандошларимиз кўнглидан кечаётган туйғуларни, янги сифат босқичига кўтарилган ислоҳотларнинг кўламини, жадал давом этаётган улкан бунёдкорлик жараёнини баҳолаш учун оламдаги қайси ўлчов бирлигининг мезони етаркин?..
 
Халқ ишонч билдирган бир депутат, ижодкор сифатида сайловчилар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг дарду ташвишларига, қувончу ютуқларига қулоқ тутар экансиз, авваламбор, уларда шукроналик ҳиссини англайсиз. Гарчи, муаммо билан мурожаат килаётган бўлса-да, кўпгина юртдошларимиз ўз ташвишини сўзлаётиб ҳам, гап орасида фаровон турмушимиз билан боғлиқ ҳайратини яширолмайди. Сезамизки, улар ҳам муаммолар гирдобида ўралашиб эмас, балки улуғ ишларга дахлдор бўлиб яшашни истайдилар.
Бугун бутун Ўзбекистон улкан қурилиш майдонига айлангандек гўё. Қайси шаҳар ёки туманда, қишлоқларда бўлманг, янги барпо этилаётган маъмурий-маиший, ишлаб чиқариш объектларига кўзингиз тушади. Қолаверса, аҳоли томонидан қурилаётган кўплаб шахсий иморатлар ҳам бу улкан бунёдкорликнинг бир қисмига айланган.
Жорий йилда инвестиция дастурига асосан Жиззах вилоятида ижтимоий соҳа объектларида 104 миллиард 148 миллион 891 минг сўмлик, соғлиқни сақлаш объектларида 20 миллиард 252 миллион 851 минг сўмлик  қурилиш, қайта таъмирлаш ва 15 миллиард 991 миллион 246 минг сўмлик реконструкция ишлари  амалга оширилиши кўзда тутилган. Дастурга асосан, Жиззах иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш коллежида 348 миллион, Жиззах педагогика коллежида 1 миллиард 71 миллион 200 минг сўмлик, Жиззах транспорт ва алоқа коллежида 632 миллион 500 минг, Олимпия захиралари коллежида 5 миллиард 773 миллион 670 минг сўмлик, Жиззах транспорт ва алоқа коллежида 2 миллиард 37 миллион 856 минг сўмлик, Жиззах политехника институти қошидаги 1-сонли академик лицейда 804 миллион 700 минг сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилган бўлса, Жиззах туманидаги “Учтепа” қишлоқ хўжалик коллежида 749 миллион 709 минг, Жиззах санъат коллежида 491 миллион 380 минг сўмлик капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, жорий йилда Ғаллаорол, Зомин ва Жиззах шаҳрида 12 миллиард 727 миллион 486 минг сўмлик янги умумтаълим мактаблари қурилиши ишлари бошлаб юборилган бўлса, деярли барча туманлардаги ўнлаб таълим даргоҳларида қайта таъмирлаш ва реконструкция ишлари қизғин давом этмоқда.
– Зарбдор туманидаги 3-умумтаълим мактабида капитал таъмирлаш ишларини олиб бораяпмиз, – дей­ди “VЕRВUТ” МЧЖ раҳбари Келдибек Болтаев. – Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 706 миллион 690 минг сўмни ташкил этади. Август ойининг 25 санасигача режалаштирилган ишлар якунланиб, таълим мас­кани ўқувчиларни янги ўқув йилига қабул қилиш учун шай ҳолатга келтирилиши белгиланган. Айни пайтда таъмирлаш жараёнида 50-60 нафар ишчи ва қурувчи банд. Ниятимиз – тўйга тўёна – Мустақиллик куни нишонланадиган санада фарзандларимиз учун муносиб байрамона туҳфа тайёрлаш.
Мактабгача таълим муассасаларида ҳам инвес­тиция дастури асосида реконструкция ва қайта таъмирлаш ишлари катта суръатда давом этмоқда.
– Зафаробод туманидаги 9-сонли МТМда ҳажми 913 миллион 871 минг сўмлик реконструкция ҳамда 5-сонли мактабгача таълим муассасасида 893 миллион 838 минг сўмлик капитал таъмирлаш ишларини олиб боряпмиз, – дейди “Лойиҳаэкспо қурилиш” МЧЖ раҳбари Шуҳрат Шодиев. – Қурувчи учун янги бино тиклаш, эскиларини қайта таъмирлаб, соз, тайёр ҳолатга келтиришдан ортиқ қувонч йўқ. Чунки, биз бунёд этаётган ҳар қандай иншоот аввало инсонлар учун хизмат қилади. Шу сабаб, энг замонавий махсус қурилиш материалларидан фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Эртанги кунимиз эгаси бўлган фарзандларимиз мазкур масканларда яйраб дам олиб, таълим-тарбия олишса, уларнинг севинчига биз ҳам муносиб ҳисса қўшган бўламиз.
Эртасини ўйлаган халқ албатта фарзандларининг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратади. Юртимизда эса ёш авлодга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айнан шундай улкан бунёдкорлик жараёни ўсиб келаётган ёш авлод қалбида нафақат эзгулик туйғуларини уйғотиши, балки улар дунёқарашида, шуурида яратувчилик тушунчаларининг шаклланишида ҳам ўзига хос ўрин тутиши билан муҳимдир. Шу сабаб, бунёдкорлик ишларининг баҳосини ажратилган маблағ билан эмас, балки шундай эзгу мезонлар билан ўлчаш тўғридек, аслида.
Абдусаттор СОДИҚОВ,
Халқ депутатлари Зомин тумани
Кенгаши депутати