Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Давлат харидлари электрон дўкон ва аукционлар орқали бўлади

Давлат харидлари электрон дўкон ва аукционлар орқали бўлади

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги янги қонуни қабул қилинган эди. Куни кеча ушбу қонун Президентимиз томонидан имзоланди.

  Давлат харидларини амалга оширишни тартибга соладиган қонунни ишлаб чиқишда мамлакатимизда бу борада мавжуд тажрибаларгина эмас, балки халқаро амалиётда кенг қўлланилаётган илғор янгилик­лар ҳам эътиборга олинган. Хусусан, қонуннинг “Электрон дўкон” деб номланган V бобида давлат харидларини электрон дўконлар орқали амалга оширишнинг тартиб-таомиллари белгилаб берилган.

 Шу ўринда, аввало, электрон дўкон нима ўзи деган саволга жавоб берсак. Электрон дўкон махсус талаб­лар татбиқ этилмайдиган истеъмол товарларининг ва бошқа товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат харидларини амалга ошириш учун мўлжалланган махсус ахборот порталидаги махсус майдончадир. Унда қатор давлат харидлари амалга оширилиши мумкин. Хусусан, бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан (бюджет буюртмачилари учун энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан) ошмайдиган, бироқ бир йилда бир давлат буюртмачиси учун энг кам иш ҳақининг икки минг беш юз баравари миқдордаги суммадан кўп бўлмаган товарлар, бир давлат буюртмачиси учун энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан ошмайдиган миқдордаги ишлар, хизматлар шулар жумласидандир.

  Электрон дўкон иштирокчиларнинг таклифларидан келиб чиқиб шакл­лантирилади. Иштирокчи таклиф этилаётган товарнинг номи, нархи, техник параметрлари ва фотосурати, кафолат муддати тўғрисидаги ахборотларни электрон дўконга жойлаштиради. Шунингдек, зарур бўлганда, унга рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжат ёки сертификат мавжудлиги ҳақидаги ахборотни ҳам тақдим этади.

 Давлат буюртмачиси электрон дўкон орқали зарур товарни эркин ва қисқа муддатларда харид қилиш имкониятига эга бўлади. Агар давлат буюртмачиси учун электрон дўконда керакли товар мавжуд бўлмаса, у мустақил равишда бу товарни маҳсулот етказиб берувчи билан тўғридан-тўғри шартнома имзолаши мумкин. Давлат харидида электрон дўконнинг жорий этилиши маҳсулот сотувчи ва хизматлар кўрсатувчи субъектлар учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда фаолиятини юксалтириш имкониятини яратади.

 Мазкур қонуннинг кучга кириши билан бюджет маблағлари ва марказлашган бошқа маблағлардан, шунингдек, кредит ресурсларидан ҳукумат кафолати остида самарали ва оқилона фойдаланиш имконини кучайтиради. Шунингдек, давлат секторини зарур миқдорда “Нарх – сифат” жиҳатдан мақбул бўлган товарлар, ишлар ва хизматлар билан оқилона муддатларда таъминлайди ҳамда давлат харидларини танлов асосида амалга оширишнинг шаффоф ва очиқ шаклини белгилайди.

 Энг асосийси, бу қонун бюджет маблағларидан фойдаланишда коррупциянинг олдини олади, тадбиркорлик субъектларига эса фаолиятини кенгайтириш имконини беради. Пировардида давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффоф­лигини янада оширишга, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланишни таъминлашга, ижро интизомини мустаҳкамлашга, умуман, иқтисодиётнинг барча тармоқларини жадал ривожлантириш ҳамда халқимизнинг фаровонлик даражасини юксалтириш борасида кўзда тутилган ислоҳотларни муваффақиятли рўёбга чиқаришга кўмаклашади. Хорижий ҳамкорларимиз учун мамлакатимиз иқтисодиётига инвестиция киритишда янада қулай, ишончли шароит яратади.  

      Исломиддин АБРАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси