Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ДЕПУТАТЛАР ФАОЛЛИГИ халқимизнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда

ДЕПУТАТЛАР ФАОЛЛИГИ халқимизнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда
Синчков одам янги корхоналар ташкил этиш, қўшимча иш ўринларини яратиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш каби масалалар депутатлар томонидан тез-тез ўртага ташланаётгани ва муҳокама қилинаётганини аллақачон сезиб улгурди. Депутатларнинг халқ орасига кириб бораётгани, аҳолини қийнаётган муаммоларни ечишда маҳаллий ҳокимият вакиллари билан ҳамкорлик қилаётгани ҳақида эса кунда-кунора ўқиймиз. Бу ўзгариш­лар депутатни халққа, халқни эса депутатга яқинлаштиряпти.
– Узоқ йиллар экскаватор ҳайдаганман, – дейди хоразмлик Ражаббой Ниёзов. – Ҳозир нафақадаман. Бутун умр ишлаган одам уйда бекор ўтириб қолса, оғир бўларкан. Деҳқончилик қиляпман. Яқинда Гурлан туман ҳокимига ички коллектор бўйидан ер ажратиб беришини сўраб ариза ёздим. Бу ишда Халқ депутатлари туман Кенгашига O‘zLiDePдан сайланган депутат менга ёрдам беряпти...
* * *
Андижонлик Ҳасан ота ҳам ўз ҳудудидан сайланган депутатнинг фаолиятидан қониқиш ҳосил қилган десак муболаға эмас. Халқ депутатлари Хўжаобод туман Кенгашига партиямиздан сайланган Шарифжон Умаралиев нафақат Ҳасан отанинг, балки барча хўжаободликларни анчадан буён қийнаб келаётган муаммони бартараф этишда бош-қош бўлди.
– Ҳасан ота ва хўжаободликлар номидан “Қамбар ота” 1-зона сув иншоотидан олинаётган сув истеъмолга яроқсизлиги ҳақида мурожаат келиб тушган эди, – дейди депутат. – Ушбу иншоот ёпиқ ҳавза бўлгани сабабли Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш ва истеъмолчиларни таъминлаш тўғрисида”ги қарори асосида гипохлор ва кальций билан зарарсизлантирилди. Ўн беш йилга мўлжалланган замонавий сув фильтрлаш мосламаси ўрнатилди. Аҳоли мурожаати асосида юборилган депутатлик сўрови орқали хўжаободлик­ларни қийнаб келаётган муаммога ечим топилди.
Шунингдек, тумандаги Ордай, Дилкушо маҳаллалари аҳолисининг ичимлик суви танқислигини бартараф этиш сўраб ёзилган мурожаати ҳам Халқ депутатлари туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси У.Рустамов томонидан ўрганилиб, туман “Сувоқова” корхонасига депутатлик сўрови юборилди...
* * *
Депутатлик сўровини жўнатиш муаммони ҳал этишнинг биринчи босқичи, холос. Айтмоқчимизки, сўров юборилиши муаммо бартараф этилди дегани эмас. Ҳар бир депутатлик сўрови туман ҳокимлигида мутасадди идора раҳбарлари билан муҳокама этилади ва қарор қабул қилинади. Қарорда депутат сўровида тилга олинган ҳар бир масала бўйича мутасадди идораларга вазифалар белгилаб берилади.
Дарвоқе, яқинда Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Э.Холматовнинг Арнасой туман ҳокими Э.Салиевга юборган депутатлик сўрови асосида туман ҳокимининг қарори қабул қилинди. Депутат Гулбаҳор ШФЙ ва Дўстлик ҚФЙ аҳолисига суюлтирилган газ ҳамда куз-қиш мавсуми учун кўмир етказиб бериш, Навоий, Сиёб, О.Муҳаммадиев кўчаларига асфальт ётқизиш, ҳудуддаги трансформаторни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, Бердалиев кўчасидаги 2 та икки қаватли уйнинг томини шифер билан ёпиш каби муаммоларни бартараф этиш юзасидан сўров юборган эди. 7 сентябрь куни туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда депутат сўровида тилга олинган масалалар бўйича “Арнасойтумангаз”, туман йўллардан фойдаланиш ва электр таъминоти корхоналари ҳамда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими мутасаддиларига аниқ вазифалар юклатилди. Ҳокимлик йиғилиши қарорида вазифаларнинг аниқ муддатлари ҳам белгиланган. Жумладан, трансформаторни таъмирлаш ишлари октябрнинг охиригача, Бердалиев кўчасидаги 2 та икки қаватли уй томини шифер билан ёпиш ишларини эса кейинги ойнинг бошидаёқ якунлаш режалаштирилган.
Аёнки, депутатларнинг яна бир ваколати бор. Улар мансабдор шахснинг ҳисоботини эшитиш ҳуқуқига эга. Одатда эшитувларда муайян соҳадаги ютуқ ва камчиликлар муҳокама этилади. Шу йўналишдаги депутатлик сўровларининг натижадорлиги хусусида сўз юритилади. Эшитувда депутат сўровида тилга олинган муаммолар ҳал этилгани ёки ҳал этилмагани муҳокама қилинади. Шу маънода эшитув депутатларнинг асосий ваколатларидан биридир.
Яқинда Халқ депутатлари Вобкент туман Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари ана шу ваколатдан фойдаланишди. Вобкентлик депутатлар 2017-2018 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш дастурига киритилган йўналишлар бўйича ҳокимнинг ҳисоботини эшитдилар. Хусусан, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган лойиҳалар, яратилган иш ўринлари, соҳаларга йўналтирилган маблағлар ҳақида депутатларга атрофлича маълумот берилди.
– Эшитувда тилга олинган аксарият муаммолар O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари учун бегона эмас, – дейди Халқ депутатлари Вобкент туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Н. Алимов. – Чунки бу муаммолар ҳақида сайловчилар билан учрашув ва сайёр қабулларда ҳам эшитганмиз. Бу бўйича кўплаб депутатлик сўровлари юборилган. Эшитувда кўтарилган барча масалалар, айниқса, электоратимиз ҳисобланган тадбиркор ва фермерларни қийнаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан ўз таклифларимизни билдирдик.
Таъкидлаш керакки, депутатларнинг фаоллиги “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да янгича моҳият касб этмоқда. Халқнинг давлатга ишончини мустаҳкамламоқда. Бу эса халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириши шубҳасиз.
 
Ҳасан САЛОМОВ,
“XXI asr” мухбири