Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Давлат дастури лойиҳаси O‘zLiDeP муҳокамасида

Давлат дастури лойиҳаси O‘zLiDeP муҳокамасида

    Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

          Ана шу қизғин ва масъулиятли жараёнда O‘zLiDeP ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳам фаол иштирок этиб, жойларда тадбиркор ва фермерлар, аҳолининг бошқа қатламлари вакилларини кенг жалб қилган ҳолда дастур муҳокамаларини ўтказди. Эътиборга молик жиҳати, ушбу тадбирларда икки мингдан ортиқ аҳоли вакиллари қатнашиб, улар томонидан юзга яқин таклифлар билдирилган. Бу эса фуқароларнинг амалга оширилаётган ислоҳотларга катта қизиқиш билан қараб, ушбу жараёнда кузатувчи сифатида эмас, балки фаол иштирокчи сифатида қатнашиш истагида эканликларини намоён этди. Табиийки, шундай бир шароитда O‘zLiDeP олдида турган энг муҳим вазифалардан бири юртдошларимиздаги фаолликни, ислоҳотларда яқиндан иштирок этиш истагини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бунинг учун имконият яратиб бериш, қолаверса, муҳим давлат дастурларига билдирилаётган фикрларнинг мутасадди идораларга етиб боришини таъминлашда ўзига хос кўприк бўлишдан иборатдир.

     Эътиборга молик жиҳати, Давлат дастури муҳокамага қўйилган кундан бошлаб шу кунга қадар O‘zLiDeP вилоят Кенгашларидан келаётган таклифларнинг изи узилмаяпти. Ўрни келганда уларнинг айримлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Мисол учун, Наманган вилоятидан судда ишларни муҳокама қилиш жараёнларида жамоатчилик фикрини расман кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, яъни жамоатчилик фикри билдирилган ҳужжатни суд ишига доир ҳужжат деб баҳолашни амалиётга киритиш ҳамда қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётган, яъни фермер хўжаликларида мавсумий ишлаётган хотин-қизларнинг ойлик маошларидан олинадиган даромад солиғи бўйича маълум имтиёзларни бериш, шунингдек, хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш, ҳуқуқбузарлик­ларни олдини олиш мақсадида бевосита улар билан ишловчи вилоят, шаҳар ва туман хотин-қизлар қўмиталари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиларини бевосита фаолиятига дахлдор бўлмаган жамоатчилик ишларидан озод этиш таклифлари билдирилди. Хоразм вилоятида ички ва ташқи туризмни ривожлантириш мақсадида Хива шаҳри “Ичан қалъа” тарихий обидаларининг 3D ва 5D кўринишларини яратиш, элчихоналар ҳамда ОАВ орқали кенг тарғиб қилиш, Тошкент вилоятида эса Тадбиркорлик академиясини ташкил қилиш борасида таклифлар киритилган.

       O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан партия қошида тузилган Экспертлар гуруҳи аъзолари, тадбиркор ва фермерлар, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман кенгашларига сайланган депутатлар, ҳудудий ташкилотлардан келган вакиллар ҳамда ОАВ ходимлари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида юқоридаги каби таклифлар умумлаштирилиб, Давлат дастурининг аҳамияти, унда назарда тутилган вазифаларнинг долзарб­лиги ҳамда мазмун-моҳияти атрофлича муҳокама қилинди.

     Қизғин ва ишчанлик руҳида ўтган тадбирда Давлат дастури лойиҳаси мамлакатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаати, бошқа бир қатор чиқишларида илгари сурилган ғоялардан келиб чиқиб, бугун халқимизни ўйлантирган, мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим бўлган барча йўналишларни мужассам этгани билан ажралиб туриши, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя бутун дастурнинг энг марказий линияси сифатида ўтгани таъкидланди.

        Давлат дастурида асосий электоратимиз ҳисобланган тадбиркорлар ҳамда юртимизга ўз маблағларини олиб келаётган инвесторларни ҳар томонлама ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида реал ишлар кўзда тутилгани, айниқса, ишбилармонларни ниҳоятда мамнун этмоқда. Шу маънода дастур лойиҳасида O‘zLiDeP томонидан кўтариб чиқилаётган бир қатор масалалар акс этгани қувонарли эканлиги эътироф этилди. Хусусан, ўтган йили партия ташаббуси билан якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини қонун билан тартибга солиш бўйича кенг муҳокамалар ўтказилган эди. Бугун мамлакатимизда юз минглаб фуқароларимиз айни шу турдаги фаолият тури билан машғул бўлса-да, соҳани тартибга солувчи қонунчилик етарли даражада эмас. Эътиборга молик жиҳати, Давлат дастури лойиҳасида ЯТТларни давлат рўйхатига олиш бўйича қонун лойиҳасини қабул қилиш масаласи ўз аксини топди. Қолаверса, тадбиркорлик фаолиятига бевосита дахлдор бўлган солиқ ва божхона қонунчилиги, тартиб-таомилларини ривожлантириш бўйича ҳам ўтган йиллар давомида партиямиз томонидан илгари сурилган қатор таклифлар Дастур лойиҳасида ўрин олганки, уларнинг амалга оширилиши “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” доирасида ишбилармонлар фаолияти янада кенгайишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

     Барчамизга яхши маълум, Президентимиз ўз Мурожаатномасида “Бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади” деган фикрни алоҳида таъкидлаган эди. Ушбу дастуриламал вазифа асосида бу йил мамлакатимизда илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, бунинг учун зарур молиявий ресурсларни сафарбар этиш, ушбу жараёнда иқтидорли ёшлар ҳамда тадбиркорлар иштирокини, ижодий ғоя ва ишланмаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш вазифаси белгиланди. Бунинг учун эса, энг аввало, бутун дунёда бўлгани сингари мамлакатимизда ҳам инновацион фаолиятнинг қонуний асосларини янада такомиллаштириш зарур. Дастур лойи­ҳасида бу йўналишда бир қатор ишлар режалаштирилганки, уларни ҳаётга жорий этиш борасида O‘zLiDeP ўз депутатлик корпуси имкониятларидан фойдаланган ҳолда бир қатор мутлақо янги қонунлар, хусусан, “Инновацион фаолиятни молиялаштириш тўғрисида”, “Венчур фаолияти тўғрисида” ҳамда “Технопарклар тўғрисида” каби соҳани тартибга солувчи ўнга яқин қонунлар устида иш олиб бормоқда.

      Албатта, тадбиркорлар манфаатига хизмат қилувчи қонунларнинг кўпайгани яхши, лекин бир вақтнинг ўзида янги тартиб-таомиллар тадбиркорларга ноқулайлик, оғирлик туғдирмаслиги керак. Яъни ушбу қонунлар ягона тизимга солиниши ва тадбиркорлар учун осон ҳамда тушунарли бўлиши лозим. Шу мақсадда Тадбиркорлик кодекси концепциясини ишлаб чиқиш таклифи ҳам билдирилди.

     Бир сўз билан айтганда, O‘zLiDeP ҳудудий кенгашларида ўтказилган йиғилишлар давомида инновацион ғоялар, инновацион ёндашув асосида мамлакатни янада ривожлантиришга қаратилган Давлат дастури лойиҳаси атрофлича ўрганилди ва бу борада аниқ таклифлар ишлаб чиқилди. Ушбу таклифлар белгиланган тартибда “Тараққиёт стратегияси” маркази эътиборига ҳавола қилинди.

Акбар МУЗАФФАРОВ,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси сектор мудири