Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“DAMAS”: СЕКИНРОҚ ЮР, ЯРАМАС!”

“DAMAS”: СЕКИНРОҚ ЮР, ЯРАМАС!”
Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, биз томонларда ана шундай хиргойи тарқалганига кўп бўлди. Нега дейсизми?
Техника асрининг кароматини қаранг: Шаҳар-қишлоқларимизнинг катта-кичик йўлларини тўлдириб юрган турфа хил, турфа рангдаги енгил машиналар оқимини кўриб, ақлинг шошади. Деярли ҳаммаси ўзимизда ишлаб чиқарилган замонавий машиналар – “Матиз”, “Нексия”, “Дамас”, “Ласетти”, “Спарк”, “Малибу”, “Каптива”... Бир-биридан чиройли, киройи машиналар. Бу, албатта, турмушимиз фаровонлигидан далолат.
 
Айниқса, “Дамас” ни айтинг! Кўпчиликка жуда маъқул, кирчимол машина чиқди-да. Битта оила ёки митти бир ташкилот йиғилиб, исталган жойга – тўй-тўйчиққа дейсизми ё сайру саёҳатгами, бемалол кетаверади. Ўзингиз-ку ўзингиз, ҳатто анча-мунча юкингиз ҳам ерда қолмайди. Тез, қулай, хўжаликбоп, ҳамёнбоп улов...
– Зўр машина-да, бу ! – дейди Наманган шаҳрида яшовчи замондошимиз, шоир Ёқубжон Аҳмаджонов. – Беш-олти йил бурун ўғиллар билан йиғиниб-териниб, иккита “Дамас” сотиб олгандик. Ҳозир шулар саккизта бўлди. “Янгиобод-Ҳамза” йўналиши бўйича тендерда қатнашиб, ютиб чиқдик. Ҳозир саккиз машинамиз шу маршрут бўйича қатнаб, одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилиб юрибди. Оиламизниям, саккиз ҳайдовчиниям қозони қайнаяпти...
Очиғи, Ёқубжон акага ўхшаб, бир эмас, бир нечта “Дамас” сотиб олиб, “маршрутга қўйиб” фойда кўраётган оилалар жуда кўп. Қандини урсин, шоввозлар! Бу танганинг бир томони, иккинчи томони эса...
Мана, уч-тўрт ойдирки, Наманган шаҳрида “Дамас”лар сони кескин камайди. Нега дейсизми?
– “Дамас” дегани кўчаларга сиғмай, тирбандлик­лар юзага келди. Киракашлар шунчалар кўпайдики, уларни назорат қилишнинг имкони ҳам, иложи ҳам бўлмай қолди, – дейди наманганлик ЙПХ ходимларидан бири. – Текширув ва таҳлиллар аксарият “Дамас”ларнинг лицензияси йўқ, одам ташишга ваколати ва малакаси бўлмаган ҳайдовчилар бошқараётганини, соддароқ айтганда, уларнинг анчагина қисми ноқонуний фаолият юритаётганини кўрсатди. Энг ёмони, бу уловда турли даражадаги йўл ҳодисалари сони ошиб кетди...
Ҳозир Намангандаги аксарият йўналишларда йўловчиларга Самарқандда ишлаб чиқарилган яп-янги, чиройли автобуслар хизмат кўрсатяпти. Хўш, бошқа жойларда, вилоятнинг турли шаҳар-қиш­лоқларида-чи?
Албатта, асосий улов “Дамас” куну тун ҳозиру нозир.
Ҳар бир туман марказида “Дамас”лар тўхтайдиган бир эмас, бир нечта “хонаки бекатча”лар бор. Хонаки деганимизки, буларни “такси”чиларнинг ўзлари очиб олишган. Ўзибилармонча фаолият юритишади. Бирор текширувчининг қораси кўринди, дегунча бош­қа жойга кўчиб ўтишади.
...Ана шундай “бекат”лардан биридамиз.
Навбати келишини кутиб турган “Дамас”лар турнақатор. Олди қатордаги машина олдида турган, яғири чиққан дўпписини чаккасига қўндириб олган, уст-боши иркит йигитча қўлларида бир даста икки юз сўмлик, палағда овозда тинмай бақиради:
– Олмосга икки киши, ҳозир жўнайди!..
