Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Дарахтлар “жарроҳи” ҳақида эшитганмисиз?

Дарахтлар “жарроҳи” ҳақида эшитганмисиз?

 Хайрулла Бўстонов шифокор. Андижон тиббиёт институтининг амалий жарроҳлик факультетини битирган. Уйлангач, аёли орқама-кетин беш болани туғиб ташлади. Хайрулла оила юмушларига, бола-чақа ташвиш­ларига ўралашиб, шаҳарга қатнаб ишлолмади. Қишлоқдаги сиҳатгоҳга даволовчи шифокор бўлиб ишга кирди. Ҳовлиси яқинидаги тоғ ёнбағридан ер очиб, бир гектардан зиёдроқ боғ яратди, боғбонга айланди.

Хайруллани қишлоқда “дарахтларнинг жарроҳи” дейишади. Чунки у дарахтларга шакл бериш, пайванд­лашнинг обдон ҳадисини олган. Ўз боғидаги юз туп олма дарахтининг ҳар бирида уч-тўрт навдаги олма битади. Бир шохида қизил, бир шохида сариқ, бир шохида кўк, бир шохида оқ олмалар. Гулми, дейсиз, томоша қилиб тўймайсиз. Мўъжиза дегулик.

 – Бу олмаларнинг ўз харидори бор, ҳадемай ўзлари келиб узиб кетишади, – дейди шифокор-боғбон. – Ўтган йили 15 миллион сўмлик олма сотдим. Бу йил ҳосил дегани ўтган йилгидан икки ҳисса кўп. Болаларимнинг насибаси, рўзғоримиз қут-баракаси шу боғ.

Хайрулла қишлоқда қўлма-қўл. Тўйлар, айниқса, суннат тўйлари усиз ўтмайди. Боиси, жарроҳ йигит болажонларнинг қўлини ҳалоллаб, хатна қилади. Йиқилиб жароҳат олган, оёғи ёки қўли синган, яра-чақа тошган беморларни беминнат даволайди. Янги боғ қилган қўни-қўшниларининг кўчатларини турли навларга улаб-пайвандлаб беради. Зарурат туғилса, шодиёна кунларни тасвирга тушириб, тарихга муҳрлаб ҳам қўяверади.

– Гарчи шифохонада ўз касбим бўйича ишламасам-да, одамларга фойдам тегиб турибди, шундан хурсандман, – дейди у.