Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Cурхондарёлик деҳқонларнинг дардини ким эшитади?

Cурхондарёлик деҳқонларнинг дардини ким эшитади?

Муҳтарам ўқувчиларимизнинг хабари бор, газетамизнинг ўтган сонларида саримсоқ ва пиёздан мўл ҳосил олиб, бугун уни қаерга сотишни билмай, қийналиб қолган фермерлар ва уларнинг муаммолари ҳақида ёзган эдик. Мазкур мақола чоп этилгач, юртимизнинг турли ҳудудларидан кўплаб фермер ва тадбиркорлар қўнғироқ қилиб, худди шундай ҳолат уларда ҳам такрорланаётгани, фойда олиш ўрнига зарар кўришаётганини билдиришди.

Дарвоқе, айни кунларда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекис­тон Либерал-демократик партияси ишчи гуруҳлари республикамизнинг барча ҳудудларида ўз электоратининг муаммо ва қизиқиш­ларини ўрганиш учун халқ билан юзма-юз мулоқотга киришганларида сурхондарёлик деҳқонлар ҳам бундай ташвиш­ланарли масалага ечим топишолмаётганига гувоҳ бўлишди.

                                                   Меҳнатга яраша рағбат қани?

Партия вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи, мазкур ишчи гуруҳ аъзоси Алишер Рўзиевнинг айтишича, ўтган йили воҳалик кўплаб томорқа ер эгалари ёппасига – вилоят бўйича 7 минг 815 гектар майдонга пиёз экишган.

Бу ғайрату шижоат ўз-ўзидан келган эмасди, албатта. Давлатимиз томонидан фермер ва томорқа хўжаликларига яратилаётган қулайлик, қолаверса, Президентимизнинг 2017 йил 21 августдаги “2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори уларнинг кучига куч, шижоатига шижоат қўшганди. Сабаби, мазкур муҳим ҳужжат билан заҳматкаш бободеҳқонларимиз хурсанд бўладиган бир қанча чора-тадбирлар дастури белгиланди:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва уларнинг туманлари кесимида 2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини турлари бўйича жойлаштиришнинг прогноз кўрсаткичлари, барча тоифадаги хўжаликларда етиштириладиган сабзавот маҳсулотларининг прогноз кўрсаткичлари, шунингдек, сабзавот экинларини экиш учун талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳажмлари ҳисоб-китоби тасдиқланди;

2017 йил 25 августгача фермер ва деҳқон хўжаликларига дориланган ва сертификатланган уруғликлар 50 фоиз ҳақини олдиндан тўлаш шарти билан етказиб берилиши;

10 сентябргача эса Тошкент шаҳар ярмаркалари, тайёрлов ва экспорт қилувчи ташкилотлар томонидан фермер хўжалик­ларига тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ шартнома қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда аванс маб­лағларининг ўтказиб берилиши;

 экинларни экиш ва уларни парваришлаш учун ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари респуб­ликада шаклланган нархларга 10 фоизгача устама қўйилиши орқали таъминлаб берилиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Қолаверса, эрта баҳорда етиштирилган маҳсулотлар 2018 йилнинг март ойи­дан бошлаб ички бозорлар ва Тошкент шаҳар ярмаркаларига етказиб бериладиган бўлди.

Фермер ва деҳқон хўжаликлари билан улгуржи харидорлар, шу жумладан тайёрлов, қайта ишлаш ва экспорт қилувчи ташкилотлар, агрофирмалар, савдо-харид корхоналари ўртасида тузилган шартномаларни бажаришда қонунчиликка риоя қилиниши юзасидан тизимли назорат олиб бориш Адлия вазирлиги зиммасига юклатилди.

Энди ўйлаб кўринг, деҳқоннинг истаклари Президент қарорида акс этиб, унинг ижроси учун соҳага тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг рўйхати аниқ-тиниқ белгилаб қўйилади-ю, ундан руҳланмай, белни маҳкам бойлаб ишламай бўладими? Йўқ, албатта. Тўғри, номи келтирилган маҳсулотларни экиш ва етиштириш жиддийгина меҳнат талаб қилади, сўнг ҳосил чўғи мўл бўлиб, қўлга маблағ текканда барча машаққат унутилади.

