Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Дардинг бўлса ҳам, қарзинг бўлмасин

Дардинг бўлса ҳам, қарзинг бўлмасин
Қарздорлик, жуда юмшоқ айтганда, ёмон нарса. Қарздорликни бартараф этиш имконияти бўлатуриб, ҳеч нима бўлмагандай юравериш эса ҳақдорга нисбатан ноҳақликнинг ўзгинасидир. Бунақа кутилмаган тўсиқларга гирифтор бўлаётганлар, афсуски,  оз эмас. Улар орасида эл-юрт фаровонлиги, тўкинлигини таъминлашдек савобли ишлар йўлида жон куйдириб ишлаётган фермерларнинг борлиги ташвишланарлидир. Табиат инжиқликларига қарамай, эртаю кеч далада риёзат чекиб, режадаги ҳосилни топширса-ю, пулини ололмай сарсон бўлса? Бу аҳволда фермернинг иши қачон илдамлайди? Қачон оиласи, ишчиларининг иқтисодий фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшади?
“Етказиб берган маҳсулотимнинг пулини ололмаяпман, янги техника сотиб олмоқчи эдим...”, “...ишчиларимга Янги йил арафасида мукофот бермоқчи эдим...”, “...мева-сабзавотларни қайта ишлаш цехи очмоқчи эдим...”, “....хориждан зотдор сигир келтирмоқчи эдим...”
Айрим фермерлардан ана шундай мазмундаги ташвишланарли мисолларни эшитиб, кўнгил оғрийди. Кўринадики, қарздорлик масъулиятини ҳис этмаган шахс, наинки фермернинг ўзига, балки хўжалик ишчилари оиласига, пировардида жамиятга ҳам зарар келтирар экан.
Айтишингиз мумкин: хўп, фермернинг кимда ёки қайсидир хўжалик юритувчи субъектда ҳаққи бор экан, ана, судга борсин, ҳақ бўлса – муаммо йўқ, пулини ортиғи билан ундириб олади. Тўғри, шундай. Лекин қўли қадоқ одам ҳадеганда судга чопавермайди. Андиша қилади, мутасаддининг инсофга келишини кутади. Буларнинг замирида лафзга ишониш ётади. Бироқ...
 
Бузоқнинг югургани...

Яқинда Пастдарғом тумани иқтисодий суди томонидан шартнома мажбурияти бажарилмаслиги билан боғлиқ иш кўриб чиқилди.
Туман прокуратураси ушбу судга даъвогар – “Нуробод баҳорли дон” фермер хўжалиги манфаатида даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар – “Жума пахта тозалаш” акциядорлик жамиятидан даъвогар фойдасига 4 515 600 сўм қарз ундиришни сўраган.
Ишдаги ҳужжатлардан ва суд жараёнида аниқланган ҳолатлардан маълум бўлишича, номлари айтилаётган икки субъект ўртасида 2015 йил ҳосили учун пахта хомашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича ўша йилнинг 14 мартида контрактация шартномаси тузилган. Унга асосан фермер хўжалиги томонидан “Жума пахта тозалаш” жамиятига 47 400 тонна пахта хомашёси топширилган.
Шартноманинг тегишли бандига биноан акциядорлик жамияти фермер хўжалигига етказиб берилган маҳсулот қийматининг 90 фоизи (терим учун юборилган пуллар ва бошқа харажатлар чегирилганидан қолган қисми) ни ҳужжат имзоланган йилнинг сўнгги кунига қадар, 10 фоизини 2016 йилнинг 1 августидан кечиктирмасдан тўлиқ тўлаб берилиши кўрсатилган. Орадан шунча вақт ўтганига қарамай, жавобгар даъвогар олдидаги қолган қарзи – 4 515 600 сўмни тўлашни ҳамон орқага суриб келган.
Айтиш керакки, Фуқаролик кодексининг 236-моддасига кўра, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганда эса иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак. Шунингдек, ушбу кодекснинг 466-моддасига асосан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи ўстирилган (ишлаб чиқарилган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотини тайёрловчига контрактация шартномасида назарда тутилган миқдор ва ассортиментда топшириши шарт.
Кўриниб турибдики, фермер хўжалиги ўз мажбуриятларни бажарган, аммо сотиб олувчи...
Ана шулардан келиб чиққан ҳолда, суд даъвони тўлиқ қаноатлантиришни, яъни жавобгар – “Жума пахта тозалаш” акциядорлик жамияти ҳисобидан даъвогар – “Нуробод баҳорли дон” фермер хўжалиги фойдасига 4 515 600 сўм қарз ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаришни лозим топди. Қолаверса, давлат божи ва поч­та харажати ҳам ундан ундириладиган бўлди.
Худди шундай муаммога тумандаги “Гумбаз” фермер хўжалиги раҳбари ҳам дуч келди. У “Гўзалкент агротехсервис” масъулияти чекланган жамияти билан техника хизмати кўрсатиш ва ишлар бажариш тўғрисида шартнома тузган. Шартномага асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш учун механизация хизматлари кўрсатиш учун жамиятга хўжалик томонидан тегишли маблағ тўлаб берилган. Аммо МЧЖнинг “Гумбаз” фермер хўжалиги олдидаги
5 271 000 сўм қарздорлиги қопланмаган.
Шу боис Самарқанд вилоят адлия бошқармаси даъвогар – “Гумбаз” фермер хўжалиги манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилди. Мурожаатда жавобгар – “Гўзалкент агротехсервис” масъулияти чекланган жамиятидан даъвогар фойдасига 5 271 000 сўм асосий қарз, 2 635 500 сўм пеня ундириш сўралган. Суд мажлисида иштирок этган вилоят адлия бошқармаси вакили даъвони қўллаб-қувватлаб, уни тўлиқ қаноатлантиришни сўради. Ўз навбатида, жавобгар вакили даъвога нисбатан эътирози йўқлиги, асосий қарзни тўлаб бериш чораларини кўриши, пеняни қонун доирасида камайтиришни сўради.
Суд ишни ҳар томонлама қонуний жиҳатдан кўриб чиқди. Таъкидлаш керакки, Фуқаролик кодексининг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган “неустойка” кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд “неустойка”ни камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажаргани, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек, кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак. Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган “неустойка”ни камайтириш ҳуқуқига эга.
Ушбу ҳолатлардан келиб чиқиб, пеня миқдори мажбуриятни бузиш оқибатларига номутаносиблиги сабабли ва жавобгарнинг мулкий аҳволини инобатга олиб, ундан даъвогарга ундирилиши талаб қилинган 2 635 500 сўм пенянинг 10 фоизи – 263 550 сўм миқдорида қаноатлантиришни лозим деб ҳисоблади. Жавобгар ҳисобидан даъвогар фойдасига сўралган асосий қарз тўлиқ тўланадиган бўлди. Худди шундай, давлат божи ва почта харажати ҳам...
 
