Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Деҳқонободда бир байрам бўлдики...

Деҳқонободда бир байрам бўлдики...

– Миллий байрамларимизнинг таровати, ўзига хослигини таърифлаш ортиқча. Улар орасида айниқса Наврўзнинг ўрни беқиёс, бебаҳо – дейди “Деҳқонобод калий заводи” масъулияти чекланган жамияти директори Ҳамидилла Шерматов. – Талабалик давримизда Наврўз кунлари курсдошларимиз билан тоғларга, далаларга чиқиб кетардик.

Корхонага раҳбар бўлиб келганимдан сўнг бир талай ажойиб анъаналарни йўлга қўйдик. Хусусан, баҳор ва гўзаллик шодиёнаси бўлган Йилбоши тантаналарини Даштқўтон деб номланувчи беадад кенгликларда, табиат қўйнида шоду хуррамлик ва кўтаринкилик билан нишонлайдиган бўлдик. Баҳор байрамини табиат қўйнида ўтказишга не етсин. Бундай дилбар лаҳзалар кишига хуш кайфият бағишлайди, ишчанлигингиз ошади, умрингизга умр қўшилади, яшашдек улуғ имконият ато этгани учун Яратганга шукроналар айтасиз. Энг муҳими, диллардан рутубат, гина-кудурат кетади, ёшу қари бир-бирига эзгу тилаклар тилайди.

Байрам арафасида корхонада кўп йиллар меҳнат қилиб, айни пайтда кексалик гаштини сураётган отахон ва онахонлар, шифохоналарда даволанаётган ишчи-хизматчилар, кам таъминланган оилаларнинг ҳолларидан хабар олиниб, моддий ёрдам, байрам совғалари ва  озиқ-овқат маҳсулотлари улашиб чиқилди. Корхонамиз цехлари, бўлинмалари жамоалари ўртасида мини футбол бўйича мусобақалар ташкил этилди. 

Дарҳақиқат, Даштқўтон адирлари байрам нишонланган куни одамлар билан лиқ тўлди. Наврўз сайлига таклиф этилганлар дастлаб адирда тикланган ўтовларда меҳмон бўлишиб, сўнг воҳа санъаткорларининг дилрабо куй-қўшиқлари ва жозибадор рақсларидан баҳраманд бўлдилар. Бахшилар халқона термаларни жўшиб куйладилар. Дорбоз ўйинлари, болалар аттракциони, миллий таомлар ва шарқона либослар кўрик-танловлари ўтказилди. Кураш ва кўпкари мусобақалари эса томошабинларнинг олқишлари остида ўтди. Шодиёна кунлари 20 та муҳтож оиланинг суннат тўйлари ўтказилиб, болаларнинг ҳар бири номига  омонат дафтарчалари очилиб, маблағлар қўйилди. Уларга велосипедлар ва бошдан-оёқ сарполар инъом этилди. 

Айём дастури доирасида корхонанинг мажлислар залида “Ворис” маркази билан ҳамкорликда бахши шоирлар иштирокида “Юртин достон этар бахши” деб номланган  кўрик-фестиваль ҳам ташкил этилди. Дастлаб Қашқадарё бахшичилик мактаби ва достончилик санъатини ривожлантириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Мусоҳабада филология фанлари доктори Жаббор Эшонқулов, фольклоршунос олим Абдуолим Эргашев, Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуқаҳҳор Раҳимов ва бошқалар сўзга чиқиб, Деҳқонобод ва Чироқчида яшаб ижод қилаётган бахшилар учун махсус мактаблар очиш ва уларни керакли ашёлар билан таъминлаш, шунинг­дек, раҳматли Қодир бахши Раҳимов ҳамда бугунги кунда бир асрни қоралаб қолган Шомурод бахши Тоғаевнинг уй-музейларини ташкил этиш, дўмбира усталарига устахона ташкил этиш учун жой ва молиявий кўмак ажратиш, бахшичилик санъатига бағишланган ўқув қўлланмалари яратиш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Шундан сўнг вилоятнинг Деҳқон­обод, Чироқчи, Нишон, Касби туманлари ва Сурхондарёдан келган меҳмон бахшилар ўз иқтидорларини намоён этишиб, ўзаро беллашдилар. Икки воҳанинг  бахши шоирлари бундай кўрик-фестивални анчадан буён интиқиб кутаётган эдилар. Улар шу куни завқ ила дўмбира чертиб, жўшиб-жўшиб куйладилар. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари бахшиларнинг ижро маҳорати, кийи­ниш ва саҳна маданияти, куй, нағма ва термаларнинг бадиий жиҳатдан мукаммаллиги, ижро услуби ва йўлларининг мутаносиб­лигига эътибор қаратдилар. Шунингдек,  иштирокчиларининг чиқишлари чолғу, дос­тон ва замонавий термалар каби ижрочилик йўналишлари бўйича баҳолаб борилди. Энг қувончлиси, биринчи ўринга деҳқонободлик  афсонавий Қодир бахшининг ўғли Баҳром Раҳимов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин нишонлик бахши Мурод Алиқуловга, учинчи ўрин эса чироқчилик Шомурод бахшининг невараси Санжар Чўбаевга насиб этди. “Энг ёш ижрочи бахши” номинацияси бўйича Сурхон воҳасидан келган Диёр Расулов ғолибликни қўлга киритди. “Энг ёш чолғу ижрочиси” номинацияси бўйича деҳқон­ободлик Илҳом Раҳимовга тенг келадигани топилмади. Ғолиблар ва барча бахши-шоирларга корхона маъмуриятининг қимматбаҳо совғалари топширилди. 