Хуллас, имкониятлардан руҳланган воҳа миришкорлари не-не ниятлар билан ерга уруғ қадашди. Ер ҳам меҳнатга яраша рағбатини берди: 185 минг тонна пиёз (вилоят бўйича) ҳосили кўтарилди.

Аммо... ҳамма гап ана шунда-да!

Бўлмаса эшитинг.

                                                                           Қўйларга ем бўлди

– 25 сотих ерда пиёз эккан эдим, – дей­ди Жарқўрғон тумани Мустақиллик маҳалласида истиқомат қилувчи деҳқон Абдулла Мансуров. – Чунки мутасаддилар бизга тўқсонбости экин сифатида пиёз экишга маслаҳат беришганди. “Сотишни ўйламанглар, юқори баҳоларда олиб кетишади”, дейишган эди. Яхши умидлар билан харажат қилдим, ўғит олдим, ишчиларни ёллаб ишлатдим-у, харажатини қоплай олганим йўқ. Чунки 15 тоннадан ортиқ пиёзнинг бир килосини ҳам сотолмадим. Маҳсулотимга ҳатто 200 сўмдан ҳам харидор йўқ. Биласиз, пиёз ўзи аччиғ-у, таомни ширин қилади, иссиқда чидамсиз, бўшашиб, тез чирийди. Шундай бўлганидан кейин шунча ҳосилни қўйларга емиш сифатида беришга мажбур бўлдим. Қўшним бир “Камаз” пиёзини текин бериб юборди...

Шу туманнинг Олтинтепа маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳасан Холбоев томорқасида ўн тоннадан ортиқ пиёз етиштирганини гапирди. “Маҳсулотни Жарқўрғоннинг станциясига олиб чиқинглар, ўша ернинг ўзида вагонга ортиб, пулини тўлашади”, дейишган эди. Ўнлаб деҳқонлар уларнинг айтганини қилдик, кун ботгунча кутдик ҳамки, ҳеч ким пиёзни вагонга ортмади. Тарвузимиз қўлтиғимиздан тушиб қайтиб келдик. Кейин Музробот станциясига чиқиш керак, дейишди. Яна транспортга харажат қилиб, шу ёққа бордик. Яна ўша кунги аҳвол. Мана энди, шунча маҳсулот ўз вақтида сотилмагани учун ириб-чириб, бутун атрофни ҳиди тутиб ётибди, қандай қутулишни билмаяпман.

Адолат учун айтиб ўтиш керак, айримлар маҳсулотини оз бўлса-да сота олганидан хурсанд. Ваҳоланки, улар пиёзнинг килосини 100-150 сўмдан, ҳа-ҳа, айнан шу нархга сотишди!

Бундай аянчли аҳвол вилоятнинг барча туманларида кўзга ташланади: Деновда 15 минг тоннадан кўп, Қизириқда 7 минг тоннага яқин, Шерободда 8 700 тонна, Жарқўрғонда қарийб 8 минг тонна, Шўрчида
7 800 тонна пиёз харидорини кутиб ётибди.
Бошқа туманларда ҳам аҳвол бундан яхши эмас.

Олтинсойлик деҳқон Рустам Абдураҳмонов гапларига қулоқ тутинг: “20 сотихли шахсий томорқамга оилавий даромадни кўпайтириш учун 10 миллион сўмга харажат қилиб пиёз эккандим, мана, бугунги кунда тонналаб маҳсулот сотилмай, чириб ётибди”.

