Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Депутат сўровига жавоб бор, натижа ЙЎҚ!

Депутат сўровига  жавоб бор, натижа ЙЎҚ! 2016 йилнинг сентябрь ойида Юнус­обод туманини Чилонзор тумани билан боғлайдиган кенг ва равон Нурафшон кўчаси ишга туширилди. Бу эса пойтахтимиз аҳолиси учун катта қулайлик яратди – Кичик ҳалқа йўлида тирбандлик  юзага келишининг олди олинди.

Ана энди бу ёғини эшитинг: шу йўл қурилиши вақтида Марказ-27 мавзесидаги 9-уйнинг ён-атрофи Нурафшон кўчасини ёритиш учун кабель ўтқазиш мақсадида кавланди. Коммуникация симлари тортиб бўлингандан кейин тупроқ билан номигагина кўмилди. Тамом, вассалом. Энг қизиғи, янги йўл фойдаланишга топширилганидан сўнг ҳам 9-уй атрофини тузатиш ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Охир-оқибат шу пайтгача обод ва саришта бўлиб турган уй атрофи қишнинг ёмғирли кунларида лой, ёзда эса чанг-тўзонга тўлди.

Шу уйда яшовчилар юзага кеган муаммо ҳақида мутасадди корхоналарга бирма-бир мурожаат қилишди. “Тошшаҳарнур” ДУК “Шайхонтоҳур электр тармоқлари”ни жавобгар эканлигини рўкач қилди. Улар эса аксинча, бу масалада ободонлаштириш бошқармасига мурожаат этиш лозимлигини тушунтиришди. Яна кимдир “Тошиссиқликқувват” айбдор, деди. Хуллас, сансолорликнинг охири кўринмади.

Орадан бир йил ўтгач, ушбу масала бўйича депутат сифатида менга 9-уйда яшовчилар ва уй бошлиғи вазиятни жиддий ўрганишни сўраб мурожаат қилишди. Масала моҳиятини таҳлил қилиб чиққач, юқорида номлари кўрсатилган ташкилотларга депутатлик сўрови юбордим.

Жавоблар узоқ куттирмади. Лекин бу хатларда жўяли фикр ўрнига, бошқа ташкилотларнинг жавобгарлиги ҳақидаги баҳоналар келтирилган эди. Шундай жавобларнинг бирида давлатга тегишли бўлган жойларни кавлашдан олдин Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармасидан рухсат олиниши, акс ҳолда бу йўлни кавлаган ташкилотнинг ўзи жавобгар бўлиши маълум қилинган. “Тошшаҳарнур” ДУКдан келган жавобда эса бу ерни кавлаган бош пудратчи – “Автотрасса” корхонаси эканлиги айтилган.

Табиийки, навбатдаги депутатлик сўровим “Автотрасса”га йўлланди. Бу ташкилотдан келган жавоб хатида эса “Нурэлектросозлаш” масъулияти чекланган жамиятига мурожаат қилиш лозимлиги таъкидланган эди. Масалага жўялироқ ечим топиш учун биз ҳам эринмадик. Охири нима бўлди денг, “Нурэлектросозлаш” юборган жавобга кўра, “Автомагистраль” электромонтаж ишлари учун улардан 194,4 миллион сўм қарздор бўлиб, ана шу қарздорлик тўланган тақдирдагина  9-уй атрофини тузатишармиш...

 Ана сизга баҳона. Хўш, нега энди икки ташкилот ўртасидаги низодан юзлаб одамлар жабр кўриши керак? Демак, икки йилдан бери давом этаётган ноқулайлик ҳали-бери тугамас экан-да!

Мен депутат сифатида ушбу муаммо ечимини излаб, 7 та ташкилотга шахсан мурожаат қилдим. Ваколатим доирасида 5 та депутатлик сўрови чиқардим. Лекин натижа йўқ. Энди қаерга мурожаат қилишни билмай қолдим. Бу аҳволда эл-улус биздан рози бўлармикан?

 

Бобуржон РАСУЛЕВ,

халқ депутатлари
Шайхонтоҳур тумани Кенгашидаги
O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси