Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Дастуриламал вазифасини ўтовчи ҳужжат

Дастуриламал вазифасини ўтовчи ҳужжат

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон  Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқувчи асосий вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хайитов йиғилишни кириш сўзи билан очар экан, жумладан шундай деди:

– Президентимиз Мурожаатномасидаги барча фикр ва ташаббуслар ягона эзгу мақсад – халқимиз турмуш шароитини яхшилаш, мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги эркин, обод ва фаровон Ўзбекистонни қуришга йўналтирилган тарихий ҳужжатдир. Унда барча соҳаларда кўплаб муваффақиятларга эришилган 2018 йилда амалга оширилган асосий ишлар сарҳисоб қилиниб, 2019 йилда унинг давомийлиги юзасидан дастурий йўналиш­лар белгилаб берилди. Бу борада аниқ вазифалар кўрсатилиб, йўл қўйилган камчиликлар холисона ва асосли танқид қилинди.

Мана, Мурожаатнома тақдим этилганидан буён 10 кун ўтди. Ўйлайманки, бу муддат тарихий ҳужжатни дастлабки тарзда ўрганиш, таҳлил этиш ҳамда унда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ўз олдимизга аниқ режаларни қўйиб олишимиз учун етарлидир.

Ҳақиқатан ҳам якунланган йил давомида “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилди, мамлакатимизни янада тараққий эттириш бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор мақсад ва вазифалардан келиб чиқилган ҳолда кенг кўламли ишлар бажарилди.

Хусусан,  2018 йилга мўлжалланган Давлат дастури доирасида умумий қиймати 21 триллион сўм ва 1 миллиард долларга тенг 76 мингта лойиҳа амалга оширилгани ўтган йили яхши ният билан бошланган ишлар натижасини кўрсатиб турибди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, капитал қурилиш, транспорт-коммуникация, сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаларида салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Кўрилган чора-тадбирлар туфайли аҳолининг реал даромадлари 2017 йилга нисбатан 12 фоизга ошди. “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz” сингари дастурлар дои­расида жами 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиб, жойларда 2 минг 600 дан ортиқ бизнес лойиҳа амалга оширилди. Солиқларнинг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ҳудудларда 5,5 триллион сўм қўшимча маблағ қолдирилди. Бу эса 2017 йилга нисбатан 6 баробар, 2016 йилга нисбатан эса 32 баробар кўпдир.  

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари халқимиз томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди. Жорий йилда мазкур дастурларга асосан қурилиш ва ободонлаштириш ишларига қарийб 3 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Натижада 416 та қиш­лоқ янгича қиёфага эга бўлди. 

Фуқароларнинг, авваламбор тадбиркор  ва ишбилармон, фермер, хусусий мулк эгалари ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, орзу-истаклари билан муштарак бўлган вазифалардан келиб чиқиб, O‘zLiDeP ҳам ўз фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқди.

Тан олиш жоиз, фаол инвестицион сиёсат юритмасдан, фаол тадбиркорлик муҳитини яратмасдан туриб, иқтисодий тараққиётга эришиб бўлмайди. Бозор иқтисодиётига ўтишнинг энг мақбул ва мураккаб йўли айнан иқтисодиётга хорижий сармояларни фаол жалб этиш, бунинг учун қулай шароит яратишдир. У мамлакат иқтисодиётини юқори босқичга олиб чиқади, аҳолининг турмуш тарзи яхшиланиб, минг-минглаб янги иш ўринлари яратилади. 

Мурожаатномада тилга олинган фикрлардан келиб чиқиб,  партиямиз  мамлакатимизга инвестицияларни фаол жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳисобидан иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш, инвесторларга қулай муҳит яратиб бериш, уларга эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида ўз тадбиркорлигини бошлашига яқиндан кўмаклашиш ва бу орқали кўплаб янги иш ўрни яратишга қаратилган турли партиявий лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилдик.

Партия раҳбари, шунингдек, иқтисодиётни энг юқори босқичга олиб чиқишда асосий омиллардан бири бўлган экспортга йўналтирилган, рақамли, ақлли ва инновацион иқтисодиётга ўтиш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий секторни жадал ривожлантириш орқали янги иш ўринларини кўпайтириш, “яширин” иқтисодиётга қарши курашиш, барқарор монетар сиёсатни амалга оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишда сиёсий кучнинг муносиб иштирокини таъминлаш муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлади. Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда фермерларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги билимини ошириш, пахта, ғалла, мева-сабзавот ва бошқа йўналишлардаги кластерлар фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш каби соҳаларда дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга самарали татбиқ этиш ҳам O‘zLiDePнинг ушбу йилга мўлжалланган иш режасидан ўрин олганини қайд этди.

Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси раиси вазифасини вақтинча бажарувчиси  Адҳам ШОДМОНОВ сўзга чиқиб, Мурожаатномадан келиб чиқувчи фракция олдида турган асосий вазифалар хусусида сўзлади:

– Тарихий ҳужжатда парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини кучайтириш ва бошқа қатор таклифлар ва вазифалар белгилаб берилди. Бу бизнинг олдимизга қонунчилик ташаббусини янада кучайтириш, халқимиз ва электоратимиз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган қонун лойиҳалари устида ишлашимизни талаб этади. Ана шунга кўра биз жорий йилда ўтган йилга нисбатан янада самарали ишлашимиз, халқимиз, жумладан электоратимиз вакиллари – тадбиркор ва фермерларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларнинг эркин фаолият юритишларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳалари устида жиддий ишлашни  мақсад қилдик.

Мурожаатномада белгиланган қонун устуворлиги, адолат ва либерализм тамойилларига асосланган очиқ иқтисодиёт, соғлом рақобат, ишбилармонлик ва инвес­тиция муҳитини тубдан яхшилаш, юқори иқтисодий ўсишга эришиш, тиббий хизматни яхшилаш, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, одамларнинг турмуш шароити ва фаровонлигини ошириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашга асосланган ташқи сиёсий фаолият самарадорлигини янада кучайтириш каби устивор вазифалар рақобатдошлик, барқарор ривожланишимизни таъминлашга хизмат қилади. Энг муҳими, қайд этилган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли адо этилиши ислоҳотларнинг бардавомлигини таъминлайди.

Чуқур таҳлил, теран мушоҳада, халқпарварлик руҳи билан суғорилган бу йилги Мурожаатномада давлат бошқарувини тубдан ислоҳ қилиш, халқимиз манфаатлари ва фаровонлигини таъминлаш, одамларнинг давлатдан рози бўлиб яшашига хизмат қиладиган қатор долзарб масалалар кўтарилгани билан барчамизнинг диққатимизни тортди.

 “Президент қабулхоналарининг икки йиллик иш тажрибаси шуни кўрсатдики, биз халқдан, унинг ташвиш ва муаммоларидан анча узоқлашиб қолган эканмиз. Албатта, орттирган тажрибамиздан келиб чиқиб, бу қабулхоналар фаолиятини такомиллаштиришимиз керак. Мана шу тизим орқали фуқаролар билдирган фикр-мулоҳаза ва таклифларни инобатга олиб, биз келгусида давлат бошқарув тизимини тубдан қайта кўриб чиқишимиз, илғор давлат менежменти ва оқилона бошқарув принцип­ларига босқичма-босқич ўтишимиз лозим” деди давлатимиз раҳбари.

Қолаверса энди давлат муассасалари бевосита фуқаро билан ишлашга ўтиши, давлат идоралари халққа кўмакчи, тадбиркорларга бизнес ҳамкор бўлиши зарурлиги қайд этилди. Бу, айтиш мумкинки, бутун халқимизнинг, сизу бизнинг кўнглимиздаги гап бўлди. Сабаби, бугунги кунда ҳар бир қилаётган ишимиз, илгари сураётган ташаббусимиз фақат ва фақат халқимизнинг оғирини енгил қилишга, фаровонлигини оширишга, турмуш-шароитини янада яхшилашга хизмат қилмоғи лозим.

– Президентимизнинг иккинчи бор Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ўз мазмун-моҳиятига кўра, халқимиз фаровонлигини кўзлаб амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар келгуси йилда ҳам мантиқий изчилликда, янада янги суръатлар билан давом этишини англатмоқда, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мавлуда ХЎЖАЕВА. – 2019 йил мамлакатимизда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилинишида юрт тараққиётининг асоси ҳисоб­ланган иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва у орқали аҳоли турмуш шароитини яхшилашдек бир-бири билан узвий боғлиқ ҳаётий эҳтиёж давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида эътиборга олинган.

Мурожаатномада иқтисодий соҳани янада ислоҳ қилиш, инвестициявий қулай муҳит яратиш ва уларни кенг жалб этишга йўналтирилган муҳим вазифалар, ижтимоий соҳада ҳал қилиниши зарур бўлган устувор йўналишлар белгилаб берилди. Шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, замонавий бошқарув ва парламент назоратини кучайтириш, ташқи сиёсат ва хавфсизлик, фуқароларнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишлари кўрсатиб ўтилди.

Президентимиз томонидан парламент назоратини янада кучайтириш борасидаги муҳим таклиф, яъни ҳукумат аъзолари, вазирликлар ва давлат қўмиталари раҳбарларини лавозимга тайинланишида аввало номзодларнинг Олий Мажлис муҳокамасидан ўтиши амалиётига оид таклифлари энг асосий демократик тамойилларга асослангани билан эътиборга молик. Унга кўра, аввало, номзод ўз дастурини тақдим этади, амалга оширадиган ишлари, режалари ҳақида маълумот тақдим этади, депутатлар саволларига жавоб беради. Умуман, халқ вакиллари синовидан муваффақиятли ўтсагина, лавозимга тайинланади.

Мазкур амалиёт нафақат республика марказида, балки ҳудудларда ҳам жорий этилиши, яъни маҳаллий даражадаги раҳбарликка номзодлар ҳам дастлаб тегишли халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларида муҳокама қилиниб, кейин лавозимга тайинланиши ҳам диққатга молик иш бўлди.

–    Тарихий ҳужжатда айниқса, давлатнинг бошқарув соҳасидаги баъзи функцияларини давлат-хусусий шериклик асосида, аутсорсинг, яъни, давлат хизматлари кўрсатишни хусусий секторга топшириш ва краудсорсинг, яъни, мавжуд муаммоларни ҳал қилишга одамларнинг илмий салоҳиятини жалб этиш орқали хусусий секторга ўтказилиши лозимлиги ҳақидаги ташаббус ғоят долзарб, – деди парламент қуйи палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Қаҳрамон ЭРГАШЕВ. – Демократик тартиб-таомиллар устувор мамлакатлар синовидан ўтган бу каби давлат бошқаруви усуллари юртимизда ҳам ўзининг ижобий самарасини беради, деб ўйлайман. Албатта, бу борадаги ислоҳотларнинг тўла-тўкис рўёбга чиқарилиши кўп жиҳатга боғлиқ. Муҳими, ушбу жараёнда Олий Мажлис соҳанинг қонунчилик асосларини яратиши, ўз ваколати доирасида ислоҳотлар натижадорлиги юзасидан парламент назоратини, унинг барча таъсирчан усулларидан фойдаланган ҳолда амалга оширишимиз лозим. Парламент, депутатлик корпуси давлатимизга ҳар соҳада яқин кўмакчи бўлиши даркор.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, Мурожаатномада алоҳида тилга олинган “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурлари ижросини тўлақонли юзага чиқаришда ишбилармонлар манфаатини ҳимоя қилиб келаётган O‘zLiDeP ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳам мамлакатимизнинг барча ҳудудларида партия қуйи бўғинлари, депутатлик гуруҳлари ва электоратимиз кўмагида хайр­ли ишлар амалга оширилди. Жорий йилда ҳам давлатимиз раҳбарининг мазкур дастурлари тўлиқ ижросини таъминлашда бор куч-ғайратини сафарбар этиши партиянинг галдаги фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинди.

Тадбирда Олий Мажлис қуйи палатаси депутати Расул КУШЕРБАЕВ, партиянинг Тошкент вилоят Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Тўлқин Файзиев ҳамда Хоразм вилоят Кенгаши раиси  ўринбосари Жуманазар Қурбонов ва бошқалар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Уларнинг эътироф этишларича, тараққиётимиз ва халқимиз фаровонлигини таъминлашнинг энг самарали йўли бу, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашдир. Лекин бюрократия ва солиқ, божхона ҳамда банк тизимидаги турли муаммолар  инвестициялар оқимини кўпайтиришга ва хорижий сармоядорларни янада кенгроқ жалб этишга тўсқинлик қиляпти. Демак, бундан англашиладики, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси асосий электорати бўлмиш тадбиркор, ишбилармон ва фермерлар ҳаётига чуқурроқ кириб бориши, жумладан, ижроия қўмитанинг Бизнес тузилмалар билан ишлаш бўлими ҳамда жойлардаги партия ташкилотларининг иш бўлимлари фаолиятини янада кучайтириш жоиз.

Очиқ-ошкора, савол-жавобларга бой тарзда ўтган йиғилишда, шунингдек, ҳудудларда кадрлар масаласига ҳам алоҳида тўхталинди. Партиявий фаолият билан боғлиқ саволларга доимо тезкорлик ва аниқлик билан жавоб берадиган мукаммал кадрлар мактабини ҳар бир вилоят ташкилотида яратиш лозимлигига урғу берилди.  

Давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномасида билдирган фикрларидан келиб чиқилган ҳолда O‘zLiDeP томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Шунингдек, қўшма йиғилиш кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

Солижон ЗОИРОВ (суратлар)

“XXI asr” мухбирлари