Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Депутат раҳмат эшитсин!

Депутат раҳмат эшитсин!

Избосканнинг Жаҳонобод маҳалласи Янги ҳаёт кўчаси пастки қисмида узунлиги 1 060 метрлик катта ташлама ариқ бор. Тўққиз йилдан буён тозалашга муҳтож зовур аллақачон атрофдаги томорқаларга зах сув чиқариб, салбий таъсирини ўтказиб бўлган. Ҳудуддаги аҳоли шахсий томорқаларининг захлаб кетгани боис экин экиб, даромад ололмай хуноб. Бир неча бор мутасаддиларга, маҳалла фуқаролар йиғинига қилинган мурожаатлар эътибордан четда қолаверди...

           Азизбек Даминов тиниб-тинчимайдиган депутатлардан. Аҳоли мурожаатини ижобий ҳал этмагунича ҳаловат билмайди. Унинг ташаббуси ва тумандаги “Норин-Қорадарё” ирригация тизими ҳамкорлигида зовур қайта қазилди, ер захи қочирилди. Энди эса одамлар хурсанд. Қувонарлиси, 2019 йил давлат дастурига киритилиши мўлжалланган мазкур муаммо Азизбек Даминовнинг фидойилиги билан муддатидан аввал ҳал этилди.

           Депутат ўзи сайланган 1-Қўшкўприк, Жонобод, Жаҳон­обод сайлов округи аҳлининг қувончу ташвишларидан доимо хабардор. Фуқаролар унинг қабулига шунчаки “айтиб кўрай-чи” деган истиҳола билан эмас, балки қаттиқ ишонч билан келишади.

            Инобиддин Турғуновнинг муаммоси ҳам депутат кўмагида ечим топди. Мавсумий иш билан банд фуқаронинг уч фарзанди бор. Янги ҳовлига кўчиб ўтганига кўп бўлмади. Атиги битта уйни кўтариб, яшаётган Инобиддиннинг топгани рўзғордан ортмайди. Турмуш ўртоғи эса уй бекаси.

            Қишнинг изғиринида оилада низо чиқди. Сабаби оддий – ёқилғи қолмаган. Хотин аразлаб ота уйига кетиб қолган. Ёқилғи ёки газ баллон сотиб олишга Инобиддиннинг қурби йўқ. Боши қотган фуқаро депутатнинг қабулига умид билан борди. Азизбек Даминов дастлаб ўз ҳисобидан 1 тонна арзонлаштирилган кўмир харид қилди-ю, фуқаронинг хонадонига юборди. Туман газ идораси ёрдами билан оила икки кун ичида суюлтирилган газ баллон билан таъминланди. Асосийси, бундан кейин яна можаро бўлмаслиги учун И. Турғуновни “Жонобод чорваси” фермер хўжалигига ишга жойлади...

            – Қўшкўприк маҳалласидаги Олтин девор кўчаси барпо бўлганига ўн йилдан ошди, – дейди аҳоли вакилларидан бири. – Айни кунга қадар хонадонлар электр тармоғи билан бутунлай таъминланмаганди. Шу кунгача очиқ, хавфли қўлбола электр симлари ва ўтказмаларидан фойдаланиб келаётган эдик. Депутатга мурожаатимиз туфайли бугун жамланма узунлиги 1170 метрни ташкил қилувчи кўчамизга лойиҳа асосида янги бетон устунлар ўрнатилди, узоқ масофадан электр симлари тортиб келинди. Бунинг учун депутатга раҳмат!

Зилола РАҲМОНОВА,

“XXI asr” мухбири