Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Депутат халқ дарди билан яшасин...

Депутат халқ дарди билан яшасин...

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят, туман, шаҳар кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари томонидан ўтган 9 ой давомида 866 та сўров юборилди. Гуруҳлар ташаббуслари билан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари мажлисларида 155 нафар мансабдор шахснинг ҳисоботи эшитилди. Доимий комиссиялар йиғилишига 33 та таклиф киритилиб, 26 таси юзасидан ижобий ечимга эришилди. Сессиялар муҳокамасига киритилган 34 та масаладан 12 таси юзасидан қарор қабул қилинди. Жумладан, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ички ишлар бошқармаси бошлиғи Д. Турсунбоев, тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун кредитлар берилишининг ҳолати тўғрисида Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи А. Яҳёевнинг ахбороти эшитилди.

– Ҳудудда ташкил этилган кичик саноат зоналарининг бугунги фаолияти ҳам депутатлик гуруҳи томонидан ўрганилди, – дейди O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши сектори мудири вазифасини бажарувчи Дилдорахон Вафоева. – Маълумки, кичик саноат зоналари учун Қарши шаҳри, Нишон ва Шаҳрисабз туманларида жами 6,8 гектар ер ажратилиши белгиланган бўлиб, 28 тадбиркор томонидан 216 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Қарши – Бешкент йўли бўйида жойлашган кичик саноат зонаси мисолида кўрадиган бўлсак, бу ердаги 12 та лойиҳанинг умумий қиймати 2,8 миллиард сўм бўлиб, шундан 1,5 миллиард сўми тадбиркорларнинг ўз маблағи, 1,3 миллиард сўми эса тижорат банкларининг маблағи ҳисобига амалга оширилиши, 78 та янги иш ўрни яратилиши керак эди. Лекин орадан тўрт йил ўтса ҳамки, 6 тагина лойиҳа амалиётга татбиқ этилиб, 46 нафар ёшнинг бандлиги таъминланган, холос.

Қолган 6 та субъект томонидан лойиҳалар амалга оширилмаган. Кичик саноат зоналари ташқи муҳандислик коммуникациялари билан тўлиқ таъминланмаган, кириш йўллари яроқсиз, табиий газ, ичимлик суви ва канализация тизими ишга туширилмаган. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан Қарши шаҳар ободонлаштириш бошқармаси, “Сувоқова” корхонаси ва “Ўзтрансгаз”нинг ҳудудий таъминот корхонаси идоралари томонидан ҳеч қандай иш қилинмаган. Саноат зонасидаги трансформаторнинг қуввати етарли эмаслиги сабабли тадбиркорлар бош­қа тармоқларга вақтинчалик уланиб, фаолият олиб бормоқда.

Энди депутатлик гуруҳларининг бевосита мулоқотлар, сайёр қабуллар ташкил этиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган муаммоларнинг ечими юзасидан корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарларига йўллаётган сўровларига тўхталамиз.

Мироқи қишлоғида 9 279 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бу ер туман марказидан анча узоқда, тоғ ёнбағрида жойлашгани боис аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида талай камчиликлар мавжуд эди. Хусусан, қишлоқдаги ҚВПда малакали шифокор ва замонавий тиббий ускуналарига талаб қондирилмаганди. Сайёр йиғилишларда сайловчилар халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Исломиддин Аброровга амалий ёрдам сўраб мурожаат этдилар. Депутатнинг саъй-ҳаракати билан қишлоқ врачлик пункти оилавий поликлиникага айлантирилди. Унинг қошида Тез тиббий ёрдам шохобчаси ва дорихона ташкил этилди. Бугунги кунда мазкур тиббиёт муассасасида педиатр, терапевт, акушер-гинеколог ва невропатолог меҳнат қилмоқда.

