Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Деновда “Чағониён” китоб маркази очилди

Деновда “Чағониён” китоб маркази очилди

Сурхондарё вилоятида вилоят маънавият ва маърифат кенгаши томонидан май ойи  “Маърифий ойлик” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан жойларда тинчликни қадрлаш, буюк алломалар ҳаёти ва ижодий меросини ўрганиш ҳамда ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтиришга бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Ойлик доирасида Денов туманида “Китоб дунёси” масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий усулда барпо этилган уч қаватли “Чағониён” китоб марказининг очилиш маросими бўлди.

 Китоб марказининг очилишида вилоят ҳокими  Эркин Турдимов сўзга чиқиб, бугун ҳар жабҳада янги Ўзбекистоннинг тақдимоти бўлаётгани, дунё аҳли бу ўзгаришларнинг одамлар ҳаётига дахлдорлигини эътироф этаётганини айтди. Хусусан, жойларда ташкил этилаётган китоб мажмуалари ёшларимизни китобсеварликка, маънавий камолотга ундаётганини, бундай ўзгаришлар давом этишини қайд этди. Кенг жамоатчилик вакиллари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари, туман фаоллари ва ёшлар иштирок этган тадбирда  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги директори Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, шоир ва таржимон Мирзо Кенжабек, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ва бошқалар сўзга чиқиб, бу мажмуа маънавиятимиз тарғиботида биқиёс хизмат қилишини таъкидлашди.

Мажмуа замонавий шароитларга эга бўлиб, унда 15 мингга яқин бадиий, сиёсий, ҳуқуқий соҳаларга оид китоблар жой олган. Харидорлар нафақат китоб сотиб олиши, қолаверса, уларни ўқиш имкониятига ҳам эга бўладилар. Келгусида кутубхонани янги китоблар билан бойитиб бориш, электрон кутубхона хизматларини йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилмоқда.

— Ушбу замонавий бинонинг қурилиши учун 2 миллиард  700 миллион сўм маблағ сарфланди, — дейди Денов тумани “Китоб дунёси” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ислом Худойбердиев. — Бу маскан халқимизга беминнат хизмат қилиб, китобсеварларнинг қадрдон манзилига айланишига ишонаман.

  Янги китоб мажмуасида республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан воҳамиз ёш ижодкорларининг назм ва наср йўналишидаги ижодий ишлари жамланган “Кенглик оҳанглари” номли баёзнинг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.                               

       Сарвар  ТЎРАЕВ,

“XXI asr”   мухбири