Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЧИНГИЗ ОҒАНИНГ ЧИНОРИ

ЧИНГИЗ ОҒАНИНГ ЧИНОРИ

Тарихни ҳеч ким, ҳеч бир зот ўзгартиролмайди. Бузиш мумкин, сохталаштириш мумкин, большевик ва коммунистларга ўхшаб. Лекин халқ хотирасини ўчириб бўладими? Шунинг учун аслида Туркистон адабиёти, деган ҳақиқат бор. Уни минг марта айтиб такрорлаш шарт эмас, секин-секин рўёбга чиқариш керак. Бунинг учун энг муҳими, яна тиллар катта роль ўйнайди. Ҳеч қўрқмасдан энг ноёб ва асл асарларимизни тўғридан-тўғри жаҳон тилларига ўгираверишимиз керак.

Чингиз АЙТМАТОВ

Бугуннинг изоҳи:

Ҳазрат Алишер Навоийдан сўнг туркий халқлар орасидан фақат
Чингиз Айтматов ижодигина адабиёт Олимпига кўтарила олди, жаҳоншумул шуҳрат қозонди, дея эътироф этганида академик
Рустан Раҳмоналиев минг карра ҳақлигига шубҳамиз йўқ.

Бир нечта асрларга татигулик асарлари билан бутун дунё китобхонларининг суюкли адибига айланган Чингиз Айтматов бундан 21 йил аввал башорат қилиб кетган оддий ҳаёт ҳақиқатлари ҳозир ҳам ниҳоятда долзарб ва жиддийлигича турибди. Эътиборли жиҳати, бу йил мамлакатимизда Президентимизнинг “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида ўтказилаётган адабий-маърифий тадбирлар халқимиз, кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Унинг ёши минг йилдан ўтди. Тўрт фаслда-да барг тўкмайди у. Аксинча, гуркираб-гуркираб ўсаверади. Қучоғингизни очинг, қулочингизни ёзинг – етмайди. Чунки... бу баҳайбат ЧИНОР олти йилки яна кучга, қудратга тўлиб бораяпти. Илдизлари ҳам бақувват. Номи унинг ТУРКИС­ТОН! Юрагингизда кўмилиб ётган хотираларни уйғотиб юборадиган сўз.

 Асримизнинг улуғ адиби, Туркистон халқларининг “тирик” байроғи Чингиз Айт­матов билан 1997 йилнинг 13-14 март кунлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё халқлари маданияти халқаро ассамблеяси конференциясида учрашиш насиб этган ва “Ола арча” қароргоҳида кечган гурунгимиз мавзуси ҳам Туркистон мавзусидан бошланган эди.

– Чингиз оға, тақдир дейсизми, қисматми, сиз ўн йилларки, чет элдасиз. Яна бир жиҳати, дунё кўрган одамсиз. Тўғрисини айтинг, кўпроқ қаерни соғинасиз?

– Биласиз, Қирғизистон – Туркистоннинг бир бўлаги. Шу юртда Талас деган жаннатий водий бор. Унинг бир чеккасида эса Шакар деб аталмиш овул ястаниб ётибди. Аввало ана шу миттигина гўшамни соғинаман. У ҳам мен учун каттакон Ватан. Қолаверса, албатта, қаерда бўлсам-да, ҳар қадамда Туркистон тупроғи мени ўзига оҳанрабодек чорлайверади. У ҳар тун тушларимга кириб чиқади.

– Шарқ маданияти, маърифати жаҳон халқларини асрлар давомида ҳайратга солиб келади. Сўнгги – ХХ аср билан мақтангудек нимамиз бор бизнинг? Ё замонлар келиб, “Туркистон адабиёти” деган ибора дунё таомилига кирармикан?

– Мен башоратчи эмасман. Билмадим, раҳматлик Ванга момо ё Нострадамус жанобларини ҳам бу савол ўйлатиб қўйган бўлармиди. Вақт кўрсатади, давр кўрсатади. Ўйламанг, ХХ аср бизлар учун фақат қора аср эмас. Дунёни титратадиган воқеа-ҳодисотлар, кашфиётлар содир бўлмадими? Тарихни ҳеч ким, ҳеч бир зот ўзгартиролмайди. Бузиш мумкин, сохталаштириш мумкин, большевик ва коммунистларга ўхшаб. Лекин халқ хотирасини ўчириб бўладими? Шунинг учун аслида Туркистон адабиёти, деган ҳақиқат бор. Уни минг марта айтиб такрорлаш шарт эмас, секин-секин рўёбга чиқариш керак. Бунинг учун энг муҳими, яна тиллар катта роль ўйнайди. Ҳеч қўрқмасдан энг ноёб ва асл асарларимизни тўғридан-тўғри жаҳон тилларига ўгираверишимиз керак. Мана кеча ўзингиз айтдингиз-ку, Ўзбекистонда, шахсан Президент Ислом Каримов ташаббуси билан  “Жаҳон адабиёти” деган журнал ташкил бўлибди. Эшитиб, жуда суюндим. Бу ниҳоятда хайрли иш. 

– Барибир истибдод замонининг асоратлари ҳали кўп йиллар кетмайдиганга ўхшайди. Бўлмаса, мана, мустақил бўлганимизга олти йил тўлаяпти ахир, лекин орамизда ҳалиям ҳадик ва хавотирда яшаётганлар бор-да?!

– Бу табиий. Ҳув, боғланган фил воқеасини эсланг. Занжир йўғу лекин кетмай айланиб юраверади. Империя нега бунча кўп яшади? Тарихда юздан ортиқ миллат бир давлатга бирикиб, ҳеч қачон шунча узоқ вақт давр сурмаган. Энди айтаверсак, очилаверади. Мени ҳам доим нега Европа бизлардан шунча кўп йил ўзиб кетди, деган савол қийнайди. Ўзимча мулоҳаза қиламан. Бизлар битта қўрада яшадик, ижод қилдик. Нима бўлса-да, ўз тарихимиздан узоқлашиб боравердик. Европа нимадан ютди? Улар бўлиниб-бўлиниб ўз тарихини, ўтмишини ўрганди. Дунёга чиқиб олди. Бизда-чи? Болаларимиз ўз боболарини билмайди, аммо Ньютон, Эйнштейн ва бошқа юзлаб олимларни тутилмай айтиб беради.

– Бугун-чи? Бошқа мамлакатлардаги  реал ҳаётдан тўла хабардор бўлмасангиз-да, бироқ ўз юртингиз Қирғизистонда бу масалада аҳвол қандай?

– Кўнглим нотинч, очиғи, тўлмаяпти. На чора, айбни бозорга ағдараяпмиз. Бу бир томондан тўғри, лекин иккинчи тарафи ҳозир аксарият ҳолларда шахс манфаати устунлик қилаяпти. Бундан қўрқиш керак.

– Тошкентгаям анча бўлгандир бормаганингизга?

– Йўғ-е, деярли ҳар куни боғланиб турибман. Чунки бизнинг штаб-квартирамиз Тошкентда-ку! Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеясини назарда тутяпман. Ўрганиб қолибман. Бишкекка учиб келган кунимнинг эртасиёқ Тошкентга оёқ тортаверади.

– Энди элчилик ўз йўлига. Бу, адабиёт нима бўлаяпти? Ёзаяпсизми?

– Кам. Жуда катта мавзулар пишиб юрибди. Вақт етмаяпти, вақт. Ўзи умримнинг ярми йўлларда ўтиб кетди. Ўтган йил ҳисобидан Мухтор Шаханов билан биргаликда тайёрланган “Чўққида қолган овчининг оҳу зори” деб номланган суҳбат-эссемизни чоп этдик. Тайёр асарлар бор, ҳозирча сир.

– Чингиз оға, яширмайин, Бишкекка келиб Қирғизистон матбуотини кузатиб ҳайрон қолдим. Нега десангиз, газеталарда бўлар-бўлмас гап-сўзлар, олди-қочди шов-шувлар кўп босиларкан. Ҳатто сиз ҳақингизда ҳам...

– Эшитиб қоламан. Аммо ўзим ўқиганим йўқ. Нима қиламан ёлғон нарсаларга вақт кетказиб. Майли, ёзаверишсин...

