Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари ҲУДУДЛАР ТАРАҚҚИЁТИ, ЭЛ-ЮРТ ФАРОВОНЛИГИГА ХИЗМАТ ҚИЛУВЧИ ЛОЙИҲА, РЕЖА ВА ТАКЛИФЛАРНИ ИЛГАРИ СУРЯПТИ, ЖОЙЛАРДАГИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ МУАММОЛАР ҲАЛ ҚИЛИНИШИГА КЎМАКЛАШЯПТИ

Депутатлардан иборат ишчи гуруҳлари ҲУДУДЛАР ТАРАҚҚИЁТИ, ЭЛ-ЮРТ ФАРОВОНЛИГИГА ХИЗМАТ ҚИЛУВЧИ ЛОЙИҲА, РЕЖА ВА ТАКЛИФЛАРНИ ИЛГАРИ СУРЯПТИ, ЖОЙЛАРДАГИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ МУАММОЛАР ҲАЛ ҚИЛИНИШИГА КЎМАКЛАШЯПТИ
Баъзан аҳамиятсиздек кўринган нарса ҳам ечимини кутаётган муайян муаммодан дарак бериши мумкин.
...Бундан уч йил муқаддам қуйичирчиқлик фермер Владимир Ан партиямизга шикоят билан чиққанди. Унда баён қилинишича, қишлоқ мулкдорига қарашли ер майдонининг муайян қисми жуда зах, унумсиз. Аввалги йиллар тажрибаси қайта-қайта тасдиқлаганидек, бу ерларда пахтадан яхши ҳосил олиш имконсиз. Шундай бўлса-да, маҳаллий бошқарув органлари қишлоқ мулкдорини ана шу жойда ғўза ўстиришга мажбурлаётир. Ўшанда вилоят ва туман кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари аъзолари саъй-ҳаракати билан электоратимиз вакилининг мушкули осон бўлган, яъни камҳосил тупроқда қандай экинни парваришлаш фермер ихтиёрида қолдирилган эди.
 Умуман, илгари партиямиз шу каби муаммога дуч келган яна бир қанча фермерларга кўмак бергани диққатга молик. Бу яхши, эътирофга лойиқ ишлар, албатта. Бироқ депутатларимиз айни ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда муаммога тизимли тарзда ёндашмагани, муаммонинг ўзак-негизи эмас, у келтириб чиқарган оқибатларгина қисман бартараф этилгани бор гап. Вакилларимиз масалага кенг жамоатчилик, хусусан, масъ­ул идоралар диққатини жалб қилишга ҳам астойдил интилмаган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 12 июлида Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида мазкур масалага ҳам алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас: “Қишлоқ хўжалиги соҳасида биз учун янги бўлган тармоқ ва йўналишларга асос солинмоқда. “Бу борада биз жуда оддий, жуда содда, лекин чуқур ҳаётий асосга эга бўлган бир принципга амал қиляп­миз. Яъни, фақат битта қишлоқ хўжалик экинига қарам бўлиб қолмасдан, даромад, фойда нуқтаи назаридан ўзини оқламаган пахта майдонларини қисқартириб, уларнинг ўрнига нимаики даромад келтирса, нимаики экспортбоп бўлса, нимаики одамлар ҳаётини фаровон қиладиган бўлса, айни шу экинни экамиз. Лекин бу ишларни изчил ва самарали амалга ошириш, уларнинг пировард натижасини таъминлаш учун барча масъулият ва жавобгарликни фақат ижро органларига ташлаб қўйиш ҳам тўғри бўлмайди. Бу масалаларда тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, хусусий мулк, жумладан, интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиламан, деб майдонга чиққан Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ўрни ва иштироки, амалий таъсири аниқ сезилиши зарур”. 
O‘zLiDeP давлатимиз раҳбарининг мазкур фикр­ларидан тегишли хулосалар чиқариб, бу йўналишда ҳам изчил иш олиб боришга киришган.
– Муайян туман ёки шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини ўрганиш бўйича ҳудудий ва маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз ва турли соҳа мутахассислардан иборат ишчи гуруҳлари ташкил қилинди, – дейди O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири Собир Жабборов. – Партиямиз вакиллари жойларда ислоҳотларнинг амалга оширилиши, бу жараёнда учраётган камчиликларни таҳлил қилиш билан узлуксиз шуғуллан­яптилар, ҳудуд тараққиётига хизмат қилувчи аниқ, асосли тавсия ва таклифлар тайёрлаяптилар. Эътиборлиси, бунда асосий эътибор юзага келиши мумкин бўлган муаммолар олди олинишига қаратиляпти.
