Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ДЕПУТАТЛАР ҲИСОБОТ ЭШИТДИ

ДЕПУТАТЛАР ҲИСОБОТ ЭШИТДИ
Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари Б. Мустафаеванинг “Халқни сифатли ва арзон дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таминлашни яхшилаш борасида кўрилаётган комплекс чора-тадбирларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш” бўйича ҳисоботини тинглади.
Ҳисоботда қайд этилишича, Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 3 та оилавий поликлиникада 3 та УТТ ускунаси, туғруқ бўлимида 1 та болалар учун СРАР, КЮВЕЗ ускуналари етишмайди. Шаҳар ҳудудида хизмат кўрсатаётган 425 ҳамширадан 366 нафари (86%) патронаж сумкалари билан таъминланмаган.
Шунингдек, шаҳарда тиббиёт соҳасидаги энг асосий муаммолардан бири – кадрлар масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланишича, Нукус шаҳрида шифокорлар учун ажратилган 416.25 штат бирлигида 385 шифокор иш олиб бормоқда, 31 штат бирлигига малакали мутахассисларни жалб этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Б. Мустафаева депутатларни соҳада ўз ечимини кутиб турган муаммолар билан ҳам таништирди.
Жумладан, Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли “Қаратав” филиали аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда қийинчиликлар кузатилмоқда. Таъкидлаш жоизки, “Қаратав” аҳли учун шошилинч тез ёрдам Нукус шаҳри ҳисобидан ташкиллаштирилаётган бўлса ҳам стационар туғруқ қабул қилиш учун Амударё туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинмоқда. Шу боис Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли “Қаратав” филиа­лини Амударё тумани тиббиёт бирлашмаси балансига ўтказиш лозимлиги айтилди. Шунинг­дек, халққа тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида шаҳарда яна 1 та оилавий поликлиника очиш кераклиги таъкидлаб ўтилди.
Ҳисобот юзасидан O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари фикр-мулоҳазалари тингланди, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Фурқат ЮСУПОВ,
O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси
Кенгаши матбуот хизмати раҳбари