– Шундай дейсизу бир ўқувчи сифатида бу менга оғир ботди. Нима эмиш, Чингиз Айтматов ўз отасининг қатағон этилганлигидан фойдаланиб, машҳур ёзувчи бўлиб кетганмиш...

– Эҳ, нима дейсиз, унда бутун Қозоғис­тон ва Ўзбекистонда ҳам минг-минглаб ёзувчилар пайдо бўлар эди-ку! Менинг отам 34 ёшида қатағон бўлган. Онам раҳматликнинг тортган азобларини ёлғиз Аллоҳ билади. Ҳалиям унинг жони тошдан экан. Шунча йил кутган, чидаган, “Ўлимидан сўнг оқланди”, деган ёзувни ўқиб ҳам отамнинг дунёдан ўтганига ишонмаган. Нима, мен фожеадан қаҳрамон ясаб танилдимми? Баҳоли қудрат неки ёзган, қоралаган бўлсам эл-улус билади. Шундай деб аюҳаннос солаётганлар Шакар қишлоғимга бориб кўрсинлар...

– Узр, дардли хотираларингизни қўзғаб қўйдим...

– Йўқ, майли, ҳаммамиз аслида ана шу Хотира билан тирикмиз. Хотира ўлган куни биз ҳам ўламиз. Ана шундан Худойим асрасин.

– Яна бир оғриқли муаммо ҳақида сўрасам, Ғарб маънавий дунёсига муносабатингиз қандай?

– Гапларимни эшитиб тағин ўйламанг­лар, бу Айтматов Европада яшаб, ўзгариб кетибди-да, деб. Йўқ, мен ёлғиз ўзимман. Ғарб барибир ғарб. Ўзига хос маданияти бор. Ғаройиб табиатли одамларини айтмайсиз. Ҳамма нарса бор, одамнинг жонидан бошқа. Фақат битта бойлик йўқ – асл туркийча меҳр-оқибат ва салом-алик. Ана шулар замирида сизу бизнинг ўтмишимиз, эртамиз ётибди.

– Шарқнинг, тўғрироғи, Туркистоннинг бугунги маънавий ҳаёти қай аҳволда деб ўйлайсиз?

– Бозорнинг шафқатсиз қонунлари бизнинг руҳимизни ҳам истило қилиб бораяпти. Менинг катта хавотирим нимадан, биласизми? Миллий ўзлик ва миллий маданият мен ҳам номини тополмаётган “Бозор ҳаёт тарзи” деган хасталикка чалиниб бўлди. Бу жуда хавфли. Негаки, кўча-кўйга қаранг. Давлат телевидениеларимизни ҳатто ёлғиз, ўзимиз кўришга уяламиз, болаларни қўйиб тураверинг. Кинотеатрларимизни бўлса 16 ёшдан ўтганлар эмас, етмаганлар эгаллаб олди. Миллий адабиёт, санъат ҳақида ҳам минг марта қайғуриб гапирмайлик, ташқарида ўзгача ҳаёт. Кўчадаги китобни варақлаб бўлмайди. Газета-журналларни қўяверинг. Нуқул ваҳшийлик ва фаҳш, залолатга чорловлар. Энг даҳшатлиси, “видеобосқин” уй-жойимизни ҳам, юз-кўзимизни ҳам забт этди. Марказий Осиё мамлакатлари ўзларининг бой маънавиятини сақлаб қолиш учун бу борада тезроқ чора кўрмасалар, оқибати аянчли бўлади.

– Сиз билан дунёнинг ёшариш куни – муборак Наврўз арафасида кўришиб турибмиз. Бишкекда ҳаво совуқ экан. Тошкентга эса аллақачон баҳорнинг хуш нафаси кириб келди. Қутлуғ айёмни қаерда кутиб олмоқчисиз?

– Кўпдан бери орзу қиламан, ўз овулим – Шакаримда туғишганларим билан болалардай яйраб, қувнаб янги йилни кутиб олсам дейман. Насиб қилмаяпти, эртага яна Европага учиб кетаман...



Норқобил ЖАЛИЛ суҳбатлашди.

19 март, 1997 йил, “Халқ сўзи” газетаси.

ТОШКЕНТ-БИШКЕК-ТОШКЕНТ