Дарҳақиқат, депутатлик ва жамоатчилик назоратининг ушбу йўналишда ҳам ўзига хос самарадорлика эга экани кўзга ташланяпти. Масалан, депутатларимиз Қашқадарё вилояти Нишон туманида назорат-таҳлил фаолиятини амалга оширишди. Аввало шуни айтиш керакки, ишчи гуруҳ тезкор хулосалар чиқаришга шошилмади. Туманнинг географик жойлашуви, иқлими, экин экиладиган ерлар ҳолати, сув ресурслари, аҳоли ва ишлаб чиқариш корхоналари жойлашуви, қанча миқдорда деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирилиши ва бошқа ўнлаб омиллар синчиклаб кўриб чиқилди. Жумладан, шу ҳам аниқландики, тумандаги 46 минг гектар суғориладиган ер майдонининг барчаси бир хил унумдорликка эга эмас. Чунончи, Нурли келажак ва Учмула ҳудудларидаги фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган пахта ва ғалла ҳосилдорлиги кейинги йилларда 15-20 центнердан ошмаётир. Чунки ана шу 3,7 минг гектар ер майдонлари нотекис, сув насослар орқали чиқарилади, қум ва оҳак қатламлари юзага яқин. Табиийки, бу ерларга сарфланган харажатларнинг ўрни қопланмаяпти. Давлат томонидан берилган моддий-молиявий ёрдамгина хўжаликларни батамом касод бўлишдан сақлаб турибди. Бинобарин, ишчи гуруҳ, O‘zLiDeP вилоят Кенгаши ҳамда туман ҳокимлиги вакиллари, иқтисод­чилар, агрономлар, ҳуқуқшунослар ҳамкорлигида ушбу ҳудудда чорвачилик комплексини бунёд этиш, ерёнғоқ, кунжут, пиёз етиштириш, узумзорлар барпо этиш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилди. Шу кунларда дастурни босқичма-босқич бажариш бўйича қизғин иш олиб борилаётгани диққатга сазовор.
Жиззах вилояти Зафаробод туманида фаолият юритган депутатларимиз томонидан қайд этилганидек, “Мустақиллик”, “Хожааҳмед”, “Чимқўрғон” ва “Тинчлик” сув истеъмолчилари уюшмалари ҳудудларидаги фермер хўжаликларида пахта ҳосилдорлиги ҳар гектардан бор-йўғи 12-15 центнерни ташкил қилмоқда. Туманда мелиоратив ҳолати оғир бўлган бундай майдонларнинг 2100 гектардан зиё­ди ҳисобга олинди. Маълум бўлишича, қишлоқ мулкдорлари ана шу ерларга ўтган йили жами 5 миллиард 292 миллион сўм сарфлаганлар. Олинган даромад эса 4 миллиард 410 миллион сўмни ташкил қилган. Бошқача ифодалаганда, кўрилган зарар 882 миллион сўмга тенг бўлган. Қолаверса, бундай ҳолат ғайрат-иштиёқ, ташаббускорликнинг сўнишига, ер эгаларининг меҳнат унуми камайишига сабаб бўлаётир. Ишчи гуруҳ рентабеллиги паст ушбу ҳудудларда сабзавот етиштириш, боғлар ташкил қилиш бўйича пухта ўйланган муфассал режа-таклиф тайёрлади. Унда қайси майдонларга қачон ва қандай экин экиш ёки мевали дарахтлар парваришлаш мақсадга мувофиқлиги атрофлича баён қилинди, тавсиялар аниқ ҳисоб-китоблар билан асослаб берилди. 2018–2020 йилларга мўлжалланган ушбу режа тўлиқ амалга ошса, тилга олинган майдонлардан 1,5 миллиард сўм фойда олинади, 2 мингдан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилади.
Партиямиз вакилларининг мазкур йўналишда Наманган вилоятининг Поп туманида олиб борган фаолияти ҳам самарали кечди. Таъкидлаш жоизки, баъзи ижтимоий-иқтисодий масалалар ечимини топишини депутатларимиз ўз зиммасига олди. Тадбиркорлар, фермерлар билан иш олиб борувчи ташкилотлар билан яқин алоқалар йўлга қўйилди. Мутасаддилар билан учрашувларда янги услублар, ёндашувларни кенг қўллаш зарурлиги хусусида сўз юритилди, шунингдек, улар эътибори айрим фойдаланилмаётган ички имкониятларга қаратилди. Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган, қаровсиз ётган 600 гектар ерда ёнғоқ, писта, бодом етиштириш лойиҳаси тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотди. 2018–2032 йилларга мўлжалланган лойиҳанинг амалга татбиқ этилиши 500 дан зиёд кишини иш билан таъминлаш имконини беради, туманнинг экспорт салоҳиятини юксалтиради.
Депутатлар ҳудуднинг даромадини оширишга йўналтирилган фаолияти бошқа туманларда ҳам тизимли йўсинда давом эттиряптилар. Шу мақсадда тегишли идораларга депутатлик сўровлари юборил­япти, депутатлик гуруҳлари мажлисларида мансабдор шахслар ҳисоботлари эшитиляпти, сайёр қабулларда эса одамларни ташвишлантираётган масалалар кўриб чиқиляпти.
Партиямиз туманларда олиб борилган ўрганиш­лар натижалари бўйича халқ депутатлари кенгашлари сессияларига масалалар олиб чиқиш ҳамда қабул қилинган қарорлар асосида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига ўзгартиришлар киритиш учун саъй-ҳаракатлар олиб боряпти. Депутатларимиз томонидан ўрганилган долзарб масалалар ечими юзасидан ҳукуматимизга хатлар тайёрланмоқда.
 
Беҳзод ИСРОИЛОВ,
“XXI asr” мухбири