Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

ДЕПУТАТЛИК МАНСАБ ЁКИ МАРТАБА ЭМАС балки фидойилик, халқ ташвишига камарбасталик демакдир

ДЕПУТАТЛИК МАНСАБ ЁКИ МАРТАБА ЭМАС балки фидойилик, халқ ташвишига камарбасталик демакдир
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 12 июлида Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилиши “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” деб номланган маърузасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати раҳбарияти олдига парламент ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини шакллантириш мақсадида жойларда ҳақиқий аҳволни ўрганиш, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш тартибини жорий этиш ва бу орқали аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни жойида ҳал қилишдек масъулиятли вазифаларни кўндаланг қўйган эди.
 
Юзма-юз учрашувлар самара бер­яптими?

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Навоий вилоятининг шаҳар ва туманларида ҳам сенатор ва депутатлар аҳоли билан юзма-юз учрашиб, муаммоларни батафсил ўрганиш, маҳаллий ҳокимлик ва суд-ҳуқуқ органлари фаолияти билан яқиндан танишиш, камчилик ва муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли халқ депутатлари кенгашларида муҳокама этиб бормоқда.
Очиқ мулоқот, савол-жавоб руҳида ўтган сессияларда ҳокимлик мутасаддилари, прокуратура, ИИБ органлари бош­лиқлари, банк, корхона, ташкилот раҳбарлари ўзларига тегишли масалалар юзасидан жавоблар беришмоқда.
Конимех туманида бўлиб ўтган худди шундай сессияда туманнинг чекка ҳудудларида фаолият олиб бораётган ҚВПларнинг 22 та филиали томонидан йўл қўйил­ган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Бу камчиликларни ўз вақтида бартараф қилиш бўйича вилоят ва туман соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари, ҳокимлик мутасаддиларига тегишли топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари шунча олис ҳудудлардаги одамлар яшаш шароити билан яқиндан танишиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича сессияда муҳокама қилаётган бир пайтда маҳаллий кенгаш депутатлари, партиялар фаоллари шу пайтга қадар сен менга тегма, мен сенга тегмайман қабилида иш тутаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Нима учун шу пайтга қадар маҳаллий кенгашлар депутатлари, қолаверса, шу ҳудудларнинг ўзидан сайланган депутатлар ушбу масалалар юзасидан депутатлик сўрови юбормади ёки сессия кун тартибига масала киритмади?!
Таъкидлаш жоизки, халқ ишончини оқлаш, эл дарду ташвиши билан ҳамнафас яшаш ҳар бир депутатдан жуда катта масъулият талаб этади. Буни яхши тушунган кўпчилик депутатлар ва партия депутатлик гуруҳлари ташаббус билан чиқиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича ўз ваколатлари доирасида тегишли мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юбориб, масалаларнинг қонуний ҳал қилинишига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Маҳмуд Бопилов ўзи сайланган 14-Маликработ сайлов округи ҳудудида жойлашган маҳаллалар, халқ таълими муассасалари, қишлоқ врачлик пунктларида бўлиб, аҳоли билан мунтазам очиқ мулоқот ташкил этмоқда.
– Маҳмуд Бопилов маҳалламизда яшайдиган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб тургани, қўлидан келгунча ёрдамини аямаётганидан миннатдормиз, – дейди Кармана тумани Сардоба маҳалласи Баҳор кўчаси 4-уйда яшовчи Ҳасан Бердиев. – Ўзим 2015 йили оғир хасталикка чалиниб, 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолдим. Бир қизим Тошкент темир йўллар институтида шартнома асосида ўқийди. Очиғи, ногиронлигим туфайли томорқада етиштирган деҳқончилик маҳсулотлари даромадидан тўлов-шартнома пулини тўлаб келяпмиз. Ўғлим эса Кармана озиқ-овқат саноати ва меҳмонхона хўжалиги коллежини битириб, Навоий аэропортига ишга кирди. Орадан кўп ўтмай, туман мудофаа бўлимидагилар “Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари” махсус ҳисоб-рақамига пул тўлайсизлар, деб келди. Мен шароитимни тушунтирдим, лекин улар кўнишмади. Шунда депутатимиз Маҳмуд Бопиловга мурожаат қилгандим, тегишли ташкилотларга хат билан чиқиб, тўлов муддатини йил охиригача кечиктириб берди. Насиб бўлса, айтилган суммани ўғлим олган ойлик маоши ҳисобига қийналмасдан тўлаймиз.
– Ёшинг бир жойга бориб қолганда ҳол сўраб келган киши ҳеч қачон ёдингдан чиқмас экан, – дейди туманнинг Тошработ маҳалласида яшовчи Р.Одилова. – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан вилоят Кенгаши депутати Маҳмуд Бопилов хонадонимга келиб, ҳолимдан хабар олганидан бошим осмонга етди. Бизга шундай эътиборда бўлган давлатимизга раҳмат.
Беш бармоқ баробар бўлмагани каби, баъзи жойларда сайловчилар ўзлари сайлаган депутати билан учраша олмаётганига нима дейсиз? Нурота тумани Сентоб ҳудуди Темирқовуқ қишлоғида яшовчи Саъдулла Абдуллаев бизга хат йўллаб, унда жумладан шундай дейди: “Депутатга одамлар ишонч билдирган экан, демак, у сайловчилар олдида ҳисобдор. Яъни одамлар сайлаган депутатига қилган мурожаатларини қонунда ўрнатилган тартибда кўриб чиқиши керак. Учрашувлардаги бевосита очиқ мулоқотлар чоғида долзарб муаммолар рўй-рост юзага чиқади, сабаблари ўрганилади, уни ҳал этиш учун нима қилиш кераклиги белгиланади. Лекин кўпчилик депутатлар учрашувни номигагина ўтказиб шошилиб кетишади. Кўтарилган масалаларни тинглашга вақти йўқлигини, иши кўплигини баҳона қиладилар. Улар учрашув ёки тадбир ўтказдингми, деб юқоридан сўраганларида “ҳа” дея йиғилиш протоколини кўрсатса бўлгани. Халқ дарди, ташвишининг эса ҳечам қизиғи йўқ. Бундай депутатларнинг номма-ном айтишим мумкин, лекин улар билан судлашиб, жанжаллашиб юришга менда на вақт, на ҳафсала бор. Халқона айтганда, сайловчи ўзи сайлаган депутатни, депутат эса ўзига овоз берган сайловчиларини интиқлик билан кутадиган, кўнгилда борини эмин-эркин айтадиган замон келганини улар ҳали-ҳануз тушуниб етмаяпти, назаримда...”.
 
