Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЧОРВОҚда нима гап?

ЧОРВОҚда нима гап?

Дам олиш куни оиламиз билан соя-салқин бирор масканга бориб, ҳордиқ чиқариб келсакмикин деган фикр туғилди. Бу муаммо эмас. Пойтахтимиз атрофида Ғазалкент, Чорвоқ, Юсуфхона, Хумсон, Оқтош, Хўжакент каби кўпчиликнинг тилига тушган баҳаво, соя-салқин жойлар кўп. Хуллас, маслаҳатни бир жойга қўйиб, Чорвоқни танладик.

Эрта тонгда Тошкент вокзалидан Хўжакентга борадиган электричкага ўтирдик. Аммо унча кўп юрмасдан кайфиятимиз туша бошлади. Нега десангиз, поезд вагонлари алмисоқдан қолган, кондиционер тугул вентиляцияси ҳам йўқ эди. Дим ҳавонинг қариялар, болалар, чақалоқларга ёмон таъсир қилаётгани сезила бошлади.

Анча-мунча йўл азобини чекиб, Хўжакентга етиб келдик. Нархини келишиб, хусусий машинада Чорвоққача бордик. Ҳолбуки, мана шу йўналишга ҳам ҳамма учун қулай ва арзон жамоат транспорт хизматини йўлга қўйса бўлади-ку. Бундан ҳам одамларга, ҳам давлатга фойда.

Чорвоқда гўзал табиат манзаралари, тоғлар, шарқираб оқаётган зилол сувларни кўриб кўтарилган кайфият бу ердаги шарт-шароит билан таниша бошлагач, яна туша бошлади. Нафасимизни ростлаб олайлик, деб сўриларга яқинлашиб, капалагимиз учди. Битта ёғоч сўрини бир кунлик ижара баҳоси икки юз минг сўм. Шароит пулига яраша бўлса ачинмайсизку-я. Афсуски...

Чўмилиш ҳавзасига бориб яна бир нохуш манзаранинг гувоҳи бўлдик. Эркагу-аёл аралаш-қуралаш бўлиб, маза қилиб чўмилишаяпти. Хотин-қизлар учун бирор тўсиқ билан пана қилинган алоҳида пляж қуриш керак эканда, деган ўйга бордик. Чунки эркак-аёлларнинг бир жойда чўмилиши беозор айтганда, ноқулай. Уят!

Шу ўринда яна бир гапни айтиш керак. Бу йил ёз жуда иссиқ келди. Аммо Тошкенти азимдай катта бир шаҳарда чўмиладиган махсус жойларни деярли кўрмаймиз. Хусусий ва давлат бассейнлари эса бир-биридан қиммат, устига-устак ёз чилласида одамлар билан тирбанд.

Ваҳоланки, бундан 20-30 йиллар аввал  пойтахтимизга туташ Янгиобод даҳасида “Роҳат”, “Бахт” кўллари бор эди. Эндиликда бу кўлларнинг номи бору ўзи йўқ.  Миллий боғдаги кўл ҳам чўмилиш учун жуда қулай эди. Турли сув ҳавзаларида чўмилиш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантиришларнинг бўлгани яхши, аммо ёзнинг чилласида аҳоли қаерга борсин?..

 

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА,

 "Hurriyat" газетасидан олинди.