Мироқиликлар депутатга ичимлик суви сақлаш иншоотини қайта таъмирлаш, ифлос сувнинг дарёга тушишининг олдини олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат этганди. У вилоят “Сувоқова” бошқармасига сўров билан чиққандан сўнг, 8 км узунликдаги ичимлик сув тармоқлари, бир дона зарарсизлантириш ускунаси, 2 та сув йиғиш минораси реконструкция қилинди. Дарё ўзанида яшайдиган кўпчилик аҳоли очиқ сув ҳавзасидан фойдаланишини ҳисобга олган ҳолда ифлос сувнинг дарёга тушишининг олдини олиш юзасидан мутасадди идораларга огоҳлантириш хати берилди.

Вилоят Кенгаши депутати Абдувоҳид Бегалиевнинг вилоят автойўл бошқармасига юборган сўровидан сўнг Миришкор туман Обод қишлоғи ҳудудида 1 км йўл асфальт қилинди.

Нишон туманидаги Учмулла маҳалласида яшовчи сайловчилар вилоят Кенгаши депутати Убайдулла Усмоновга мурожаат этиб, “Қарши – Талимаржон ИЭС” автомобиль йўлининг маҳалла ҳудудидан ўтувчи 12 километри бутунлай яроқсиз ҳолатга келганини билдиришди. Депутатнинг саъй-ҳаракатлари билан йўл сифатли таъмирланиб, автомобилларнинг қатнаши учун қулайлик яратилди.

Китоб тумани Совуқбулоқ қиш­лоғи тепасида жойлашган тоғ тизмаларидаги “Етти қиз” деб номланган ҳудудда кучли сел 4 та кўприкни ювиб кетиб, бешинчиси ҳам қатнов учун яроқсиз ҳолга келган эди. Вилоят Кенгаши депутати Алишер Бойқараев сайловчиларнинг ёзма мурожаатидан сўнг ҳолатни синчиклаб ўрганди ва мазкур муаммони ижобий ҳал этиш юзасидан вилоят автойўл бошқармаси ва вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарига бир неча бор сўровнома билан чиқди. Натижада  2 та кўприк ҳашар йўли билан таъмирланди, қолган кўприк ёнидан вақтинча ўтиб-қайтиш учун кечув йўли қилинди.

Вилоят Кенгаши депутати
М. Султоновга Қарши тумани Меҳр нури кўчасида яшовчи фуқаролар мурожаат этиб, томорқаларини суғориш учун оқова сув муаммоси пайдо бўлганини билдиришди. Маълум бўлишича, Қарши туман ИИБ профилактика инспектори Р. Абдуллаев уйи олдидан ўтган ариқларни кўмиб ташлаб, 3 нафар қўшнисига томорқасида экин етиштиришда сув танқислигини юзага келтирган. Депутатнинг Қарши туман ИИБ ва туман архитектура ва қурилиш бўлимига юборган сўровномасидан сўнг ариқлар очилиб, оқова сув таъминоти қайта тикланди.

Қамаши туманида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар мутлақо талабга жавоб бермайди. Депутатлик гуруҳи ташаббуси билан туман Кенгаши сессиясида “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурига киритилган вазифаларнинг ижроси ҳамда якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала кўриб чиқилди. Қашқадарёда тўртта норасмий мардикор бозори бор. Агар уларга бориб, ҳар икки мардикордан бирини қаердан эканлигини сўрасангиз, қамашилик бўлиб чиқади. Туманда бандлик масаласи долзарб бўлиб турибди. Шу боис қамашиликлар иш излаб хорижга ва Тошкентга кетиб қолишаяпти...

Уч мингдан ортиқ аҳоли умргузаронлик қилаётган Қамаши туманидаги Чангак қишлоғида бирорта ҳам дорихона мавжуд эмаслиги боис одамлар зарур дори-дармонларни харид қилиш учун 30-35 километр йўл босиб, туман марказига боришга мажбур эдилар. Депутат Зайниддин Эшонқулов мазкур муаммони ижобий ҳал этишни сўраб, вилоят тиббиёт бош­қармасига сўровнома билан чиқди. Махсус комиссия тузилиб, аҳолининг фармацевтика воситаларига бўлган эҳтиёжи ўрганилди. Депутатнинг саъй-­ҳаракатлари билан қиш­лоқда ижтимоий дорихона ташкил этилди.

