Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ИЖРОСИ ЮЗАСИДАН ҲИСОБОТ ЭШИТИЛДИ

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ИЖРОСИ ЮЗАСИДАН ҲИСОБОТ ЭШИТИЛДИ
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2017 йил I ярим йиллик якунлари бўйича давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривож­лантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилган устувор вазифаларни изчил рўёбга чиқариш, хусусан давлат бюджетининг барча даражаларида мутаносибликни таъминлаш, солиқ юкини камайтириш ҳамда солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва бошқа шу каби тадбирлар 2017 йилнинг I ярим йиллигида иқтисодиётни барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожлантириш ва иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларини ҳам таъминлади.
– Натижада, жорий йилнинг I ярим йиллиги давомида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти – 7 фоизга, саноат ҳаж­ми – 7,6 фоизга, қишлоқ хўжалиги ҳажми – 5,8 фоиз, хизматлар ҳажми – 11,6 фоиз, чакана товар айланмаси ҳажми – 11,1 фоизга ўсди, – деди Молия вазирининг ўринбосари Ёрқин Турсунов республика давлат бюджети ва биринчи ярим йилликдаги ижроси тўғрисида ҳисобот берар экан. – Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади ҳамда ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 5,2 фоизни ташкил қилди. Даромадларнинг бир маромда тушишини ҳамда бюджет маблағларидан самарали фойдаланишни таъминлаш орқали давлат бюджети 108,2 миллиард сўм (ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз) миқдорида профицит билан ижро этилди.
Очиқ ва конструктив руҳда ўтган йиғилишда давлат бюджети даромад қисмининг ижросига ҳам тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, кўрсатилган даврда давлат бюджети даромадлари 22 458,9 миллиард сўмни ташкил қилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,6 фоизга ўсди, белгиланган режа 101,6 фоизга бажарилди. Давлат бюджети даромадларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2016 йил биринчи ярим йилдаги 22,2 фоиздан 21,9 фоизгача камайди. Бу эса, иқтисодиё­тимизга солиқ юкини камайтириш борасида қабул қилинган тадбирлар ўз самарасини бераётганидан далолатдир.
Давлат бюджетининг харажатлар бўйича ижроси ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Ҳисоботда айтилганидек, ўтган вақтда Давлат бюджетининг харажатлари ижроси ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган соҳалар – аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани қўллаб-қувватлаш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш каби бюджет параметрларида белгиланган асосий йўналишларни молиялаштиришга қаратилди.
Мажлисда, шунингдек, Президентимизнинг 2016 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига асосан давлат бюджетининг марказлашган инвестициялар маблағлари ҳисобидан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шу жумладан, ижтимоий соҳа, йўл-транспорт, муҳандислик коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ишларига 2 450,0 миллиард сўм маблағлар ажратилгани таъкидланди. Хусусан, ҳисобот даврида марказлаштирилган инвестицияларни молиялаштириш харажатларига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 1 304,9 миллиард сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23 фоиз кўпроқ маблағ сарфланди.
Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми прогнозга нисбатан 103,1 фоизга бажарилди ёки 9 768,3 миллиард сўмни, харажатлар қисми эса режага нисбатан 99,5 фоизга ижро этилиб, 10 743,6 миллиард сўмни ташкил этди.
– Албатта, давлат бюджетининг шаклланишида маҳаллий бюджетлар муҳим аҳамият касб этади, – дейди парламент қуйи палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Гулшана Худоярова. – Ҳисобот даврида жами маҳаллий бюджетларнинг даромадлари (ўтказиб бериладиган даромадлар билан бирга) давлат бюджети даромадларининг 43,5 фоизини, харажатлари эса мос равишда 48,1 фоизни ташкил этди. Қолаверса, маҳаллий бюджетлар даромад базасини кенгайтириш, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш ва маҳаллий бюджетлар харажатларини республика бюджетига ўтказиш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг ярим йиллиги давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятининг 7 та туманини тўлиқ, шунингдек республиканинг 27 та туман (шаҳар)ларини субвенциядан чиқаришга эришилди. Мазкур ишлар 5 та туманда янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, 23 та туманда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, 6 та туманда даромадларни корхоналарнинг фаолият кўрсатаётган жойи бўйича йўналтириш эвазига амалга оширилди.
Йиғилишда O‘zLiDeP фракцияси аъзолари 2017 йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари бўйи­ча давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқуллаб, кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилишди.