Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ДАЛА, МАШИНА ВА МЕХАНИЗАТОР Энди ана шу уч омил пахта йиғим-терими самарадорлигини белгилайди

ДАЛА, МАШИНА ВА МЕХАНИЗАТОР Энди ана шу уч омил пахта йиғим-терими самарадорлигини белгилайди
Даладаги пахтани қўлда териб олиш ўта машаққатли юмуш эмас. Лекин уни енгил иш деб ҳам бўлмайди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига қараганда, ишчи 70 килограмм  хомашёни йиғиш учун 14 минг кўсакка қўл чўзади, энгашади (1 та очилган кўсакдаги “оқ олтин” вазни ўртача 5 граммга тенг). Теримчи пахтага тўлган этагини 7-8 марта бўшатиб, қайтадан белига боғлайди. Кейин тўплаган ҳамма пахтасини кўтариб, эгатлар оралаб дала чеккасидаги тарозига боради. Бу ишлар хилма-хил вазиятларда – иссиқ ёки салқинда, намгарчилик ёки чанг-тўзон қўпганда, озиқ-овқат ёхуд сув танқислиги шароитида бажарилиши мумкинлигини ҳам назардан қочирмаслик лозим. Шундай пайтда теримчилар, ҳашарчилар хаёлидан: “Қанийди, пахтанинг ҳаммасини машиналар йиғиб-териб олса”, деган умидли ўйлар ўтгани, ўтаётгани ҳам рост.
Ниҳоят, ана шундай орзулар энди ҳақиқатга айланяпти. Давлатимиз пахта ҳосилини йиғишни механизациялаштириш сиёсатини амалга оширишга аллақачон киришган. 2020 йилга бориб пахта ҳосилининг 70 фоизи махсус машиналар кўмагида йиғиштириб олиниши режалаштирилган. Айни кунларда ишчи кучи кам ҳудудларда ўзимизда ишлаб чиқарилган 1500 га яқин терим машинаси ишлатиляпти. Ҳисоб-китобларга қараганда, мамлакатимизнинг бу борадаги эҳтиёжини тўла қоплаш учун яна 8 мингдан зиёд машина керак бўлар экан. Саноатимиз йилига ўртача 1200 та пахта териш машинаси ишлаб чиқариш салоҳиятига эга. Хўш, шундай экан, пахтазорларимизни ана шундай беминнат техникаларга тўлдириб ташлашга нималар халал бераяпти?
Тегишли ташкилотлар мутахассислари билан суҳбатимиздан аён бўлдики, пахта теримини механизациялаштириш ҳамиша ва ҳамма мамлакатларда кўп йиллик жараён бўлган. Жумладан, Бразилия, Аргентина, Туркия, Мексика, Греция 15-20 йилда бундай қийин йўлни босиб ўтган. Ҳозир жаҳондаги жамики пахтанинг учдан бир қисми машиналарда терилиши ҳам бу борадаги изланишлар давом этаётганидан дарак беради.
Талабга жавоб берадиган машиналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, гарчанд бу хийла мураккаб бўлса-да, мазкур йўналишдаги кўламдор ишларнинг дебочаси, холос. Махсус техникага малакали, уқувли механиклар, ҳайдовчилар керак. Фермерлар машиналардан фойдаланиш билан боғлиқ техникавий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа билимларни пухта ўзлаштиришлари талаб этилади. Аммо бу билан ҳам иш битмайди. Даланинг текислиги, эгатлар оралиғи машинабоп бўлиши зарур. Ғўза қаторлари қийшайган майдонларда ҳам техникани ишлатишнинг иложи йўқ. Қолаверса, машинабоп навларсиз деҳқон орзуси рўёбга чиқмайди. Хусусан, бундай пахта навида кўсаклар шохчаларда эмас, пояда ердан камида 15 см. баландликда жойлашиши, йўқ деганда 80 фоизи бирваракай очилиши лозим.
Селекционерлар мавжуд навларни оптималлаштириш учун бир неча йил муддат кераклигини билдиришяпти. Яна бир томони, пахтани машинада териб олиш учун ғўза баргини тўкадиган дефолиантлар кенг қўлланилиши тақозо этилади.
