Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Деҳқон: пиёз етиштирган айбдорми?

Деҳқон: пиёз  етиштирган айбдорми? Куни кеча "Деҳқоннинг КОСАСИ қачон ОҚАРАДИ?" сарлавҳа остида мақола эълон қилган эдик. Айнан шу мавзуга доир  яна бир мулоҳазали мақолани эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Зеро, ҳар бир муаммоли масала жамоатчилик эътиборидан четта қолиши керак эмас!

Шу йили Сурхондарё вилоятида 7 минг   815 гектар  майдонга пиёз экилганди.   Сўнгги  йилларда давлатимиз  томонидан  фермер ва томорқа хўжаликларига қаратилаётган эътибордан, экспорт масалалари диққат марказида турганидан   руҳланган  воҳа миришкорлари  не-не  умидлар билан ерга уруғ қадашганди. Ер  ҳам  астойдил тер тўкканларни сийлади. Вилоятда  жами  185 минг тонна пиёз  ҳосили  етиштирилди. Аммо хирмон кўтарилганда, қўярда-қўймай пиёз  экишга  ундаган, “Маҳсулотингизни яхшигина нархга биз сотиб оламиз” дея кўкрак керган, тарғибот-ташвиқот юргизган ҳайбаракаллачилар – экспортга  масъул айрим мутассаддиларни  топиб  бўлмай қолди. Тўғри, таннархи 590 сўм бўлган 1 килограмм пиёзни “Ўзаг­роэкспорт” АЖ вакиллари воҳадаги деҳқон ва фермер хўжаликлардан  аввалига 1200  сўмдан  харид қилишди.  Олтинсой, Денов, Шўрчи туманларида ҳам пиёз кўп миқдорда сотиб олиниши ҳақида   хабар тарқатилганда кўп миришкорлар хурсанд бўлган эди. Лекин тезда масаланинг  миси  чиқди. Тилга олинган ҳудудлардаги аксарият деҳқонлар ўзлари етиштирган маҳсулотни сотувга тайёр ҳолатга келтирган бир пайтда   харидорнинг  инжиқликлари ва баҳоналари  оламни  бузди... 

– Яхши ниятлар билан пиёз эккандим. Кутилгандан-да зиёда ҳосил берди.  60 тонна ҳосил олдим. Ҳар йили ўзимиз харидор излаб, маҳсулотларимизни сотардик. Бу йил эса яхши бир хабар, яъни “Ўзагроэкспорт” АЖ томонидан маҳсулотларимиз сотиб олиниши ҳақида эшитиб, келишиб  қўйгандик. Бошқа харидор ҳам изламагандим. Аммо улар 60 тонна пиёздан 60 килограммини ҳам олишмади, – дейди Шўрчи туманидаги “Бобур” маҳалласида яшовчи Холбой Қурбонов куюнчаклик билан.

Фермер  етиштирган  ҳосилини масъулларга топшириш учун қатнайвериб, ҳолдан тойди.  Бир гал “секторингизнинг навбати  келса оламиз”, дейишди. Иккинчи сафар “ҳозир кам таъминланганларнинг ҳосилини  оляпмиз”, дейишди. Учинчисида эса “экспорт тугади” дея   лўнда гапни айтишди-қўйишди. Фермер маҳсулотини  транспортга ортиб, айтилган жойга борди, харажат қилди. Бир неча кун маҳсулотни сақлаш учун ҳам пул тўлади. Охирида  олиб борганини олиб қайтди. Агрофирмага  ишониб қолганига, арзон  сўраган  харидорларга    бериб   юбормаганига афсусланди. 

– Исроф бўлган пиёз ҳатто чорва молларига ҳам емиш бўлмади. Олти килограмм пиёзнинг нархига бир килограмм сомон  бераяпти. Бу нима деган гап? – дейди Холбой Қурбонов алам билан.

Шўрчи тумани “Шалдироқ” маҳалласида яшовчи Алимардон Болтаев  1 гектар  майдонга  пиёз  экиб, 25 тонна ҳосил олди. “Ўзагроэкспорт” АЖ ходимлари келиб, етиштирилган ҳосилни килограммини  800  сўмдан  баҳолашади  ва  олишга ваъда беришади. Бироқ...

–  Харидорлар етти  тонна пиёз  олишди. Кейин бирданига ишни тўхтатиб, “Қолганини сотиб ололмаймиз, вагон йўқ” дея жўнаб қолишди. Пиёз тез айнувчи маҳсулот бўлса, масаланинг бу ёғи билан  уларнинг бир пуллик ҳам иши бўлмади. 35 миллион сўм харажат қилгандик, шу  харажатни қоплашнинг ҳам иложи бўлмади,  –  дейди  Алмардон  Болтаев.

Деновлик деҳқонлар томонидан ҳам жорий йилда 62 минг 100 тонна пиёз етиштирилди.

Пиёзнинг  Денов  бозоридаги  нархи ўша пайт  300 сўм бўлганди, уни  800-1000 сўмдан олишга  ваъда   берганлар  эса  сўзларининг  устидан  чиқмади. Бу сабзавот асосан қўл меҳнати билан етиштирилади. Ёлланма ишчи кунига 40 минг сўмга ишлайди. Шу пулга эса бозорда 1 центнердан ортиқ  пиёз беради, – дейди   яна   бир миришкор, деновлик  Шуҳрат Алмосов.  

Бозорчилар томонидан таклиф этилаётган пул пиёзни ковлаб олиш харажатларини қоплашга ҳам етмаяпти. Шу боис пиёз экилган майдонлар қаровсиз қолиб кетди, айримлари кейинги  экин  учун  шудгорланди. Пиёз мавсуми тугади ҳисоб. Унинг муаммоларидан куйган миришкорлар ерни шудгорлаб оҳ-воҳларини ер остига кўмиб ҳам бўлишди.  Олдинда эса яна  йиғин-терим  мавсуми. Хўш, айрим мутасаддиларнинг пухта ўйланмаган режа ва лойиҳалари яна бўй  кўрсатадими? 

Сарвар ТЎРАЕВ,

“XXI asr”   мухбири