Халқни пиёз экишга ундаган, маҳсулотингизни “Биз оламиз”, дея кўк­рак керган, тарғибот-ташвиқот қилган ҳайбаракаллачи, экспортга масъул мутасаддиларни хирмон кўтарилганда топиб бўлмай қолди. Қизиқ ҳолат, таннархи 590 сўм бўлган
1 килограмм пиёзни халқни бой қилишни хоҳлаган “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти вакиллари воҳада аввалига деҳқон ва фермер хўжаликлардан 1 200 сўмдан харид қилишди.
Аксарият деҳқонлар ўзлари етиштирган маҳсулотни сотувга тайёр ҳолатга келтирган бир пайтда эса тегиш­ли харидорнинг инжиқлиги ва турфа баҳонаси оламни бузди...

                                                                   “Оёқ кийимимнинг таги пиёз пўчоғи бўлди”

– Яхши ниятлар билан пиёз эккандим. Кутилганидан-да зиёда ҳосил берди – 60 тонна! Ҳар йили ўзимиз харидор излаб, маҳсулотларимизни сотардик. Бу йил эса “Ўзагроэкспорт” томонидан маҳсулотларимиз олиниши ҳақидаги яхши хабарни эшитиб, харидор ҳам изламагандим. Аммо улар 60 тонна маҳсулотимнинг 60 килограммини ҳам олишмади, – дейди Шўрчи тумани “Бобур” маҳалласида яшовчи Холбой Қурбонов куюнчаклик билан.

Фермер етиштирган ҳосилини ваъдабозларга топшириш учун қатнайвериб, оёқ кийимининг таги едирилиб, пиёз пўчоғи бўлди. Аввалида “Ўзингизнинг секторингизга навбат келса ортамиз”, дейишди. Кейинги сафар “Ҳозир кам таъминланганларнинг ҳосилини оляпмиз”, деган жавобни эшитди. Учинчисида эса “Экспорт тугади”, дея қисқа ва лўнда гапни айтишди-қўйишди. Фермер маҳсулотини чўнтагидан пул сарфлаб техникага ортиб борди, маҳсулотни бир неча кунга сақлаш учун тўлов қилди ва яна олиб борганини олиб қайтди. Агрофирмага ишониб қолганига, арзон сўраган харидорларга бериб юбормаганига афсусланди.

Исроф бўлган пиёз ҳатто чорва молларига ҳам емиш бўлмади. “Мантиқни қаранг, олти килограмм пиёзнинг нархига бир килограмм сомон бераяпти. Бу нима деган гап?” дейди у зориллаб.

Шўрчининг Шалдироқ маҳалласида яшовчи Алимардон Болтаевнинг доди осмонни тутади: “25 тонна ҳосилнинг килограммига 800 сўмдан тўлашни ваъда қилган “Ўзагроэкспорт” ходимлари атиги... 2 тоннасини олишди-ю... “Бу ёғини биз ололмаймиз, вагон йўқ”, деб жўнаб қолишди. Афсус, бунга 35 миллион сармоя тиккан эдик”.

 Деновликлар ҳам бу йил оз эмас, кўп эмас, нақ 62 минг 100 тонна пиёз етиштиришди.

Пиёзнинг бозоримиздаги нархи ўша пайт 300 сўм эди, уни 800-1000 сўмдан олишга ваъда берганлар сўзларининг устидан чиқмади. Бу маҳсулотни етиштириш асосан қўл кучига асосланади. Масалан, ёлланма ишчига бир кунлик меҳнати учун 40 минг сўм тўлаймиз. Шу пулга бозорда 1 центнердан ортиқ пиёз беради, – дей­ди шу ерлик миришкор Шуҳрат Алмосов.

Сотиб олувчилар таклиф этаётган нарх уни ковлаб олиш харажатларини қоплашга ҳам етмаяпти. Шу боис кўпгина пиёз далалари қаровсиз қолиб кетди, айрим майдонлар кейинги экин учун шудгорлаб юборилди...

Азиз ўқувчи, хулоса қилишни ўзингизга қолдирган ҳолда бир гапни айтмасак бўлмас, бу муаммо ҳануз ўз ечимини кутмоқда. Пиёз етиштирган деҳқоннинг кўзи йўлда – харидорда!

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

“XXI asr” мухбири