Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Чемпионат ўтказилди

Чемпионат    ўтказилди

              Термиз  туманидаги “Амударё”  болалар  соғломлаштириш  оромгоҳида триатлон  спорт  тури  бўйича  Ўзбекистон чемпионати  ва  таниқли олим, марҳум  Чори  Жумаев   хотирасига  бағишланган   турнири  ўтказилди.  Спорт тадбирининг   очилиш  маросимида  вилоят  ҳокими  ўринбосари  Р.Чориев сўзга чиқиб, сўнгги пайтларда воҳа, хусусан Термиз шаҳри йирик спорт мусобақаларига мезбонлик қилаяётганлиги, вилоятда  ҳам  йирик спорт тадбирларини  ўтказиш  учун  барча  шароитлар яратиб  берилаётганлиги ҳамда бу борада  бой  тажриба тўпланаётганлиги, вилоят  ҳокимлиги томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.   Ўзбекистон   Мудофаага  кўмаклашувчи  "Ватанпарвар” ташкилоти ва  вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган мусобоқада  республикамизнинг  барча   вилоятлари   ва  Тошкент шаҳридан жами 150 дан ортиқ спортчи  -  ёшлар   умумжамоа  ва  яккалик  баҳсларида ўз  имкониятларини   синовдан   ўтказишди.  -  Мусобоқа  якунига  кўра ғолиблар тақдирланиб, улар орасидан жорий йил Индонезияда бўлиб ўтадиган  Осиё  ўйинлари  ва Филиппинда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига  борувчи  номзодлар  аниқлаб  олинади. – дейди чемпионат бош  ҳаками Леонид Блохин.  

             Спортчи  ёшлар  750  метрга  сузиш, 20 километр масофага велосипед ҳайдаш ҳамда 5 километрга югуришда  ўз омадларини синаб кўришди.

             - Триатлон спорт тури спортчидан жуда катта кучни талаб этади, - дейди мусобақанинг ғолиби навоийлик  Алена Ҳакимова. – Учта спорт турини ўзида жамлаган бу баҳслар орасида айниқса, сузиш баҳслари анчагина мураккаб. Кўзингизга  фақатгина қирғоқ кўринади. Бундай  пайтда   нафас ростлашга ҳам фурсат бўлмайди, фақатгина олға сузиш мумкин. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, сунъий кўл триатлон спорт тури учун жуда қулай. Бундан кўринадики, вилоятингизда спортнинг барча турлари, жумладан триатлон учун ҳам етарлича шароит яратилган экан.

              Умумжамоа   ҳисобида   биринчи   ўринни Тошкент шаҳри, иккинчи ўринни Навоий, учинчи ва тўртинчи ўринларни  эса  Самарқанд  ва Сурхондарёлик  спортчи - ёшлар  эгаллашди. Яккалик  баҳсларида  1999 - 2000 йилларда  туғилган  ўғил ва қизлар ўртасида  биринчи ўрин тошкентлик  Улуғбек Алиев, Латофат Содиқоваларга,  иккинчи ўрин  тошкентлик Алексей  Решидников, навоийлик   Севара  Суяроваларга,  учинчи ўрин андижонлик Муҳаммадазим Турсунбоев, хоразмлик  Дилафруз Саидоваларга лойиқ кўрилди. 18 ёшдан  катталар  ўртасида  эса  биринчи  ўринга  андижонлик Жавоҳир Юнусов ва  навоийлик Алена Ҳакимова, иккинчи ўринга  тошкентлик Валерий  Фонамаренко  ва  Екетерина  Рязанова, учинчи ўрин тошкентлик  Александр  Куришев  ва  Сурхондарёлик  Гулнора Ҳакимовалар  сазовор бўлишди. Fолиб  ва  совриндорлар  ташкилотчилар томонидан таъсис этилган дипломлар, қимматбаҳо  совғалар  билан  тақдирланишди.

Сарвар ТЎРАЕВ,

“XXI asr”   мухбири