Хўжакўрсин тадбирлар

...Бир сафар партия ташкилоти раҳбари ваҳима қилиб, узоқ туманда катта тадбир қилаётганини айтиб қўярда-қўймай олиб борди. Ўн-ўн беш киши бориб не кўз билан кўрайликки, катта залда бор-йўғи беш киши ўтирибди. Изза бўлган раҳбар нима қиларини билмай, ходимларидан аламини олди. Улар эса шифохонаю коллеж, мактабларга илтимос қилишга тушишди. Салкам ярим соатча вақт ўтди ҳамки, иштирокчилар сони кўпайиб қолди. “Қаттиққўл” бошлиқнинг чиройи очилди. Лекин йиғилишга келганларнинг бирортаси бу қандай тадбир, сўзга чиққанлар нимани гапиряпти, қизиққани ҳам йўқ. Телефон ўйнагани қайси-ю, суҳбатлашиб ўтиргани қайси – билиб бўлмайди. Қуруқ маърузалардан иборат мажлис тугади. Ўтирганлар ҳеч бўлмаса кўнгил учун ҳам биттагина савол бермади. Катта ишни дўндирган раҳбар “Йиғилишимизга шунча одам қатнашди, зўр бўлди”, деб керилиб қўйди...
Очиғи, хизмат юзасидан айрим партиялар томонидан ўтказилаётган йиғилиш ёки тадбирларда қатнашишга тўғри келади. Уларнинг аксариятида бир хил мавзу, бир хил узундан-узун маъруза ва бир хил аудитория... Маърузачи тайин, ҳисобот бераётган ташкилот раҳбари ой ёки йил давомида амалга оширган ишлари ҳисоботини ўқийди. Саволлар борми? Йўқ! Йиғилиш қарор қилади ва ҳоказо...
Иштирокчилар эса, юқорида айтганимдек, ким гапиряпти, нимани гапиряпти, парвойи палак. Бундай тадбирларни ўтказишдан мақсад юқори ташкилотларга ҳисобот бериш эмас, балки партия позицияси, сайловолди платформасидан келиб чиққан ҳолда аҳолини, хусусан, сайловчиларни қийнаб келаётган ҳолатларни аниқлаш, муаммоларга қайрилиб қарамаётган мутасаддиларни сал туртиб қўйиш, шекилли?! Шундай экан, тадбир ўтказишдан олдин унга пухта тайёргарлик кўрилса, йиғинда қатнашган ҳар бир фуқаро ўзига нимадир олади, албатта. Ҳеч бўлмаса келгусида шундай камчиликларга йўл қўймаслик чораларини кўради. Бир сўз билан айтганда, хўжакўрсин тадбирлар даври ўтди. Ишлайдиган, изланадиган ва ташаббус кўрсатадиган замон келди.
 
Сайлов – сийлов эмас

Аслини олганда, бугунги ҳуқуқий демократик жамиятда халқ орасига кириб бораман, унинг ишончини оқлайман деган ҳар қандай сиёсий партия фақатгина сайловолди ташвиқот даврида фаоллик кўрсатиши эмас, балки эл ташвишини аритиш, муаммоларни ҳал этиш устида ишлашни кундалик дастуриламалига айлантириши керак. Халқ билан ҳамнафас партиягина баландпарвоз гаплардан иборат қуруқ ваъдалар билан чегараланиб қолмасдан, сайловолди платформасида белгиланган вазифаларни тўла-тўкис адо этиш мақсадида қонунлар ишлаб чиқиш таклифини илгари суради. Ўз-ўзидан аёнки, манфаатлари ҳимояланаётган халқнинг асосий қисми шу партия кўрсатган номзодни қўллаб-қувватлаб овоз беради. Шунинг учун келажагини ўйлаган сиёсий партия фаолиятини тубдан ўзгартириб, халққа берган ваъдаларини сайловдан сайловгача бўлган даврда бажариш устида иш олиб боришини ҳозирги замон ҳам, давлатимиз сиёсати ҳам талаб этмоқда.
Зеро, бугунги халқимиз йигирма-ўттиз йил бурунги одамлар эмас, балки ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнларда фаол иштирок этиб, фуқаролик позициясини фаол намоён этмоқда, Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳисси билан яшамоқда. Одамларни қуруқ ваъдалар билан ишонтираман деган сиёсий партия қаттиқ адашади. Президентимиз таъкидлаганидек, ким қандай ишлаётганига энг холис баҳони халқнинг ўзи беради.
Дарҳақиқат, бир ярим йилдан сўнг сайлов кампанияси бошланади. Ғалвир сувдан кўтарилганда, қайси сиёсий партия берган ваъдаларини бажариб, ёруғ юз билан майдонга чиқади? Буни эса вақт кўрсатади.
Бахтиёр ТОШНАЗАРОВ,
журналист