Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Даромадни олисдан эмас, олдингдан изла

Даромадни олисдан эмас, олдингдан изла
Халқимиз азалдан ернинг ҳар қаричини эъзозлаш, боғ яратишнинг ҳадисини олган. Бугун томорқачиликда ўзига хос мактаб яратиб, яхшигина даромад топаётган минглаб оилалар фаровон ҳаёт кечирмоқда.
Фарғона вилоятининг Олтиариқ, Риштон, Бешариқ, Қува сингари туманлари қишлоқларида ана шундай оилалар бисёрки, улар кафтдек ердан самарали фойдаланиб, бозорни арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминламоқда. Улар орасида  томорқага экин экмай, ерни ўз ҳолига ташлаб қўйганлар ҳам йўқ эмас.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекис­тон Либерал-демократик партияси, мутасадди ташкилотлар ва ҳокимликлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ Тошлоқ туманида бўлиб, аҳоли томорқаларидаги ҳолат билан танишди. “Заркент”, “Ахшак”, “Арабмозор” каби маҳалла фуқаролар йиғинларида томорқасидан салмоқли даромад олаётган юртдошларимизнинг меҳнати эътироф этилди. Ўрганиш давомида аниқланган бир қатор камчиликлар жойида бартараф қилинди.
Бугун ишнинг кўзини биладиган, меҳнатдан қочмайдиган киши томорқасидан унумли фойдаланиб, барака топмоқда. Фақат ҳаммаси мақсаднинг тўғри қўйилгани ва ерга муносабатига боғлиқ. Уч мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Ахшак маҳалласида бу борада ишлар яхши йўлга қўйилган. Аксарияти томорқасида иссиқхона ташкил қилиб, ундан самарали фойдаланмоқда. Айниқса, ошкўклар, лимон, помидор, булғор қалампири, бодринг етиштириш авжида. Ғайратжон ва Норматжон Исақовлар, Жалолиддин Омонов, Бахтиёр Орипов каби боғбону деҳқонларнинг тажриба ва ютуқлари маҳалладошларга ўрнак бўлаётир.
 
 
Олти ойда 100 миллион фойда
Адҳамжон Ҳошимов томорқасида асосан карам, помидор, кўкат етиштириб, бу йил 100 миллион сўмдан зиёд фойда олди.
– Иссиқхонамизда 300 мингдан ортиқ карам кўчатини етиштириб сотдик, – дейди Адҳамжон Ҳошимов. – Айни кунларда фарзандларим билан бирга очиқ майдонда помидор, кўкат етиштиряпмиз. Шунинг орқасидан рўзғоримиз бут, невараларни ўқитяпмиз. Оиламиздаги файз-барака ҳаммаси ҳалол меҳнатимиздан. Худога шукр, юртимиз тинч-осойишта бўлгач, орзу-ниятларимиз амалга ошади-да. Фақат хоҳиш ва истак бўлса кифоя. Бундан ташқари, давлатимиз томонидан тадбиркорлик қўллаб-қувватланмоқда. Бу имкониятларимизни янада кенгайтиради.
 
Ҳар қаторда бир хато
Шундай. Ишчи гуруҳ Хотинқуми маҳалласида бўлганида, айрим томорқалар қаровсизлигидан ҳафсала пир бўлди. Хонадон эгалари сув йўқлигини баҳона қилиш билан чекланди. Унда меҳнат қилиб, томорқадан яхши даромад олаётган маҳалладошлари сувни қаердан олаётган экан, дегинг келади. 
Тумандаги “Шифо” фермер хўжалиги ғалладан бўшаган 29 гектар ерга такрорий экин экмоқда. Ҳозирда 5 гектар ерга соя экиб парваришламоқда. Қолган майдонга сабзи, картошка, кўкат ва чорва учун озуқа экинини экишни режалаштирмоқда.
Қўштепаликлар эса узумчиликда яхши тажриба яратганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳар бир оила йилига 5-10 миллион сўм даромадни айни соҳадан топмоқда.
 
“Гулларнинг тилини топдик”
Гулчиликда Йўлдошобод маҳалласилик Толибжон Мамадалиевга етадигани йўқ.  300 хилдан ортиқ гуллар парваришланаётган ҳовлисига кирсангиз ҳайратда қолиб, кетгингиз келмайди. 
– Томорқа – катта хазина,  – дейди Толибжон Мамадалиев. – Фақат ундан оқилона фойдаланган яхши даромад олади. Дастлаб иш бошлаганимда гул етиштириш қийин, қандай бўларкан деб ўйлагандим. Меҳнатимиз зое кетмади. Оила аъзоларимиз билан бирга бунинг ҳам сир-асрорини ўргандик, гулларнинг тилини топдик.
Ишчи гуруҳ шундай тажрибаларни оммалаштириш тадбирларини ишлаб чиқди. Шунинг баробарида баҳоначи томорқачиларга амалий ёрдам кўрсатилди. Тумандаги 1 минг 500 дан зиёд кам таъминланган оилага фермерларнинг ғалла ҳосили йиғиштириб олинган майдонларидан экин экиш учун 776 гектар ер ажратиб берилди. Бундан қувонган кишилар аллақачон помидор, карам, қалампир, дуккакли экинлар экишни бошлаб юборишди.
Риштон туманидаги Қайрағоч маҳалласида яшовчи Қодиржон Хўжаматов маҳалла ёшларига, жумладан, ҳудуддаги ишсиз фуқароларга томорқадан унумли фойдаланиш бўйича тажрибасини ўртоқлашди. 
– 20 сотихлик томорқамизда узум, олма, ўрик, карам, булғор қалампири, помидор ва турли кўкатларни парваришлаяпмиз, – дейди Қодиржон ака. – Эрта баҳорда 5 сотих жойда кўкат етиштириб бозорга чиқариб сотдик. Ўрнига так­рорий экин –  карам экдик. Қолган 5 сотихга помидор, яна шунча майдонда иссиқдан сақлаш учун маккажўхори ва унинг ораларига булғор қалампири экканмиз. Кўп­лаб шогирдларим бор, улар йилига 2-3 мартадан ҳосил олиш сирини ўрганиб кетишяпти. Меҳнат қилган ҳеч қачон кам бўлмайди, дастурхони тўкин-сочин бўлади.
Ишчи гуруҳ айрим фермер хўжаликлари белгиланган экин экиш ўрнига чорва учун озуқа экканига ҳам дуч келишди. Бундай ўзбошимчалик билан қилинган салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида мутасадди ташкилотлар ва фермерларга тегишли чоралар кўрилди.
 
“Mehrigiyo” – табиий маҳсулотлар мажмуаси
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов аҳоли билан бевосита мулоқотлари давомида тадбиркорлик субъектларига ҳам бориб, аҳоли вакиллари билан яқиндан мулоқот қилди. Учкўприк туманидаги “Mehrigiyo” хусусий корхонасига ҳам айни мақсадда борилди. У ердаги шарт-шароит, ишчи-хизматчилар учун яратилган қулайлик­лар билан танишди партия раҳбари. 
Таъкидлаш жоизки, корхона клас­тер тизимида фаолият юритяпти. Яъни шу ернинг ўзида шифобахш ўсимликлар етиштирилади, қайта ишланади, қадоқланади ва экспортга  йўналтирилади. “Mehrigiyo” ўз олдига шифобахш неъматлар билан бойитилган табиий доривор ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариб, инсонлар саломатлигини яхшилашга кўмак­лашиш, иммунитетини ошириш, касалликлардан ҳимояланиш, беморлар дардига малҳам улашиш мақсадида ташкил этилган эди.
Юқори сифат ва самарадорликка эришиш учун ўсимликлар корхонанинг  плантацияларида органик ҳолда, кимёвий ўғитларсиз табиий ҳолда етиштирилади. Жаҳон стандартлари талабларига риоя қилган ҳолда замонавий технологиялар асосида қадоқланади.
 Партия раҳбари ушбу корхона маҳсулотлари турини кўпайтириш учун ҳудуднинг ўзидан маълум миқдорда ер ажратиб берилишида, киви, апельсин, мандарин ва бошқа шифобахш ўсимликларни аҳоли хонадонларида ҳам кўпайтириш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини билдирди.
 
 
Мурувват уйига ер ажратилса...
Партия раиси раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ аъзоларининг  Қўқон шаҳар мурувват уйига ташрифи эса бу ердагиларнинг кўнглини шод қилди. Улар тарбияланувчилар билан дилдан суҳбатлашишди, эсдалик совғалари топширишди.
Суҳбат жараёнида ишчи-хизматчилар  йилдан йилга шарт-шароитлари яхшиланиб бораётганини эътироф этишди. Фақат бир масалага ёрдам керак экан: туман ҳокимияти 5-10 гектар ер ажратиб берса, нур устига нур бўлар эди. Бу эса мурувват уйи ўз моддий таъминотини янада яхшилашига, хусусан, сабзавот етиштириб, меҳнат қилиш, қўшимча даромад топишда муҳим. Бундай ташаббус партия раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланди ва бу борада амалий ёрдам беришга ваъда берилди.
Умуман олганда, ишчи гуруҳ ўтказаётган юқоридаги каби тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ҳар бир неъматнинг қад­рига етиш, ундан унумли фойдаланиш, даромадни олисдан эмас, ўзимиз яшаб турган  заминдан излаш ва бунга амал қилиб келаётганларнинг тажрибасини оммалаштиришдан иборат. Зеро борини қадрлаган инсонлар энг ақлли инсонлардир
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr”  мухбири