Яқин барибир яхши-да

– Суд мажлислари иккала томон учун ҳам яқин манзилда ўтгани анча қулайлик яратди, – дей­ди Пастдарғом тумани иқтисодий суди раиси Луқмон Асадов. – Албатта, бу давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида 1 июндан хўжалик судлари негизида иқтисодий судларнинг ташкил этилиши шарофатидир. Фармон ижроси доирасида вилоятимизда 8 та туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари фаолияти йўлга қўйилди. Ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколатли бўлган бундай судларнинг ташкил этилиши тадбиркор ва фермерларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш имкониятини ошириш, уларга бу борада қулайликлар яратишга хизмат қилади. Чунки шу пайтгача бундай ишларни кўрадиган хўжалик судларининг фақат вилоят даражасида фаолият кўрсатиши туфайли тадбиркорлик ва фермер хўжалиги субъектлари ўз яшаш ва иш жойидан узоқда бўлган суд биносига даъво аризасини беришдан бошлаб, низо судда кўриб чиқилгунига қадар бир неча марта келиб-кетишга мажбур эди. Бу эса уларнинг моддий харажат ва ортиқча вақт сарфлашига сабаб бўларди. Ҳозир эса судларнинг бевосита иқтисодий соҳа субъект­ларига яқин манзилларда жойлашуви таъминланди. Натижада энди тадбиркор ва фермерлар аввалгидек узоқ йўл босиб, ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб вилоят марказига қатнамайди.
Иқтисодий суд органларида даъво аризаси ҳамда аризалар электрон тарзда қабул қилинаётгани ҳам мурожаат этувчиларга катта қулайлик яратмоқда. Шу тартиб даъвогар ёки жавобгар талабига кўра суд қарорларини жўнатишда ҳам қўлланиляпти. Айни чоғда суд жараёни видеоконференцалоқа тарзида ҳам ўтказилаётир.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ўтказилаётган кўплаб тадбирлар, хусусан, сайёр судларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Айни суд жараёнлари давомида даъво аризаларини жойида кўриб чиқишимиз баробарида, суд мажлислари орқали тадбиркорлар ва фуқаролар ўз ҳуқуқий билимларини оширяпти. Бундан ташқари, таълим масканлари, Ўзбекис­тон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгаши ўртасидаги келишув асосида ҳар ҳафтада ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказмоқдамиз.
Бу бўлажак ишбилармонларимизнинг мамлакатимизда мавжуд ҳуқуқий-иқтисодий имкониятлардан тўлиқ хабардор бўлишида муҳим аҳамият касб этаётир.
 
Қарзи йўқнинг қадри бор

Гувоҳи бўлганингиздек, фермерларнинг манфаатлари суд орқали таъминланди. Бироқ хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг шартномани тузишда ёки унинг ижросини таъминлашда масъу­лиятсизлик, бепарволикка йўл қўйиши нафақат ҳуқуқий таъсир чораларининг қўлланишига, балки суд қарорлари асосида асосий қарз билан бирга қўшимча давлат божи суммаси ҳамда пеня ва жарима суммаларининг ундирилишига олиб келади. Бу эса мазкур субъектнинг иқтисодий аҳволига зарар етказилиши билан бирга, кейинги шартномавий муносабатларга киришишда ўзаро ишончнинг йўқотилишига сабаб бўлиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, хўжалик юритувчи субъектлар шартномавий муносабатларга масъу­лият билан ёндашиб, ўз мажбуриятларини белгиланган муддатларда ижро этишлари ҳамда қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этишлари фермерларимизнинг иқтисодий мустаҳкамлигига хизмат қилиб, давлатимиз иқтисодиётининг янада барқарор суръатларда ривожланишига муносиб ҳисса қўшади.
 
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr” мухбири