Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

БУЮКЛИКНИНГ ЮКИ

БУЮКЛИКНИНГ ЮКИ
Шу йилнинг 27 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич ­Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Бу ҳужжатда Биринчи Президентимизнинг она Ватанимиз мус­тақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги улкан тарихий хизматларини инобатга олиб ҳамда у кишининг хотирасини абадийлаштириш бўйича бошланган эзгу ишларни изчил давом эттириш мақсадида қатор тадбирлар белгиланди.
Ушбу санани нишонлаш бўйича тузиладиган тадбирлар режасида, жумладан, 2018 йил январь ойида Самарқанд шаҳрида Ислом
Каримов хотирасига атаб бунёд этилган мақбара мажмуасини очиш; Қарши шаҳрида Ислом
Каримов хотирасига бағишлаб ҳайкал ўрнатиш ва тантанали очилиш маросимини ўтказиш; Ислом Каримов ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;
“Ислом Каримов фаолияти хроникаси (солнома)” китобини, унинг “Ёшлар бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучидир”, “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларини, шунингдек, “Президентга мактублар” китобини нашр этиш; Самарқанд шаҳрида “Ислом Каримов – Ўзбекистон Рес­публикаси давлат мустақиллигининг асосчиси” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш; 2018 йилнинг биринчи чорагида “Ислом Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола” танловини якунлаш ва унинг ғолиб­ларини тақдирлаш; таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, турли соҳа мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти хотирасига бағишланган учрашувлар ташкил этишни назарда тутиш белгиланди.
Ушбу қарор ҳар бир ўзбекистонликни мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби
Ислом Каримов ҳаёти ва ёрқин фаолияти ҳақида кенг мушоҳада қилишга ундайди.
Ўлим – ҳақ. Бироқ...
Ўлим билан ўлим ўртасида баъзан ер билан осмонча фарқ бўлади. Буюк зотларнинг бу дунёни тарк этиши фақат яқинлари, ҳатто мамлакати халқи, ҳатто, ён-атрофдаги давлатлар эл-улусигина эмас, бутун башарият учун оғир жудолик ҳисоб­ланади. Халқимиз ўзининг бутун инсониятни қайғуга солган ана шундай буюк фарзандидан жудо бўлди – Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов бу ёруғ оламни тарк этди.
“Буюк” сўзининг сирию виқорию улуғворлиги шундаки, уни ҳар кимга нисбатан ишлатавериб бўлмайди. Юртбошимиз вафоти муносабати билан эълон қилинган расмий таъзияномада эса унинг муборак номи ҳақли равишда “буюк давлат ва сиёсат арбоби” деган юксак рутба билан қайд этилди.
Ўзбекистон – азал-азалдан буюклар юрти. Лекин...
Мустамлака жабрини тортган кезларимиз биздан сиёсат майдонида бундай буюк зот чиқишига йўл бўлсин эди. Не бахтки, пешонамизга яна шундай улуғ инсон битди. У халқни асрий ботқоқликдан озодлик оролига олиб чиқди. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон буюкларга бешик бўлган муқаддас замин эканини бутун жаҳон кўз ўнгида яна бир карра исботлади. Шу улуғ зот сиймосида ўзбекнинг ақл-тафаккури, салоҳияти, қудрати халқаро майдонда бор бўйу басти билан юз кўрсатди. Тарих гувоҳки, баъзан бутун бир халқ ўз кучини биргина фарзанди тимсолида мужассамлашган ҳолда намоён этади. Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур... ва бошқалар мисолида шундай бўлган.
Давлатимиз раҳбари ҳар тарафлама даҳо шахс эди. Даҳолар макон ва замон “танлайди”. Бошқача ифодалаганда, қай бир маконда қай бир замонга келиб жамиятда буюк бир раҳнамога кучли эҳтиёж юзага чиқади.