Механизациялаштиришнинг чўзилиб кетишининг бошқа сабаблари ҳам бор. Биламизки, бутун дунёда ўзбек пахтаси жуда қадрланади. Бундан ҳар қанча  фахрлансак арзийди. Айримлар ушбу ҳолатни пахтанинг айнан қўлда терилиши билан изоҳлайди. Бир қарашда шу гапда жон борга ўхшайди. Жумладан, қўл меҳнати билан йиғилган ҳосил хас-чўплардан холи, яъни сифати юқори бўлиши, теримга киришиш учун кўсаклар ёппасига очилиши ҳамда баргларни тўкиш шарт эмаслиги афзалликлар қаторида тилга олинади.  Шу ўринда ўтган асрнинг 70-йилларида ишлатилган “дала кемалари”дан қолган нохуш хотиралар таъсири ҳамон сезилишини таъкидлаш керак. Ҳақиқатан ҳам, ўша пайтлари махсус машиналар, муҳандислар таъбири билан айтганда, “анча хом” бўлган. Бироқ бугунга келиб бундай қарашлар, ёндашувлар эскириб қолди. Ватанимизда ишлаб чиқарилаётган пахта териш машинаси – “MX-1.8”ни лоақал ярим кун ишлатиб кўрган фермер борки, машина теримига қизиқиб қоляпти, механизациялаштиришнинг содиқ ва собит тарафдорига айланяпти. Бунинг боиси нимада? Гап шундаки, битта машина қарийб 150 теримчининг ўрнини босади. Шунча одам бир кунда бажарган ишни машина бир соатда уддалайди. Бундан ташқари, фикримизга қўшиларсиз: 150 кишининг ташвиши билан бир машина ва унинг бир оператори ташвиши орасида ер билан осмонча тафовут бор. Машиналар теримни икки ойда эмас, саноқли кунларда якунлаш имконини беради. Демак, ёғин-сочинлар туфайли пахта сифатига зиён етмайди. Кузги шудгорлаш эса мақбул муддатларда, пухта бажарилади. Ғалла ва оралиқ экинларни эрта экиб, кўкартириб олишга эришилади.
– Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган терим машинасининг конструкцияси содда, бошқариш ўнғай, ишга тушириш учун кўп вақт талаб қилинмайди, эҳтиёт қисмлари эса арзон, – дей­ди Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги “Яхши Хушнудбек даласи” фермер хўжалиги бошлиғи Яхшибой Норқизилов. – Муқояса қиладиган бўлсак, “Case” русумли терим машинасининг, гарчи жуда жиддий бўлмаса-да, пахтани тўкиши, толани хас-чўп­лар, чанг-ғуборлар билан ифлослантириши, чигитни шикастлаши каби камчиликлари бор. Устига-устак, унинг эксплуатацияси мураккаб. “MX-1.8” ана шундай нуқсонлардан холи. Эътиборлиси, терим тугагач, тракторни бункердан ажратиб, агротехник тадбирларни амалга оширишда фойдаланиш мумкин.   “Case”да бундай қулайлик йўқ – йилнинг ўн ойида деярли бўш туради. Хуллас, машина терими хўжалигимизнинг миллион-миллион сўмини тежаяпти. Чўтга ташлаб кўрсак, механизация қўл меҳнатига қараганда деярли икки баробарга арзон тушар экан.  Икки йилдан бери теримда техникадан фойдаланиб даромадимиз ошяпти. Ўтган йили пахта фойдаси ҳисобидан “ТТЗ-80” тракторини сотиб олдик...
Дарҳақиқат, “Қишлоқ хўжалиги машиналарининг конструкторлик-технологик маркази” МЧЖ бош директори ўринбосари Исроил Усмонов таъкидлаганидек, “MX-1.8” ўзининг “аждод”лари ва баъзи ажнабий “ҳамкасб”ларидан анча мукаммал. Қишлоқ мулкдорининг гапларига шуни қўшимча қилиш керакки, машинанинг барча деталлари сифатли, пишиқ. Терим мавсумини таъмирсиз ўтказади. Механизатор кабинасида совутгич, магнитола бор. Руль ва ричаглари бамисоли енгил машинаникидек. Силтаниш, титраш, чайқалишларни ўтирғичдаги қурилмалар ўзига ютади. Кабинага заррача чанг кирмайди. Муҳими, машина талаб ва таклифлар инобатга олинган ҳолда янада такомиллаштириляпти.
Таъриф-тавсифлар ўрнига бир далил келтирсак: туркманистонликлар АҚШ, Туркия, Исроилда ишлаб чиқарилган машиналарни синовдан ўтказган бўлишса-да, лекин бизнинг техникадан фойдаланишни маъқул кўришди. Шу кунгача қўшни давлатга 300 та “MX-1.8” экспорт қилинди. Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа бир неча давлат ҳам терим машиналаримизга қизиқиш билдиряпти.
Мамлакатимиз кўплаб соҳаларда мислсиз муваффақиятларга эришмоқда. Халқимиз серғайрат, истеъдодли ва ишбилармон. Бинобарин, яқин истиқболда Ватанимиз пахта терими механизациялаштирилиши бўйича ҳам энг пешқадам давлатлар сафидан ўрин олишига ишончимиз комил.
 
Беҳзод ИСРОИЛОВ,
“XXIasr” мухбири