Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЧЕМПИОН БИЛАН УЧРАШУВ

ЧЕМПИОН БИЛАН УЧРАШУВ

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортга қизиқишни ошириш мақсадида турли
мусобақа ва маданий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.

Шу йилнинг 17–­27 сентябрь кунлари Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари бўлиб ўтган эди. Бешинчи маротаба ўтказилган ушбу мусобақада иштирок этган мамлакатимиз терма жамоаси 131 та медални қўлга киритди ва умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади. Ғолиблар орасида белбоғли кураш бўйича 2 та бронза медални қўлга киритган боёвутлик Шаҳобиддин полвон Сангилов ҳам бор.

Шаҳобиддин Сангилов билан ёшларни учраштириш мақсадида ташкил этилган давра суҳбати “Маҳалладан чиққан чемпион” деб номланди.

– Эришган ютуқларим юртимизда спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилгани туфайлидир, – дейди полвон. – Мураббийларимизнинг кўрсатмаларига қатъий амал қилганимиз мусобақа жараёнида жуда асқотди. Спорт инсонни нафақат жисмоний, балки маънавий камолотга ҳам етказади. Чунки соғ кишигина соғлом фикрлайди.

Учрашувда ёшлар чемпион вилоятдошига кўплаб саволлар ёғдиришди. Бу эса тадбиримиз бесамар кетмаганидан далолатдир.

Санжар АВАЛБОЕВ,
O‘zLiDeP Сирдарё вилоят
Кенгашининг ёшлар билан ишлаш
бўлими етакчи мутахассиси

 

ЁШЛАР ИТТИФОҚИНИНГ ЯНА БИР БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТИ

 O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгашида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти тузилди. Ушбу масалага бағишланган таъсис йиғилишида партия вилоят Кенгаши аппарати раҳбари Носиржон Абдуллаев партиянинг ҳаракатлар дастурида белгиланган ёшлар билан ишлаш бўйича устувор вазифалар, шу йўналишда олиб борилаётган тизимли ишлар, лойиҳалар хусусида атрофлича тўхталди.

 – Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати изчиллик билан амалга оширилмоқда, – деди Ёшлар иттифоқи ҳудудий Кенгаши раисининг ўрибосари Дилноза Акрамова. – Хусусан, шу йилнинг 30 июнь куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган қурултой йиғилишида собиқ “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ўрнида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тузилди ва бугун унинг қуйи тузилмалари шакллантирилмоқда.

Партия ҳудудий ташкилоти бўлим мудири Рустамжон
Ҳакимов янги таъсис этилган бошланғич ташкилотга етакчи этиб сайланди. У ўзига билдирилган бу ишончни оқлаш, партиянинг вилоят, шаҳар, туман кенгашларида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга бор куч ва ғайратини сафарбар этишга сўз берди.

Комилжон ФАЙЗИЕВ,
O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши
матбуот хизмати раҳбари