Уч кун эл-юртимиз мотам тутди. Шу мотам кунлари халқимиз мусиқий меросида шунча кўп мунгли куй борлигини англадим. Назаримда, созандаларимиз аждодларимиз яратган бу куйларни ўзларинингу бутун халқимизнинг кўнглидаги бугунги қайғуни ҳам қўшиб чалишди. Мунг мунгга улашди.
...1971 йили Тошкентга ўқишга келган бўлсам, шундан буён халқимиз орасидан етишиб чиққан ҳар қандай кўзга кўринган зиёлини яқиндан билишга, ҳеч бўлмаганда, унинг фаолияти билан қизиқишга, яратган асари билан танишишга, эл орасидаги чиқишини эшитишга, лоақал телевидение ё радиодаги нутқини кузатиб, у ҳақдаги хулосамни шакллантиришга ҳаракат қилиб келаман. Бир ҳақиқатни очиқ айтай: умримда халқимиз орасидан чиққан Ислом Каримовдан буюкроқ кенг ва чуқур тафаккур эгаси билан юзма-юз бўлмаганман.
Муқаддас динимизда яхши асарлар ёзиб қолдирган, эл-улусга кейин ҳам фойдаси тегадиган мактабу масжиду мадраса, йўлу кўприк, анҳор ва ҳоказолар бунёд этган, шунингдек, солиҳ ва солиҳа фарзандлар тарбиялаган бандаси савоби жория, яъни вафотидан кейин ҳам оқиб турадиган савоб соҳиби бўлиши айтилади. Шу маънода раҳматли Ислом Каримовдан бизга қандай туганмас мерос қолди!
Давлатимиз раҳбари мустамлака исканжасидан қутулиб, мустақил ва тараққий этган давлат, маъмурий-буйруқбозликка асосланган қолоқ социалистик тузумдан бозор иқтисодиётига асосланган демократик фуқаролик жамияти барпо этишнинг бус-бутун таълимотини яратди. Бу таълимот шундай кенг қамровлики, унда инсон ва жамият ҳаётининг бирор бир муҳим соҳаси эътибордан четда қолмаган.
Юртбошимизга ҳамма соҳани бирдай қамраб олиш салоҳияти ато этилган эди. Сиё­сий, иқтисодий, маънавий ислоҳотларнинг қай бир масаласи бўлсин, барча нозикликларигача билар, таҳлил этар, йўл очиб берар, муаммоларнинг оқилона ечимини топар эди.
Конституциямиз муаллифи ва қонунларимизнинг асосий ижодкори, давлатчилигимиз асосчиси, тинчлик-осойишталигимиз, чегараларимиз дахлсизлиги, мамлакатимиз ҳудудий яхлитлигини таъминлашнинг мус­таҳкам қўрғони, буюк йўлларимиз қурувчиси, таълим тизими ислоҳотчиси, саноатлашган давлат ташаббускори, фермерлик ҳаракати ихтирочиси, шаҳар ва қишлоқларимиз ободлиги учун масъул меъмор, мамлакатимизнинг жаҳон миқёсидаги мавқе-мақомини тайин этган, ташқи сиёсатимиз концепциясини ишлаб чиққан буюк арбоб, миллий мафкурамиз асос­чиси... Эҳ-ҳе, унинг эзгу ишларини санаб, адоғига етиш қийин.
Қисқа фурсатда сиёсат илмида “каримовшунослик” йўналиши пайдо бўлди. Бу ҳали давом этади. У қандай назария яратганининг аҳамияти энди бор бўй-басти билан янада ёрқинроқ намоён бўлса, ажаб эмас. Аниқроғи, энди “каримовшунослик” бўйича ҳақиқий тадқиқотлар бошланади. Ҳам ўзимизда, ҳам хорижда. Негаки, Ислом Каримов бир мустамлака жабрини чеккан қолоқ мамлакатни озод ва обод, замонавий, саноатлашган, тараққий этган, демократик тамойилларга асосланган давлатга, социалистик тузумда яшаган жамиятни бозор иқтисодиётига асос­ланган ҳуқуқий фуқаролик жамиятига айлантиришнинг ўзимизга хос ва мос назариясини ишлаб чиқди. Бу назариясини ҳаётга татбиқ этиб, йўли тўғри эканини исботлаб берди.
Овозида одамларни муайян мақсад сари етакловчи жозиба, сирли бир оҳанрабо бор эди. Бу камдан-кам сиёсатчига насиб этади.
Аҳди қатъий эди. Аҳд қилдими, энди уни бу йўлдан ҳеч ким, ҳеч қандай куч ёки тўсиқ қайтара олмас эди.
Барча буюк раҳнамоларда бўлгани каби, унинг меҳри қанча бўлса, қаҳри ҳам шунча эди. Хиёнатни, сотқинликни, алдовни, сохтакорликни, кўзбўямачиликни, ялтоқланишни, хушомадни асло кечира олмас эди. Буни “Юксак маънавият – енгилмас куч” асаридаги мана бу сўзлар ҳам тўла исботлаб турибди: “...Маънавий ҳаётимизга жиддий хавф соладиган яна бир иллат ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Шахсан ўзим бу иллатдан жирканаман. Шу иллатга чалинган одамни кўрарга кўзим йўқ. Бу – сотқинлик. Мен ҳар қандай ёвузликни сотқинликдан кўраман. Эзгулик ва ҳақиқатга садоқати бўлмаган, уларга ишонмаган одам қўрқинчлидир. ...Шу муносабат билан тарихда кўп марта ўз тасдиғини топган, мен ҳам ўз тажрибамда синаган ҳаётий бир ҳақиқатни яна бир бор такрорлашни зарур деб ҳисоблайман: агар биз аҳил бўлсак, эл-юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким ҳеч қачон енга олмайди”.
Буюк қалб, метин ирода, тенгсиз азму шижоат соҳиби, бағрикенг, аҳди қатъий раҳбар, доно сиёсатчи, ватанпарвар, халқпарвар раҳнамо...
Баъзи раҳбарлар бўлади, аравани тортаётганининг ўзигагина маҳлиё, шундангина хурсанд. Йўқ, Биринчи Президентимизни аравани аниқ манзилга етказиш қизиқтирар эди. У мақсад одами эди. Мақсадга етишнинг энг яқин, энг қулай, керак бўлса, энг арзон йўлларини қидирар ва топар эди. Бунинг учун эса ҳар қандай масаланинг ўзагига етиш талаб этилади. Бу шахсда шундай салоҳият жибиллий, яъни туғма эди.
Максималист эди. Ҳамма нарсанинг олий даражада мукаммал бўлишини истар, бошқалардан ҳам шуни қаттиқ талаб қилар, бир масала устида бот-бот ўйлаш, бир лойиҳани қайта-қайта кўриб чиқиш, бир маъруза ёки нутқ матнига сўзга чиқиш лаҳзасига қадар эринмай жило беришдан асло тўхтамас эди.
Сўзга, ғоянинг кучига унча-мунча адибдан ҳам кўра кўпроқ ишонар эди. Сўз ва ғояга одамни, жамиятни, пировардида, ҳаётни ўзгартиришга қодир куч янглиғ қарар, одамларнинг онг-тафаккури, жамиятнинг дунёқараши, ҳаётнинг даражасини ўзгартириш учун айнан сўз ва ғоя кучига таянар, давлат ва халқ учун ҳаёт-мамот бўлган масалаларда жамият ўртасига кўпдан-кўп ғоялар ташлар ва уларни амалга ошириш йўлида умрини, бутун борлиғини, жонини тиккан эди.
Фалсафада сабаб ва оқибат тушунчалари бор. Бу иккиси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Буюк тафаккур соҳибларида ҳамма масалага сабаб ва оқибат нуқтаи назаридан келиб чиқиб баҳолаш салоҳияти берилган бўлади.
