Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ДЕҲҚОН БОЙ БЎЛСА...

ДЕҲҚОН БОЙ БЎЛСА...
Бугун оммавий ахборот воситаларининг қай бирини кузатманг, улар мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий жараёнларга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Чунки юртимизда содир бўлаётган туб ўзгаришлар шуни тақозо этмоқда. Кенгашли тўй тарқамас, деганлари шу эмасми, давлатимиз раҳбарининг бевосита иштирокида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида маҳсулот экспорти жараёнларини тобора либераллаштириш ва соддалаштириш, таркиби, географиясини диверсификация қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ҳудудларнинг бу борада салоҳиятини кенгайтириш ҳамда сафарбар этишга алоҳида эътибор қаратилган.
Статистик прогнозлар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йил экспортга йўналтирилган маҳсулотлар тури ва уларнинг салмоғи ўтган йилларга нисбатан анча ортади. Бунга яна бир исбот сифатида яқинда Президентимиз томонидан имзоланган “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни келтиришимиз мумкин. Чунончи, ўз вақтида қабул қилинган мазкур ҳуқуқий ҳужжатда 2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб юртимизда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларига янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида экспорт қилишга рухсат этилди. Агарда яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, эндиликда республикамиздаги барча мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини ташқи бозорларга мустақил етказиб беришини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ўзагроэкспорт” АЖ монополияси бекор қилинди. Яъни, деҳқон таъбири билан айтганда, ҳосил пишгач, сизга маъқулми-йўқми ўз талабини қўядиган “хирмонда ҳозир” тайёрлов ташкилотлари эндиликда аксинча, деҳқон-у боғбон, соҳибкорнинг “имосига” маҳтал бўлишади.  Шунингдек, қарорнинг айни пишиқчилик арафасида қабул қилингани ҳам деҳқон манфаати устун қўйилганидан далолат беради. Бу эса, табиийки, мева, сабзавот ва узум экспорти ҳажми кескин ортиб, “Made in Uzbekistan” ёрлиғи туширилган ўзбек маҳсулотлари жаҳоннинг кўплаб давлатлари  бозорларида сотилишига сабаб бўлади. 
– Мазкур қарор асосида белгиланган йўналишларга оғишмай амал қилиш соҳа ривожида катта ўзгариш ясайди, – дейди “Ўзмиллийбанк” қошида ташкил этилган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Акром Бакаев. – Бугунги кунда жамғармамиз нафақат республикамиз ҳудудларида ўз филиаллари, балки Россия, Жанубий Корея, Италия, Болгария, Швейцария, Германия, Испания ва Хитойда ҳам ўз ваколатхоналарига эга. Яқин келажакда эса Латвия, Сингапур, Португалия, Чехия, Люксембург, Польша, Буюк Британия, Қувайт ва бошқа давлатларда ҳам ваколатхоналар очиш режалаштирилган. Жамғарма томонидан жорий йилнинг ўтган 6 ойида мингдан зиёд тадбиркорларга 1,5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ қийматда маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш учун шартномалар имзолашга кўмаклашилди. 350 га яқин тадбиркор жамғарма кўмагидан фойдаланган ҳолда салкам 700 миллион АҚШ долларилик маҳсулотни хорижга экспорт қилди. Эътиборлиси, жамғарма кўмагидан фойдаланган тадбиркорлар сони ҳам, экспорт ҳажми ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Масалан, 2014 йилда 2 минг 400 нафар тадбиркор жамғарма кўмагидан фойдаланган бўлса, жорий йилда бу рақам 4 мингга етиши кутиляпти.
Қувонарлиси, қуёш тафти-ю деҳқон меҳнати билан етиштирилган мева-сабзавот ҳамда полиз экинларимиз таърифини эшитган ва улардан баҳраманд бўлган хорижлик мижозлар бугун ҳаводор биноларда эмас, балки пайкалларга, боғларга чиқиб, маҳсулотларимизнинг сифати, мазасини мақтай-мақтай даланинг ўзидаёқ буюртма беришяпти. Жамғарма эса уларнинг юртимизга ташрифини ташкиллаштириб, ана шундай манфаатли шартномалар тузишга ёрдамлашмоқда. Бундан ташқари 270 нафар тадбиркорнинг Германия, Россия, Қозоғистон ва Тожикистонда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишларига амалий ёрдам кўрсатилди. 22-23 март кунлари Қозоғис­тоннинг Остона шаҳрида ташкил этилган “Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси”да жамғарма томонидан 100 дан ортиқ тадбиркорларнинг маҳсулотлари намойиши ўтказилди. Кўргазма якуни бўйича Қозоғистон бозорига тўқимачилик, мева-сабзавот, озиқ-овқат, мебель ва қурилиш материалларини етказиб бериш бўйича имзоланган 22 миллион АҚШ долларлик экспорт келишувлари доирасида маҳсулотлар хорижга жўнатилмоқда. “Ўзбекенгилсаноат” АЖ билан биргаликда жорий йилнинг 29 август – 1 сентябрь кунлари Россиянинг Москва шаҳрида ўтказиладиган нуфузли “Текстильлегпром – 2017” халқаро текстиль маҳсулотлари ярмаркасида тадбиркорларимизнинг иштирокини ташкиллаштириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Тадбиркорларимиз учун ажратилиши кўзда тутилаётган 600 кв.м. ўлчамдаги павиль­он ижараси жамғарма маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.
– Ўтган йилдан бошлаб давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан фаолиятимизда мутлақо янгича иш услуби танланди, – дейди А. Бакаев. – Фақат тайёр маҳсулотни экспорт қилиш эмас, уни тайёрлашдан тортиб, бозор топиб беришгача бўлган жараённи ўз ичига олган тизим асосида амалий ёрдам кўрсатишни йўлга қўйдик. Бунинг учун республикамизнинг ҳар бир тумани ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда жамғарма таъсисчилигида жами 85 та агрофирма ташкил этилди. “Иш билганга минг танга”, деганларидек, ҳали айтарли муддат ўтмасдан туриб мазкур агрофирмалар томонидан юз миллион АҚШ долларилик экспорт шартномалари имзоланиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида хорижлик буюртмачилардан маҳсулот учун 32 миллион АҚШ долларидан ортиқ валюта маблағлари келиб тушди ва салкам 20 миллион АҚШ долларлик экспорт қилишга эришилди. Ишларни маромида ташкил этиш учун эса агрофирмаларга салкам 4 миллиард сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди. Бир йилнинг ўзида жойларда 1 минг 500 дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди. Бундай ижобий натижа жаҳоннинг йирик иқтисодчилари таъбири билан айтганда, Ўзбекистонимизда ғоятда пухта ишлаб чиқилган бизнес режа асосида иш олиб борилаётганига ишорадир.
Зиёдулла МЎМИНОВ,
“XXI asr” мухбири