Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

БУНЁДКОРЛИК ЯЛОВИ

БУНЁДКОРЛИК ЯЛОВИ

Мозийнинг сарғайган саҳифаларини варақласангиз қанчадан-қанча шоҳу султонлар, шоиру алломалар ўтганига гувоҳ бўласиз. Аммо саноқли инсонларнинг номларигина вақт синовидан ўтиб, авлоддан-авлодга етиб келмоқда, эъзоз­ланмоқда. Бунинг сабаби оддий. Чунки, бу буюк шахслар, авваламбор, ўз Она Ватани, халқини эъзоз­лаб, табиат ато этган истеъдод, билим, иқтидор ва салоҳиятни уларнинг иқболи, бахту саодати учун йўналтира олганлар. 

 

Шароф Рашидов... Бу номни халқимиз эл-юртига фақат эзгулик тилаган ва буни бутун умри давомида амалда исботлай олган буюк инсон, давлат арбоби, адиб сифатида ёдга олади. Тарихимизнинг оғир, истибдодли даврларида ўз халқи манфаатларини ҳимоя қилиб, Ўзбекистонни тараққий эттириш йўлини топа олган бу зот одамларга бўлган самимий меҳри, юртига бўлган чексиз муҳаббати, меҳнати билан ўзи қадрлаган, севган ватандошлари қалбидан мангуга жой олди, абадиятга номини муҳрлади. Шароф ота республикамизга раҳбарлик қилган йилларда улкан яратувчилик ва бунёдкорлик  ишлари олиб борилди.

У ўз даврининг таниқли ёзувчиси сифатида ҳам фан, адабиёт ва санъат аҳлининг раҳнамосига айланди. Дунё Тошкентни маданият марказларидан бири сифатида эътироф эта бошлади. У ижод аҳлига хос тарзда одамларнинг аламу ғамларини юракдан ҳис этарди. Шу боис элнинг дарду ташвишларига дармон бўлиш унинг ҳаёт тарзига айланди. Аммо аёвсиз тақдир умрининг сўнгги йилларида уни оғир синовларни бошдан кечиришга мажбур қилди...

Замонлар ўзгарди.  Ўзбекистон узра эрк туғи мағрур ҳилпирай бошлади. Эл юрагида кўп улуғ ҳислар, кўп улуғ қадриятлар туғён урди. Шу аснода Шароф Рашидовнинг ҳам пок номи тикланди, у томонидан амалга оширилган залворли ишлар муносиб баҳосини олди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 27 мартда имзолаган “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарор эзгу тадбирларнинг бошланишига асос бўлди. Чунончи, орадан кўп ўтмай Вазирлар Маҳкамасининг Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов хиёбонини реконструкция қилиш ҳамда эл суйган шоирлар Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбонларини барпо этишга доир фармойишлари эълон қилинди.

Жуда қисқа муддат ичида  Жиззах шаҳридаги Шароф Рашидов хиёбонида “Агростандарт плюс” масъулияти чекланган жамиятининг юз нафардан ошиқ қурувчилари томонидан 7148,082 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. 1 662 дона манзарали дарахт экилди.

– Ҳудудга 500 минг еврога Бельгиядан олиб келинган 1 минг 400 та Аризона сарви, қора ва тоғ қарағайи, қорақайин, лола дарахти каби дарахтларнинг 20 дан ошиқ турлари экилди, – дей­ди корхона иш бошқарувчиси Сервер Касимов. – Шунингдек, 60 та машина сиғадиган автотураргоҳ ишга туширилди. Илгари Шароф Рашидовнинг бюсти ўрнатилган жойда айланаси 24 метр бўлган, 20 метр баландликка отиладиган фаввора барпо этилади. Унинг рўпарасида эса атоқли давлат арбобининг ҳайкали ўрнатилади. Дарвоқе, муқаддам ушбу хиёбонда қўр тўкиб турган бюст айни вақтда Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги қаршисидан жой олди. Хиёбонга туташ  “Ўзбекистон” меҳмонхонаси ҳам реконструкция қилинмоқда. Шароф Рашидов музейида 2248,355 миллион сўмлик, давлат арбобининг уй-музейида 146,748 миллион сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

– Эътиборга молик яна бир жиҳат, –  дейди Жиззах вилоят ҳокимлиги масъул ходими Олимжон Мелибоев, – махсус дастур асосида ижодкор зиёлилар, адабиёт ва санъат намояндалари иштирокида маҳаллалар, дам олиш мас­канлари ҳамда таълим муассасаларида кенг миқёсда маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, адабий-бадиий кечалар ташкил этилди. Жойларда ўтказилган бундай тадбирларда Шароф Рашидов ҳаёти, фаолияти ва ижодига оид материаллар тарқатилди.

Шаҳар ва туманларда  адибнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган фотосуратлар кўргазмалари, Шароф Рашидов номидаги вилоят ахборот-ресурс маркази томонидан унинг китоблари кўргазмалари ташкил этилди.

Барча таълим муассасалари, маҳаллалар, корхона, ташкилотлар, дам олиш масканларида сентябрь, октябрь ойларида Шароф Рашидовнинг ҳаёт йўллари ва ижодига бағишлаб “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” , “Шароф Рашидов – мураккаб ва машаққатли даврнинг буюк фарзанди” мавзуларида хотира соатлари ташкил қилинди.

Улуғ инсон таваллудининг бир асрлик тантаналари олдидан амалга оширилаётган ишларни кузатар экансиз, ҳаётлик чоғида улкан яратувчилик фаолиятига бош бўлган шахснинг номи яна вақтлар ўтиб улкан бунёдкорлик ва маънавий жараёнларга ялов бўлаётганига амин бўласиз.

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,

“XXI asr”   мухбири