...1997 йилнинг 29 августида Олий Мажлис сессиясида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Шу сессияга тайёргарлик жараёнида Президент девонининг бир гуруҳ ходимлари раҳбаримиз суҳбатига кирдик. У киши кутилмаганда: “Нима учун 1992 йилнинг январида, давлат мустақиллиги эълон қилингандан кейин кўп ўтмай Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида ёшлар майдонга чиқди?” деган саволни ўртага ташлади. Ҳар ким ўзича жавоб беришга уриниб кўрди ҳам. Бироқ раҳбаримиз ҳеч қайси жавобдан қониқмади. Чунки унинг ўз қараши, ўз хулосаси бор эди. Бу қараши, хулосаси ҳеч кимникига ўхшамас эди. Шуни айтди: “Халқ “ўзбеклар иши” деб ном олган кампаниядаги ноҳақ қама-қамалар жараёнида давлатдан қаттиқ жабр кўрди. Аламини ололмай юрган эди. Ёшлардан иборат оломон стихияли равишда эски давлатдан олиши керак бўлган аламини янги давлатдан олмоқчи бўлди”.
Шуни ҳам унутмайликки, 27 йилу икки ойлик Ўзбекистонга раҳбарлик қилган даврида бу зот ўзини ўринсиз таърифлашларига асло йўл қўймади.
Буюк Юртбошимиз билан видолашувга чиққан Самарқанд хотин-қизлари, маҳаллий урф-одатга кўра бошларига оқ-оппоқ рўмоллар боғлади.
Давлатимиз асосчиси қабри усти оқ-оппоқ атиргуллар билан безалди.
Халқнинг қора қайғусини шу оқлик юпатгандек туюлади. Чунки Ислом Каримов қолоқ Ўзбекистонни кафтларида авайлаб, елкаларида кўтариб, оқ-оппоқ йўлга олиб чиқиб қўйди. Халқимизни бу равон йўлидан энди ҳеч ким орқага қайтара олмайди. Кўнгилларда бир илинж бор: халқ сифатида биз бу йўлни изчил давом эттирсак, шу тариқа янада юксак марраларга етсак, марҳум Йўлбошчимиз руҳини шод этган бўламиз.
Муҳтарам Юртбошимиз вафотидан бор-йўғи уч кун бурун, яъни 30 август куни газеталаримиздан бирида чоп этилган мақолам сўнгида қуйидаги сўзларни битган эканман:
“Бугунги кунда халқимиз бир нарсани теран англаб етди: бу ютуқларимизнинг барчаси – Юртбошимизнинг ҒОЯСИ, ТАШАББУСИ, ЛОЙИҲАСИ, РЕЖАСИ ВА РАҲНАМОЛИГИнинг ёрқин ифодаси.
Яна бир ҳақиқат: ҳаётини эл-юрт хизмати, эзгу ишлар, бунёдкорлик, Ватан тинчлиги ва равнақига, шундай олий мақсадларга бағиш­лаган, шу тариқа халқнинг дуосини олган улуғ зотларнинг умри боқий бўлгай”.
Ислом Каримов халқни бир давлат байроғи остида бирлаштирди. Бунинг ёрқин ифодасини мотам кунлари кўрдик. Миллион-миллион эркаклар бошга дўппи кийди, миллион-миллион аёллар рўмол ўради. Бутун мамлакат гулларга бурканди. Айтишларича, давлатимиз раҳбарига жаноза намози ўқилаётган маҳалда Самарқанднинг Регистонида қушлар бирдан сайраб юборибди. Биринчи Президентимиз айни қабрга қўйилган лаҳзаларда Тошкентда, шундай иссиқ кун бўлишига қарамай, ёмғир томчилаб ўтди.
Буларнинг бари нималаргадир рамзий ишоралар эди, чамамда.
Бир неча кун бурун кимдир: “Буюк давлат ва сиёсат арбобларининг вафоти ҳам халқни янада жипслаштиришга хизмат қилади”, деса, эҳтимол, ишонмаслигимиз мумкин эди.
Лекин амалда худди шундай бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг охиратлари обод бўлсин!
 
Султонмурод ОЛИМ,
“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби