Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Давлат дастури халқимизни бир мақсад атрофида жипслаштиради

Давлат дастури халқимизни бир мақсад атрофида жипслаштиради

Жорий йилнинг январь ойидан бери O‘zLiDePдан сайланган депутатлар аҳолидан турли масалалар бўйича қилинган мурожаатлар асосида 20 га яқин депутатлик сўровларини Ички ишлар, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва бошқа масъул идораларга йўллашди. Олинган жавоблар хусусида газетамизнинг кейинги сонларида сўз юритамиз.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партия­си Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги қўшма йиғилишида шу ҳақда сўз юритилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги қўшма йиғилишида шу ҳақда таъкидланди.

 

Аввал хабар қилинганидек, шу йил 22 январь куни Президентимиз энг муҳим ҳужжатлардан бири – “2017­–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дас­тури тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Мазкур фармон тараққиёт босқичимизнинг янги ва узвий давоми бўлиб, иқтисодий-ижтимоий, маданий-маърифий ҳаётимиздаги ўзгариш ва янгиланишларга замин яратади. Шу боис ҳам фармон ижроси нафақат ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилотидан, балки оддий фуқародан, сизу биздан ҳам катта масъулият талаб қилади. Бу борада мавжуд сиёсий партия­лар ҳам ўзининг амалий ишлари билан фаол иштирок этиши, ҳужжат ижросини таъминлаш орқали ўз электорати билан янада яқинлашиши, аъзолари сонини янада кенгайтириш имконидан фойдаланиши айни муддао.

Қўшма йиғилишда мазкур фармон ижросини ҳаётга татбиқ этиш бўйича сиёсий куч ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси олдида турган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

– Давлат дастури лойиҳаси O‘zLiDePнинг барча даражадаги ташкилотларида кенг муҳокама этилди, – деди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Бахтиёр ЯКУБОВ. – Эътиборга молик жиҳати, ушбу жараёнда юзга яқин таклифлар билдирилди. Шу рақамнинг ўзиёқ, юртдошларимизнинг амалга оширилаётган ислоҳотларда кузатувчи эмас, балки фаол иштирокчи сифатида қатнашиш истаги борлигини намоён этади.

Давлат дастури, энг аввало, халқимизнинг синчков нигоҳидан ўтганига алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса унинг халқчиллигини таъминлади. Дастур ижросини самарали йўлга қўйиш O‘zLiDePнинг устувор вазифасидир. Чунки дас­турда мамлакат ривожланишининг муҳим асос­ларидан бири сифатида айнан фаол тадбиркорликни ривожлантиришга урғу берилаётгани тадбиркорлар учун, қолаверса, мамлакат сиёсий майдонидан улар номидан фаолият олиб бораётган O‘zLiDeP учун ҳам жуда катта масъулият юклайди.

Йиғилишда дастурда ўз аксини топган барча йўналишлар бўйича белгиланган вазифалар нафақат тегишли соҳаларда бурилиш ясаши, балки амалга оширилаётган ислоҳотларни янги сифат даражасига олиб чиқиши, юртимиз қиёфасини ҳам ўзгартириши таъкидлаб ўтилди.

– Мамлакатимиз раҳбари 2018 йилнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳал қилувчи йил бўлишини таъкидлаганини назарда тутсак, айнан шу йилда амалга ошириладиган ишларни ўзида акс эттирган Давлат дастурида белгилаб олинган вазифаларнинг ўз вақтида юқори даражада бажарилиши алоҳида аҳамиятга эга, – деди Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси раҳбари вазифасини бажарувчи Адҳамжон ШОДМОНОВ. – Бунинг учун мамлакатимиз раҳбари атрофида жипслашиб, шижоат ва меҳнатсеварлик билан олдимизда турган марралар сари интилишимиз лозим. Ахир, куч – бирликда!

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари давлат дастурида кўзда тутилган масалалар моҳияти юзасидан аҳолининг турли қатламлари орасида тушунтириш ишларини амалга оширувчи тарғибот гуруҳларини тузиш ва унинг ишини тизимли асосда ташкил қилишга келишиб олишди.

– 2018 йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” дея ном берилишининг ўзиёқ юртимизда ҳақиқий тадбиркорлик, инвестицион муҳит авж олаётганидан дарак беради, – деди Республика Банк-молия академияси ректори вазифасини бажарувчи Адҳам Бекмуродов. – Хўш, фаол тадбиркорлик қандай вужудга келади? Албатта, инновацион ғоя ва технологияларга асосланиб! Буларсиз фаол табдиркорликка эришиш қийин. Давлатимиз раҳбари айни шу мақсадда бундай ном берди йилимизга. Энг муҳими, ушбу мақсадни амалга ошириш учун барча шароитлар етарли. Иқтисодий соҳада кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилгани, энг аввало, Ўзбекистоннинг ўз мажбуриятларини бажариш ва чет эл ҳамкорларининг даромадларини репатриация қилиш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун шарт-шароитларни таъминловчи миллий валюта эркин конвертациясининг жорий этилгани бу борада муҳим қадам бўлди.

Тадбирда, шунингдек, фракция аъзоларидан Шуҳрат Бафоев, Наргиза Халилова, Ойбек Эгамов, Тўлқинжон Каримов ва бошқалар ҳам мамлакатимизда барча соҳаларда мисли кўрилмаган имкониятлар яратилгани, иқтисодиётимизни модернизация қилиш, янги иш ўринларини яратиш, умуман Давлат дастурини бажаришда тадбиркорлар том маънода локомотивга айланиши зарурлигини таъкидлашди.

Йиғилишда партиянинг жорий йил учун қонун лойиҳаларини парламентда муҳокама этиш ва қабул қилишда O‘zLiDePнинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси ролини кучайтириш, қонунларни қабул қилиш жараёнида аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланиш, давлат бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашнинг қўшимча механизмларини жорий этиш бўйича ҳам аниқ таклифлар тингланди. Жумладан, давлат органлари фаолиятини режалаштириш ва самарадорлигини ошириш ҳамда фуқароларимизни Олий Мажлис палаталарига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига электрон жамоавий мурожаат қилиш тартибини жорий этиш, ёш оилалар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда уй-жой олиш имкониятини таъминлаш учун ушбу соҳада рақобатни ошириш бўйича ҳам ҳамкор ташкилотлар билан аниқ режалар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Партиянинг Давлат дастури ижроси бўйича тиббиёт сифатини давлат ва хусусий ҳамкорлик тамойили асосида тубдан яхшилаш, яна шу тамойил орқали мактабгача таълим муассасаларини кўпайтириш, ёшлар тадбиркорлиги, аёллар ташаббускорлигини ошириш, замонавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларининг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш бўйича режа-дастури қизғин муҳокама этилди.

Йиғилиш якунида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг давлат дастури тўғрисидаги фармони юзасидан келиб чиқувчи тегишли қарорлари қабул қилинди.

Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,

“XXI asr” мухбири.

Суратларни Солижон ЗОИРОВ олган.