Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ДАЛАДА БАРАКА БЎЛСА, ХИРМОН ТЎЛАДИ

ДАЛАДА БАРАКА БЎЛСА, ХИРМОН ТЎЛАДИ
Ғўза қатор ораларига ишлов бериш, озиқлантириш, суғориш ўз вақтида ўтказилиб, зараркунандаларга қарши кураш ишлари тизимли амалга оширилсагина мўл ҳосил кўтариш мумкин. Бу деҳқондан туну кун далада бўлишни, ғўза парваришини ниҳоятда зийраклик, қолаверса, меҳр билан ташкил этишни талаб этади.
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг нав­батдаги йиғилишида вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи Ҳабиб Азизовнинг “Вилоятда жорий йил пахта ҳосилдорлигини етиштириш ҳамда пахта йиғим-теримига тайёргарликнинг бориши тўғрисида”ги ҳисоботи эшитилди.
– Қашқадарёда миришкор бободеҳқонларимиз томонидан илғор пахтачилик мактаби яратилган, – дейди Ҳ. Азизов. – Жорий йил ҳосили учун 153 минг 500 гектар майдонда ғўза ниҳоллари парвариш қилинаётир. Ҳар йили воҳада пахта етиштириладиган майдонлар 4 минг гектарга камайтирилиб, сабзавот ва полиз экинлари экилмоқда. Аҳолини иш билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида йирик фермер хўжаликларининг ерлари оптималлаштирилиши натижасида 762 та янги фермер хўжаликлари ташкил этилди. Эндиликда 7 762 та фермер хўжалигида дала ишлари юксак уюшқоқлик билан олиб борилаётир. Нав танлашда юксак илмий салоҳиятли олимларимиз ҳамда тажрибали деҳқонларимизнинг маслаҳатига таянган ҳолда иш олиб бораётганлигимиз яхши самара беряпти.  Бу йилги пахта ҳосили учун Бухоро-12, Наманган - 77, Бухоро - 6, Бухоро - 8 ва “Порлоқ” навлари экилган. Ҳар йили эртапишар ва серҳосил янги турларни синаб кўрапмиз. Айниқса, “ЎзПИТИ”, “Ўнқўрғон” серҳосиллиги, толаси пишиқлиги билан харидоргир экан. 
Таъкидландики, вилоятда қишлоқ хўжалик экинларни суғоришда оқава сув танқислиги сезилмоқда. 1 097 та насос, 400 дан ортиқ артезиан қудуқлари бор. Кўпчилик фермерлар даласини суғоришда катта маблағ сарфлайдилар, аммо шартнома тузилаётганда бу инобатга олинмайди. Натижада фермернинг оладиган даромади қиладиган харажатидан ортмаяпти.  
– Фермер хўжалигимизда 57 гектар ер мавжуд бўлиб, пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган, – дейди Қамаши туманидаги “Бексифатмулкинвест” фермер хўжалиги раиси Нилуфар Санаева. – Ерларимизнинг бир қисмини “Қўнғирнасос” орқали зовур сувларидан, қолганини эса электр насослари ёрдамида суғорамиз. Бешжомбўз қишлоғида яшовчи 15 нафар ёшларни иш билан таъминлаганмиз. Экин суғоришга келганда электр насосимиз бузилиб қолади ёки электр токдан узилиш бўлади. Натижада ҳосилдорлик камайиб кетмоқда. Маблағ сарфлаб, насос ёрдамида даласини суғораётган фермерларга имтиёзлар берилиши керак. Давлат шартномаси тузаётганимизда оқар сув билан суғораётган фермерлар билан бир хил талаб қўйилади. Биз сарфлаётган маблағ эътиборга олинмайди. Бу адолатдан эмас.
Ғўза  зараркунандалари тарқалишининг олдини олиш, уларга қарши ўз вақтида ҳамда самарали кураш тадбирларини амалга ошириш бўйича тажрибали энтимолог олимлар томонидан ҳар кунлик назорат-мониторинг олиб борилаётир. Кўсак қурти ва тунлам капалакларининг учиш муддатларини аниқлаш ва қарши кураш мақсадида феромон тутқичлар ўрнатилди. Вилоятдаги мавжуд биолабораториялар биомаҳсулотлари қишлоқ хўжалик экинлари зараркунандаларига қарши биологик кураш ҳамда профилактика мақсадида дала четлари ва ғўза майдонларига чиқарилган. 
Бугун вилоят пахтакорлари тунни тонгга улаб, август – ҳосилга-ҳосил қўшиш ойида тинмай меҳнат қилишяпти. Тажрибали деҳқонларнинг таъкидлашича, оби-тобида суғорилган ғўза гул ташламайди, ҳосил салмоғи сақланиб қолади. Ҳозирги кунда ғўза қатор ораларига ишлов бериш, озиқлантириш ва суғориш ишлари юксак агротехника талаблари асосида олиб борилмоқда.  Далаларга минерал ўғит, ёқилғи ўз вақтида етказиб бериляпти. Ишловчилар учун барча шароит муҳайё этилган.
Айтишларича, август ойида лоқайд­ликка йўл қўйган деҳқоннинг хирмонида барака бўлмайди. Бу ойда ғўза қатор ораларига одам ва техника оралаб туриши керак, деб кўп бор таъкидлашади тажрибали деҳқонлар. Ўз вақтида ишлов берилиши ғўзалар орасидаги ҳаво алмашинувини яхшилайди, кўсакларга иссиқ ҳаво тегиб тез етилади, сифати ҳам меъёрда бўлади. Ишлов жараёнида культиваторнинг ишчи органлари ғўза гуллари, шох ва элементларига зиён етказмаслиги, кўсакларни тўкмаслиги учун ўралган бўлиши керак. Иккинчи муҳим жараён – чилпишдир. Бу иш ўз вақтида сифатли бажарилса, ғўза ҳосил элементлари ривожланиши жадаллашади, кўсакларнинг пишиши 5-10 кунга тезлашиб, ҳосилдорлик 6-8 центнерга ошади. Ғўза маромида чилпинганда кўсаклар пайдо бўлиши ва етилиши тезлашади, эртачи, мўл ва сифатли ҳосил етиштириш имконини беради, ўтказиладиган дефолиация самарадорлигини оширади. Чунки бу даврда далада 4-5 хил бегона ўт ҳам ғўзадан тезроқ ривожланади. Уларни зудлик билан тозалаш зарур. Чунки бегона ўт ғўза ривожини сусайтиради, ҳашаротни кучайтиради, кўсак етишиши кечикади. Шу билан бирга йиғим-терим даврида ҳам катта қийинчилик туғдиради.
Дарҳақиқат, бу йил мўл пахта ҳосилини етиштириш мақсадида вилоят пахтакорлари томонидан агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилаётганлиги боис авжи баланд ғўзалар кун сайин, соат сайин “ишлаб”, шоналар гулларга, гуллар кўсакларга айланиб, Қашқадарёнинг улкан пахта хирмонига мустаҳкам замин яратилаётир. Воҳа пахтакорлари давлатга шартнома асосида 401 минг 400 тонна пахта етказиб беришни режалаштиришган.  Далаларда ҳосил чўғи баланд.
Тадбирда воҳада етиштирилаётган пахта ҳосилини қайта ишлаш борасида қилинаётган ишлар ҳақида ҳам сўз борди.
– Тажрибадан маълумки, пахта хомашё сифатида эмас, балки тайёр маҳсулотга айлантириб сотилса, деҳқон беш баравар фойда кўриши мумкин, –  деди O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси, депутатлик гуруҳи раҳбари Лутфулла Ёзиев. – Шу боис бугунги кунда жаҳон талабларига жавоб берадиган пахта толасини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича ташкил этилган замонавий комплексни ҳам жадал суръатлар билан ривожлантиришимиз талаб этиляпти. Соҳадаги барча бўғинларнинг тизимли равишда модернизация қилиниши, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозланаётганлиги, тегишли инфратузилманинг жадал ривожланаётганлиги, замонавий бозор механизмларининг кенг жорий этилаётганлиги боис самарадорлик ортмоқда. Воҳамизда пахта толасини қайта ишлайдиган янги-янги саноат комплексларини ишга туширилаётганлиги нафақат иқтисодиётимизни юксалтириш, балки аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этаётир.
Тадбирда депутатлардан Абдусалим Мўминов, Алишер Бойқараев, Насиба Нурова ва бошқалар сўзга чиқиб, вилоятда пахтачиликни ривожлантириш истиқболлари, фермер хўжаликларини ривожлантириш, такрорий экинларни суғориш учун сув лимитини кўпайтириш, пахта йиғим-терими иштирокчиларига зарур шароитларни яратиш, ўқитувчилар ва шифокорларни йиғим-теримга жалб этиш муаммоси, терим ҳақини икки бараварга кўпайтириш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Анжуман якунида пахтачиликни  ривожлантириш деҳқончиликнинг замонавий усулларидан самарали фойдаланиш, етиштирилган пахта ҳосилини тўлиғича қайта ишлаш, фермер хўжаликларининг иқтисодини юксалтириш борасидаги таклифлар инобатга олинган ҳолда тегишли қарорлар қабул қилинди. 
Сайфулла ИКРОМОВ,
 “ХХI asr” мухбири