Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Бухоро “Саёҳатлар чорраµаси”га айланади

Бухоро “Саёҳатлар чорраµаси”га айланади

O‘zLiDeP Бухоро вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари ходимлари, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари ва БПТ раислари иштирокида ташкил этилган ўқув-семинар Президентимизнинг жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида ушбу вилоятга ташрифи давомида белгилаб берилган вазифаларнинг аҳамияти ва мазмун-моҳиятини ўрганишга бағишланди.

Кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилган O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Фармон Аминов давлатимиз раҳбарининг фикр-мулоҳазалари, аниқ йўл-йўриқ ва кўрсатмалари Ўзбекистон Либерал-демократик партияси учун ҳам дастуриламал эканлигини алоҳида таъкидлади. Зеро, O‘zLiDeP фаоллари зиммасида бугун ҳар қачонгидан кўра юксак масъулият бор. Улар халқимиз учун муносиб шароит яратиш, ҳудудларнинг саноат салоҳиятини юксалтириш асосий мақсад эканлигини чуқур англаган ҳолда фаолият олиб боришлари талаб этилмоқда.

Шу муносабат билан партия ходимлари ҳам ўз ишига жиддий эътибор бериши,  ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок  этиши, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган камчилик-нуқсонларни маҳаллий Кенгашлардаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳларида муҳокама қилиши зарур.

Воҳада туризмни тараққий эттириш, жумладан, замонавий меҳмонхоналар барпо этиш, туристик йўналишларда қулай ва замонавий транспорт қатновини йўлга қўйиш, авиақатновлар сонини ошириш, Бухорони “Саёҳатлар чорраҳаси”га айлантириш лозимлиги масалаларига алоҳида урғу берилаётгани бежиз эмас. Яқин келажакда вилоят инфратузилмасини ривож­лантириш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, халқаро ва давлат аҳамиятидаги 660 километр, шунингдек, 4 минг чақирим узунликдаги маҳаллий ва ички йўлларни таъмирлаш бўйича 9 та лойиҳа амалга оширилади.

Тадбирда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш билан боғлиқ бир қатор истиқболли лойиҳалар хусусида сўз борди. 2019-2020 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати қарийб 25 триллион 353 миллиард сўмлик 625 та инвестиция лойиҳаси дастури ишлаб чиқилган бўлиб, улар амалга оширилгач, 30 мингта доимий иш ўрни яратилади. Бу борада O‘zLiDeP фаоллари ва депутатларининг ўз ўрни бўлиши даркор.

– Президентимиз томонидан илгари сурилган мақсад ва вазифалар ижроси вилоятдаги 19 нафар, туман ва шаҳарлардаги 147 нафар депутатимиз учун асосий фаолият мезони бўлиши лозим, – деди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати  Замира Сафарова.

Ўқув-семинари давомида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига киритилиб, кенг кўламдаги ишлар амалга оширилган 22 та қиш­лоқда партия қуйи бўғинлари фаолиятини йўлга қўйиш, саноат ривожланмаган Пешку, Шофиркон, Вобкент, Қоракўл ва Олот туманларида маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда тадбиркорларни кластерларга жалб этишга кўмак­лашиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ижтимоий ва маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббус O‘zLiDePнинг барча бўғинларидаги аёллар ва ёшлар билан ишлайдиган масъул ходимлар зиммасига ҳам катта вазифа юклади. Зотан, бу ташаббуслар йигит-қизлар истеъдодини юзага чиқариш, ёшларни жисмоний чиниқтириш, талабалар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш масалаларини назарда тутганлиги билан аҳамиятлидир.

– O‘zLiDePнинг обрў-эътиборини оширишга эришиш вакиллик органларига сайловлар йилида ҳар қачонгидан ҳам муҳим, – дейди “Бухороинвест” масъулияти чекланган жамияти раиси О. Ўраев. – Айниқса, маҳалладаги ёшлар ўртасида партиявий тарғибот-ташвиқот ишлари ҳар томонлама кучайтирилиши лозим.

Ўқув-семинари  иштирокчиларига Президентимиз ташрифи чоғида кўриб чиқилган бошқа масалалар юзасидан ҳам тегишли маълумотлар берилиб, тингловчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.

Асхор  ИСТАМОВ,
“ХХI аср” мухбири