  – Мана, беш йилдирки, воҳамиздаги бахши-шоирлар иштирокида бирорта ҳам анжуман ўтказилмаган эди, – дейди “Ворис” маркази директори Фотима Жумаева. – Бизнинг ташаббусимизни қўллаб-қувватлаб, ҳомийлик қилган “Деҳқонобод калий заводи” масъулияти чекланган жамияти раҳбарларига ўз миннатдорлигимизни билдирмоқчиман.  Бу тадбир 5-10 апрель кунлари Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган “Халқаро бахшичилик санъати фестивали” олдидан ўзига хос бир тайёргарлик вазифасини ўтади десам, янглишмайман.

Шу ўринда мазкур корхона салоҳияти хусусида мухтасар тўхталиб ўтиш жоиз. Корхонада йил сайин маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортяпти. Жорий йилда 314 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиши мўлжалланяпти. Шундан 168 минг тоннаси Индонезия, Таи­ланд, Литва, Латвия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Малайзия, Эрон ва Сингапурга экспорт қилинади. Қолган маҳсулот ички бозорга чиқарилади. Эътиборлиси, корхона  туманда амалга оширилаётган  ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ишларига муттасил равишда  ҳомийлик қилмоқда. Жумладан, Қум қишлоғидаги “Бибиқорасоч она”, Бешбулоқ қишлоғидаги “Бешбулоқ ота” қабристонлари ободонлаштирилди, “Қулмозор ота” ва “Ҳасан бобо” қабристонларига олиб борувчи ҳамда Торқапчиғай қишлоғи йўллари асфальтланди. “Бошбулоқ – Оқиртма” ичимлик сув қувури линияси таъмирланди.

Корхонада O‘zLiDeP бошланғич ташкилоти тузилган. Ўтган даврда унинг аъзолари сони 25 тага кўпа­йиб, ҳозирда 125 нафарга етган. Шу кунларда БПТ фаоллари “O‘zLiDeP бошланғич ташкилотлари ўз томорқасида фаолият бошлаганларга кўмакдош” лойиҳаси доирасида қизғин иш олиб боряптилар. Хусусан, қуйи бўғин ташаббуси билан  корхона ходимлари ўртасида “Энг намунали томорқачи” кўрик-танлови ўтказилди, ғолиблар рағбатлантирилди.

– Корхонамизда 1 900 нафарга яқин ишчи-хизматчи, муҳандис-техник ходим меҳнат қиляпти, – дейди жамиятнинг хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси Зебинисо Салимова. – Уларнинг 207 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Наврўз шодиёналарини сумалак сайли ташкил этган ҳолда кутиб олишга одатланганмиз.  Туни билан дилбар опа-сингилларимиз лапар ва термалар куйлашиб, сумалак қайнатдилар. Эрта тонгдан баҳорнинг бу тансиқ таомини корхона ишчи-хизматчилари, муҳандис-техник ходимларининг оилалари, яқин-атрофдаги қишлоқларда истиқомат қилаётган муҳтож, боқувчисини йўқотган оилаларга тарқатдик. Наврўз байрами тантанасида хотин-қизларимиз ажойиб терма ва лапарлари билан чиқиш қилдилар. Улар ўртасида ташкил этилган волейбол мусобақаси ҳам жуда қизиқарли бўлди. Баҳор байрами шукуҳи давом этаётир.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири