Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

“ДАВЛАТ МУҲОФАЗАСИГА ОЛИНГАН”

“ДАВЛАТ МУҲОФАЗАСИГА ОЛИНГАН”

Сурхондарё – тоғлар  бағридаги  марварид воҳа. Юртимиз жаҳон сайёҳлик марказларидан бирига айланиб боришида мазкур вилоятнинг ўзига хос табиати ва бетакрор тарихий-маданий мероси алоҳида ўрин тутади.




– Вилоятимиз туризм соҳасида юқори потенциалга эга. Биргина шу йўналишни ривожлантириш учун  374 тарихий, маданий, санъат, меъморий обидалар, ноёб археологик қазилмалар мавжудки, шунинг ўзи ҳудудни жаҳон сайёҳлик марказига айланишига туртки бера олади, – дейди тарих фанлари номзоди, таниқли археолог Тўхташ Аннаев.

Шу жиҳатдан ҳудудда бой маданий меросни асраш, миллий бойлигимиз саналган  маданий мерос объектларини қайта тиклаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида аҳамияти ва кўлами жиҳатдан кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир. Аммо воҳада маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш борасида муаммолар ҳали ҳамон  талайгина. 

Фаёзтепа – қумпайкал
эмас-ку!

Бу кўҳна ёдгорлик милоддан аввалги 1 - асрга  тааллуқли  бўлиб, бугунги кунда ҳам  буддавийлик динига ибодат қилувчилар  учун  муқаддас  жой  сифатида баҳоланади. Бу ерда буддизмни ўрганиш халқаро илмий маркази эса номигагина ташкил этилган. Ёдгорликка ҳар йили минглаб сайёҳлар келсада, уларга хизмат кўрсатиш даражаси жуда паст. Жумладан, тоза ичимлик суви ўтказилмаган, канализация тизими йўлга қўйилмаган, ёдгорлик атрофидаги дарахтларни суғориш учун ирригация масалалари ечилмаган. Ободонлаштирилмаган. Турли табиат ҳодисаларидан, офатлардан сақлаш, муҳофазалаш учун атрофида ёмғир сувларини тўплаш воситаси –  дренаж тизими йўлга қўйилмаган. Оқибатда Фаёзтепа бугунги кунда барханлар орасида бир қумпайкалга айланиб қолаётир.

 Сополлитепа харобазорга айланган

Музработ туманидаги “Сополлитепа” маҳалласи  ҳудудида  бундан тахминан беш минг йиллар муқаддам машҳур Сополли маданияти  шаклланган. Археологлар Сополлитепа ёдгорлигини қазиб ўрганишганида бронза  даврига доир кўплаб ноёб экспонатлар топилган. Атрофи девор билан муҳофазаланмаганлиги учун ушбу манзил айни кунларда жазирамадан қочган дайди итларга, шу атрофдаги қўйчивонларнинг чорва молларига қўнимгоҳлик вазифасини ўтаётгани ниҳоятда ачинарлидир.

Қирққиз
қалъада эса...  

Термиз  туманидаги Қирққиз қалъаси XIV-XV асрларга оид ёдгорлик бўлиб, халқ орасида унинг тарихи билан боғлиқ кўплаб машҳур афсона ва ривоятлар тарқалган. Қирққиз ёдгорлиги ўз даврида ҳашаматли, ноёб қурилиш структурасига эга мажмуа бўлган. Бугунги кунда эса... мажмуа атрофида қачонлардир олиб борилган қурилиш ишларининг чиқиндилари уюлган, машиналар тураргоҳи учун  қурилган майдон эса шу атрофдаги хонадон эгаларининг хашак қуритиш ҳудудига айлантирилган. Йўлаклар тозаланмаган. Ёдгорликка кираверишда эса деворда зарҳал ҳарфлар билан ёзилган тарихий иншоотнинг қайси асрларга тегишли экани ва давлат муҳофазасига олингани ҳақидаги эслатмадан бўлак бошқа кўриниш хотирангизда муқим  қолмаса керак. Иншоотнинг деворлари “севги пештахталари”га айланган. Чамаси беш юз йил давомида собит турган обида инсон омили туфайли емирилиб бораётир.

Бепарволик бу тарзда кетаверса, яқин йилларда “Қирққиз ёдгорлиги” ўрнида “Қирққиз тепалиги” пайдо бўлса ҳеч ҳам ажабланмаймиз. Ахир шу алпозда милоднинг бошларига доир Термиз туманидаги эски Термиз қалъаларини, Ангор туманидаги илк ўрта асрларга тааллуқли Болаликтепа ёдгорлигини  ва бошқа минг йиллик тарихимиздан сўзловчи иншоотларга кўз юмиб, дўнгтепаликларга айланишига “эришдик”.

Бу каби ачинарли ҳолатларни тумандаги X – XVI асрларга мансуб Султон Саодат, XVI  асрда бунёд этилган  Кокилдор ота  мажмуаларида  ҳам  кузатиш  мумкин. Тарихий обидаларнинг ҳудудлари ободонлаштирилмаган. Инфратузилма умуман шакллантирилмаган.  Хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун шарт-шароитлар  яратилмаган. 

Қизиғи, ўрганишлар  жараёнида мажмуаларда бирор-бир масъулни ёки қоровулни учратмайсиз.   Эшиклар  ланг  очиқ,  ҳеч  ким  йўқ.  Эга  ҳам  йўқ.   Эга бўлмаса,  нега диққатимизни оширасиз, дерсиз. Айтдик-ку, ахир, бу муқаддас манзилгоҳлар номига бўлса-да, “Давлат муҳофазасига олинган”...

Сарвар ТЎРАЕВ,

“XXI asr” мухбири