Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

ДЕПУТАТ ЙЎЛГА ЧИҚДИ

ДЕПУТАТ ЙЎЛГА ЧИҚДИ
Тоҳиржон қиш­лоқни оралаб, ўз фермер хўжалиги томон бораётган эди. Кимдир товуш берди. Ўгирилиб қараб, ўзи томон шошиб келаётган аёлга кўзи тушди. Таниди – қишлоқдаги 7-МТМ мудираси Хуршидахон Темирова.
– Ассалому алайкум, Тоҳир ака, олдингизга кетаётгандим, – деди мудира.
 – Тинчликми, синглим?
– Хабарингиз бордир, боғчамиз ўтган йили июнда реконструкция режасига киритилувди. Сентябрда топширишмоқчи эди. Қурувчилар иш бош­лашди-ю, ташлашди. Оналар “Боғча қачон очилади?” деб қўймайди. Бормаган жойим қолмади. Депутатимиз сифатида ёрдам берсангиз, дегандим.
 – Жуда яхши, мен ўрганиб кўра­йин-чи...
Тоҳиржон эртаси куни шу масалада Янгиқўрғон туман марказига бориб, тегишли идораларга учрашди. Маълум бўлдики, МТМ реконструкцияси “Бунёдкор” МЧЖ чекига тушган экан. Қурувчилар таъмирни бошлашган-у, негадир тўхтатиб қўйишган. Депутат аввалига масъулларга сўров билан чиқишни ўйлади. Кейин мулоҳаза қилиб кўриб, қурилиш ташкилоти раҳбари Аҳмаджон Набиев билан учрашишга қарор қилди. Ахир, бу бир сўзли йигитни танимаганда ҳам бошқа гап эди. Бирор сабаби бўлса керакки...
Депутат Аҳмаджонни туман марказидаги пардоз ишлари кетаётган бинодан топди. “Ҳорма-бор бўл”дан кейин мақсадини айтди.
– Э, қораянтоқликлар олдида ўзим ҳам қаттиқ хижолатдаман, ака, – деди қурувчи. – Орага бири-биридан зарур юмушлар тушиб... улгуролмай қолдик-да... Бўлди! Бир ҳафтадан кейин шу объектни топшириб бўлибоқ боғчада иш бошлаймиз. Кўнглингиз тўқ бўлсин.
– Мўлжалда тахминан қачон битирасизлар?
– Кечи билан... икки ойда.
– Қани, қўлни ташланг!
Ҳадемай қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланиб кетди. “Бунёдкор” қурувчилари айтилган муддатда боғча биносини тўлиқ қайта қуриб, фойдаланишга топширдилар. Боғчанинг ишга тушиши қишлоқда ростакамига байрам бўлди...
– 13-“Қораянтоқ” сайлов округидан туман Кенгаши депутатлигига сайланган, Кенгашдаги партиямиз депутатлик гуруҳи раҳбари Тоҳиржон Ғафуров фао­лиятидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин, ­– дей­ди O‘zLiDeP туман Кенгаши аппарати раҳбари Рус­тамжон Миразимов. – Фидойи депутатларимиз кам эмас. Масалан, 14-“Сутлибулоқ” сайлов округидан сайланган депутатимиз Абдураҳмон Ҳусаинов ҳам ана шундай куюнчак.
Рустамжоннинг айтишича, депутатга туман марказидан 15 километр олисда жойлашган Сутлибулоқ қиш­лоғи аҳлидан “Бизга “Тез ёрдам” шохобчаси зарур” мазмунида ариза тушибди.
– Абдураҳмон ака аризани олган куниёқ ишга киришди, – дейди аппарат раҳбари. – Аҳоли билан гаплашиб, шароитни ўрганиб, олдинига туман соғлиқни сақлаш бўлимига депутатлик сўрови билан чиқди. Улар маблағ масаласини ўртага кўндаланг қўйгач, Наманган вилоят молия бошқармаси раҳбарларига мурожаат қилди. Югуриб-елиб, қишлоқда “Тез ёрдам” бўлими ташкил қилинишига муваффақ бўлди.
– Абдураҳмоннинг ўзи нима иш қилади? – деб қизиқамиз.
– Тадбиркор, – дейди Рустамжон. – Қачон қараманг, яхши бир ишнинг бошида турганини кўрасиз. Шу кунларда ҳам туман марказида аҳолига маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қуриш ҳаракатида юрибди...
Яна бир жонкуяр инсон 1-“Калишоҳ” сайлов округидан туман Кенгашига сайланган депутат, 21-мактаб ўқитувчиси Олимхон Мутавалиевга ҳамқишлоқлари электр ҳадеб ўчаверишидан шикоят қилишган эди. У вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбарларига депутатлик сўрови билан чиқди. Маҳалладаги электр линияси янгиланди. Калишоҳликларнинг энди боши осмонда.
Кандалик депутат Фарҳоджон Маҳкамов мутахассислиги бўйича иқтисодчи, молиявий ишларни ипидан-игнасигача билади. Шу йигит ўз қиш­лоғидаги тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ўндан ошиқ ёшга йўл-йўриқ кўрсатиб, маслаҳат бериб, ҳатто бизнес режаси тузишларигача кўмаклашиб, имтиёзли кредит ажратилишига бош-қош бўлди...
– Шу йилнинг ўтган чораги мобайнида партиямиздан туман Кенгашига сайланган 13 нафар депутатимиз ўз сайловчиларини ўйлантириб турган муаммолар бўйича тегишли ташкилот ва идораларга қирқдан зиёд депутатлик сўрови билан чиқишди, – дейди суҳбатимиз пировардида Рустамжон Миразимов. – Уларнинг аксарияти ижобий ҳал қилинди.
Депутатларнинг бири фермер, бири тадбиркор, бири иқтисодчи, бири муаллим... Биз уларнинг иш фаолиятлари, меҳнат натижалари ҳақида тўхталиб ўтирмадик. Ахир, юрт ободлиги, эл фаровонлиги йўлида шунчалик жон куйдираётган одамларнинг иши ёмон бўлармиди, нима дедингиз?
 Ортиқали НОМОЗОВ,
“XXI asr” мухбири