Нишон тумани Абдулла Қодирий маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 6 305 нафар аҳоли истиқомат қилади. Таянч станцияси йўқлиги боис бу ерда телефон алоқа хизмати яхши эмаслиги ҳақида сайловчилар бир неча бор вилоят Кенгаши депутати Убайдулла Усмоновга мурожаат этганди. Депутат Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Қашқадарё вилоят бошқармасига мазкур муаммони бартараф этиш юзасидан сўровнома билан чиқди. Шундан сўнг “ЎзМобайл” мобиль алоқа миллий оператори тармоғининг таянч станцияси барпо этилди.

Арслон Абдуллаев кўп йиллардан буён тадбиркорлик билан шуғулланиб, ёшларни иш билан таъминлаб келаётган партиямиз фаолларидан. У Чироқчи тумани Сувлиқ қишлоғида китоб дўкони ва кафе ташкил этиш, спорт мажмуаси қуриш учун ер ажратиб беришларини сўраб, туман ҳокимлигига ёзма мурожаат қилади. “Кўчмас мулк савдо хизмати” МЧЖ томонидан ўтказилган танловда ғолиб деб топилгандан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкалари бериш тартиботларини ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун доимий фойдаланишга танлов асосида ер участкалари бериш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 48-бандига асосан спорт объектларини қуриш учун туман ҳокимининг қарори чиқарилиши керак эди. Бироқ ҳоким Рустам Жўрақобилов буни пайсалга солиб, тадбиркорни сарсон-саргардон қилаётганди.

Тадбиркор қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш ва ер ажратилишини таъминлаш борасида халқ депутатлари туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Фарҳод Элмуродовдан амалий ёрдам сўрайди. Депутатлик гуруҳи аъзолари мазкур муаммони чуқур ўрганиб, бир неча бор депутатлик сўрови билан чиққанларидан сўнг тадбиркорга Чиял массивидан жами 0,69 гектар ер майдони ажратилди. Айни пайтда бу ерда қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

– Депутатлик гуруҳимиз томонидан ўтган давр мобайнида 55 та депутатлик сўрови юборилган, – дей­ди Миришкор туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Бешбой Шарипов. – Туман ободонлаштириш идораси, туман электр тармоқлари, туман ҳокимининг ўринбосари, туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимига юборган электр таъминотини яхшилаш, фермерга суд қарори ижросини таъминлашга кўмаклашиш, ички йўлларни таъмирлаш, қабристонлар атрофини ўраш, томорқа хўжаликларини оқар сув билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб юборган 6 та сўровимизга ҳеч қандай жавоб ололмадик. Мазкур ҳолат бўйича прокуратурага жўнатилган хатлар ҳам денгизга тушган тошдек изсиз йўқолаётир. Найистон – Қурама сув тақсимлаш шохобчасини ишга тушириш борасида туман Кенгаши сессияси қарори ҳам бажарилмаяпти...

Сайловчилар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан депутатга ишонади ва ундан амалий ёрдам сўраб, мурожаат этади. Агар мутасаддилар сукут сақлашда давом этсалар, электоратнинг сиёсий кучга ва унинг депутатларига ишончи йўқолиши ойдек равшан. Мухтасар қилиб айтганда, аҳолининг турмуш фаровонлиги кун сайин ошириш, халқни қийнаётган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, одамларнинг ҳаётдан розилигига эришиш йўлида жонкуярлик нафақат сиёсий партиялар фаоллари, балки ижро ҳокимияти вакилларининг ҳам биринчи галдаги вазифаси эканлигини унутмаслик керак.

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири