Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ДАФТАРДАГИ “БЕОЗОР” БЕЗАКЛАР

ДАФТАРДАГИ “БЕОЗОР” БЕЗАКЛАР
Фарзандининг мактабга чиқа бошлаганидан қувонмаган, унга илк бор дафтар, ручка, қаламларни завқ билан сотиб олмаган ота-она бўлмаса керак. Бироқ ана шу ўқув қуролларига берилган безаклар ҳам тарбияда муҳим роль ўйнашини кимдир билади, кимдир бунга эътибор қилмайди. Тараққиёт илдамлагани сари доимий фойдаланишда бўлган нарса-буюмларимиз ҳам, жиҳозлар ҳам, ҳатто ўқув қуроллари ҳам замонга мослашиб бориши табиий. Бироқ бу миллий менталитетимизга, фарзандларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмаслиги керак.
...Кечки овқатдан сўнг доимгидек қизимнинг дарсларини назорат қилмоқчи бўлдим. У бугун ўзи сотиб олган кундалигини кўрсатганида, муқовасидаги суратни кўриб жаҳлим чиқди. Хорижий мультфильмнинг алламбало қаҳрамонлари, эгнига яримта-юримта мато илган “учар қизлар”нинг расми кимларгадир ёқар, эҳтимол. Аммо биз катталар обдон ўйлаб кўрсак, бу “беозор безаклар” мурғакларимиз онгу шуурига нималарнинг уруғини қадаётгани ва улар эртага қандай заҳарли мевалар тугиши мумкинлигини англаб олишимиз қийин эмас. Шу воқеа баҳонаи сабаб атайин мактаб қошидаги дўконга кирдим. Табиийки, эътирозим сотувчига ёқинқирамади. “Нима бўлибди? Ахир, бу мультфильм қаҳрамонлари-ку! Ота-оналарнинг ўзлари шундай дафтарларни хоҳлашяпти. Биз эҳтиёжга қараб товар олиб келамиз-да!” деган иддаоларига қарши чиқишга мажбур бўлдим. Сотувчига миллий руҳиятимизга тўғри келмайдиган нарсаларни тарғиб қилиш яхшиликка олиб бормаслигини айтдим, болаларимиз билиб-билмай ана шу “қаҳрамон”ларга ўхшашга интилмаслигига ва ҳатто ўзини тутишда, феъл-атворда, кийинишда уларга тақлид қилмаслигига ҳеч ким кафолат бермаслигини тушунтиришга уриндим. Бундай муқовали дафтарларни имкон борича олиб келмаслигини илтимос қилдим...
 
Атрофдагилар нима дейди?
 
Нигорахон Низомова,
Андижон шаҳридаги 4-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси:
– Ўқувчиларнинг тарбиясига салбий таъсир қиладиган, муқоваларида хаёлни бузадиган суратлар акс этган дафтарлар тутишларига йўл қўймайман. Бола дафтарини очганда ҳам, ёпганда ҳам ўша расмлар, шубҳасиз, уни дарсдан чалғитади. Ота-оналар мажлисларида ҳам бу ҳақда алоҳида таъкидлайман. Турли гуллар ёки шаҳарлар расмлари бўлса, майли, бу бола эстетикасининг шаклланишига хизмат қилади. Шу ўринда бир воқеани айтиб ўтсам. Бир ўқувчим машҳур хориж хонандасининг суратлари туширилган муқовали дафтарларнигина тутишига эътибор бермаган эканман. Кейинроқ унинг кийи­нишида ҳам, ҳатто соч турмагида ҳам ўша хонандага тақлид сезила бошлади. Буни вақтида пайқаганим – ютуғим бўлди, десам янглишмайман. Уни дарсдан сўнг олиб қолиб, алоҳида суҳбатлашдим. Хориж хонандасининг ашулалари балки яхшидир, аммо унинг кийиниши, ўзини тутиши, аллақандай соч турмаги бизнинг ўзбекона урф-одатларимизга мутлақо зид эканини тушунтирдим. Ўқувчим бир сўз демади, бироқ унинг ўзгарганини оддий муқовали дафтарлар тута бошлаганидан сездим...
 
Муяссархон Умурзоқова,
O‘zLiDeP Андижон вилоят Кенгашининг мафкуравий тарғибот-ташвиқот ишлари бўлими мудири:
– Бола табиатан тақлидга ўч бўлади. Шу боис ота-оналар, ўқитувчилар назоратни бўшаштирмасликлари керак. Тарбияда биз учун арзимас туюлган нарсалар ҳам катта роль ўйнаши мумкин. Чунончи, бугун мулоҳазага сабаб бўлаётган дафтар муқовалари ҳам. Безаклар қанчалик эътибор тортар бўлса, боланинг фикрини чалғиш даражаси шунчалик юқори бўлади. Айтайлик, ўқувчи дарсда ўтириб, ўзи сезмаган ҳолда муқовадаги суратга ўхшаш учун нималар қилиши лозимлиги, қандай қилса унга кўпроқ ўхшаши ҳақидаги хаёлларга берилиб кетаверади. Ёки мульт­фильмдаги воқеалар ёдига тушади, киноқаҳрамонлар бўлса, улар ижросидаги фильмлар ҳақида ўй суришни бошлайди.
 
Муштарий Каттабоева,
уй бекаси:
– Икки қизим мактабда ўқийди. Улар учун ўқув қуролларини ўзим харид қиламан. Негаки, болаларга қўйиб берсангиз, ўзларига ёққан қанақадир расмлари бор дафтарларни сотиб олишади. Фарзандларимнинг миллийлигимизга зид, беҳаё саҳналари бор мультфильмларни, фильмларни томоша қилишларига умуман йўл қўймайман. Лекин болаларни зарарли таъсирлардан бутунлай иҳоталаб бўлмайди. Бугун ўша мультқаҳрамонлар дафтарлар юзида, бошқа ўқув қуроллари безагида ҳам акс этаётир. Салбий ҳолатни бартараф этиш учун ўқитувчилар, ота-оналар ва бошқа мутасаддилар ҳамкорликда ишлашлари керак, деб ўйлайман.
 
Тадбиркорнинг хаёли қаерда?

Яна бир ҳолатга эътиборингизни қаратмоқчиман. 12 варақли дафтар харид қилаётиб бир хатоликка кўзим тушди. Муқовада ўзбек мутафаккирининг сурати, бироқ исм-шарифи ҳам, туғилган ва вафот этган йили ҳам нотўғри кўрсатилган! Пул топишнинг йўлини билган тадбиркорларимиз буюк бобокалонларимизни танимаслик, улуғ аждодларга беҳурматликни қайси баҳона ортига бекиниб оқлашар экан?! Бир куни фарзандлари “Дадажон, қаранг, Берунийнинг исмини ёзиб, Ибн Синонинг суратини қўйиб, Навоийнинг туғилган ва вафот этган йилини кўрсатишибди!” дея эрмакнамо гапирса, кўзларини қаерга олиб қочар эканлар?! Ўз аждодини яхши билмаган инсон, албатта, “чет”дан нажот излайди-да!
Кўпчилик ўқувчилар дафтарни сифатига эмас, суратига қараб танлайди. Таассуфки, бугун бундай бемаъни суратлар, хатоликлар фақатгина муқоваларда эмас, балки бошқа ўқув қуроллари (ўчирғич, ручка, пеналь..)да ҳам учрамоқда. Майли, айрим ота-оналар фарзандининг кўнгил майлига қарашар, бироқ ўқитувчилар қаерга қараяптилар? Сизу бизнинг бундай нохуш ҳолатларга кўз юмаверишимиз ўғил-қизларимизнинг бир умр кўзи очилмай ўтишига сабаб бўлмайдими?!
 
Зилола РАҲМОНОВА,
“XXI asr” мухбири