“Дамас” деганимиз ҳар беш дақиқада тўлиб, жўнаб турибди. Йўлга чиқаётган ҳайдовчи “жар”чи боланинг қўлига битта икки юзталикни қистирадию, “газ”ни босади. Унинг ўрнини навбатдагиси эгаллайди. “Жар”чининг дийдиёси давом этади:
– Олмосга кетяпти, тез бўлинглар!
– Шароитлар зўр-ку? – деймиз ёнимизда турган ўзини Аҳмаджон деб таништирган кишига.
– Зўрликка зўр, – дейди у. – Бугун қиш­лоқларимизда бошингизни қашийман деб қўлингизни кўтарсангиз ҳам тўртта “Дамас” тўхтайди. Худога шукур. Лекин... Ҳозир шу ерда элликтача “Дамас” турибди-а?
– Ҳа, – деймиз ҳеч нарсага тушунмай.
– Синамоқликка “Тошкентга олти киши бор, қайсиларинг борасан?” денг-чи. Бирортаси миқ этмайди. ЙПХ ходими ёки солиқчининг қораси кўринса борми, бекатда биттаям машина қолмайди.
– Нега?
– Аксариятининг ҳужжати чатоқ, ё лицензияси йўқ, ё бошқа ҳужжати... Ҳатто, ишонасизми, шуларнинг орасида ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлари ҳам бор. Кеча “права” олиб, бугун йўлга чиқаётганлариям учрайди. Қаранг, уларнинг кўпини ёш-ёш йигитчалар миняпти. Йўлма йўл одам эмас, худди ўтин ташиётгандек машинани учириб ҳайдашади, боз устига телефонда гаплашиб кетиш­ларига, бурқситиб сигарет чекишларига нима дейсиз. Шу беш-олти ой ичида бизнинг қишлоғимизнинг ўзида уч-тўртта автоҳалокат содир бўлди...
Ушбу мулоҳазалар “Нексия”, “Матиз”, “Спарк” каби енгил машиналарини “такси”га айлантириб олган, ҳеч қандай ҳужжати йўқ, ҳеч қаерда ҳисобда турмайдиган киракашларга ҳам тегишли. Уларда, кечирасиз-у, тегишли ҳужжатларни қў­йинг, одамийлик, виждон-диёнат деган туйғунинг ўзи йўқ.
Биз бу билан барча “Дамас”чи-ю киракашлик ортидан рўзғорини тебратаётган ҳайдовчиларни ёмон­отлиқ қилмоқчи эмасмиз. Уларнинг орасида барча ҳужжатлари бекаму кўст, амалдаги тартиб-қоидаларга риоя қиладиган, якка тардбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, солиқларни вақтида тўлаб, зиммасидаги бурчини сидқидилдан бажараётганлари ҳам кўп, албатта...
Қиссадан ҳисса шуки, бугун “Дамас”чилар, қўлбола “такси”чилар фаолиятини тартибга солишнинг вақти келди. ЙПХ ходимлари, Давлат солиқ инспекцияси мутасаддилари, O‘zLiDeP фаоллари, партиянинг жойлардаги бошланғич ташкилотлари, депутатларимиз кенг жамоатчиликка таянган ҳолда бу “жабҳа”ни қатьий назоратга олишлари зарур.
Ҳозирда тахминий ҳисоб-китобларга қараганда аҳоли гавжум шаҳар ва қиш­лоқларнинг ҳар бирида юзтадан – уч юзтагача “Дамас”лар такси вазифасини бажаряпти. Бу, демак, талаб-эҳтиёжнинг ўзи жойларда аҳолига муқобил транспорт хизмати кўрсатиш уюшмаларини тузишни тақозо этмоқда. Улар худди давлат автотранспорт корхоналаридаги каби ҳайдовчилар билан ишлаши, ҳужжатлари, хизмат кўрсатиш малакалари, лаёқатлари, саломатликлари, солиқ ва бошқа тушумлар, ҳайдовчилик маданияти каби кўпдан кўп масалаларни тартибга солишлари керак. Натижада солиқ ва бошқа тушумлар ҳам тартибга тушиб, давлат хазинаси бойийди. Бир сўз билан айт­ганда, давлатга ҳам, жамиятга ҳам бирдек фойда келади, одамлар рози бўлади.
 
Ортиқали НОМОЗОВ,
XXI asr” мухбири