Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Диплом бор, иш ўрни ҳам, фақат...

Диплом бор, иш ўрни ҳам, фақат...

Яқинда таҳририятимизга Жиззах вилояти Бахмал тумани Жиллибулоқ қишлоғида истиқомат қилаётган педагог Абдували Жўриповдан мурожаат келиб тушди. Мактубда баён қилинишича, у 2014 йили Қирғиз давлат жисмоний тарбия ва спорт академиясини “Жисмоний тарбия ва спорт” мутахассислиги бўйича  тамомлаган. 2018 йил 15 ноябрда эса олган ихтисослиги бўйича дипломини нострификация қилиш учун ҳужжат топширган. Бироқ эксперт комиссияси салбий хулоса бериб, ностификациялашни рад этган. Бунга ҳуқуқий асос сифатида “Ўзбекистон Республикасининг мазкур таълим йўналиши бўйича амалдаги давлат таълим стандарти ва ўқув режаларига мос келмаганлиги, ўқув режасида фанлар ҳажми ва соатлар миқдорида 55 фоиздан кўп тафовут мавжудлиги, таълимнинг меъёрий муддати Ўзбекистон Респуб­ликасида белгиланган муддатдан бир йил камлиги, бир нечта мутахассислик фанлари мутлақо ўқитилмаганлиги” каби сабаблар кўрсатилган.

Эксперт комиссияси педагогнинг ҳужжатларини пухта ўрганиб чиққанига шубҳа йўқ. Бироқ Абдували Жўрипов бошқа бир тарафдан таажжубини яшира олмаяпти; худди ўзи каби Қирғиз давлат жисмоний тарбия ва спорт академиясини 2011 йили битирган ҳамкасби Дилмурот Тожибоевнинг диплом нострификацияси айни шу комиссия томонидан воқеадан бир кун ўтиб (16.11.2018 йил)
ижобий баҳоланган.

Бу ўринда мурожаатга сиртдан кўз ташлаган ҳар бир киши “Ҳойнаҳой, ўз ҳамкасбини кўра олмаяти, ғайирлиги бор экан” қабилидаги гумонга бориши табиий. Аслида ҳам шундаймикан?
Жараённинг жилови қай тарафдалигига аниқлик киритиш, воқеликнинг тўкис-тугал сабаб­ларини аниқлаш ниятида мухбиримиз Бахмал туманига бориб, журналистик суриштирув ўтказди.

Сиз азиз муштарий мақолани қуйида ўқийсиз, бироқ олдиндан шуни таъкидлашни истардикки, бир мурожаат сабаб юртимизнинг олис тоғ қишлоғидаги умумтаълим мактабининг бошқа
камчиликлари ҳам бўй кўрсатди, хос ибора билан айтганда, дардхалтанинг чоки сўкилиб, муаммолар дувиллаб тўкилди.

Маълум бўлишича, асосий муаммо – педагог кадрлар танқислигида экан! Бир томондан қарасак, четдан кадр жалб қилишга ҳам ҳожат йўқдек, аслида. Маҳаллий кадрлар-ку бор, аммо баъзилари дипломини нострификация қилишолмай ҳалак. Очиғи, ҳатто пойтахтимиздаги мактабларда ҳам шу янғлиғ кўнгилсиз манзара кузатилаётган бир шароитда чекка қишлоқдаги олий маълумотли кадрларнинг ишсиз қолаётгани дилни хижил қилмай қўймайди, албатта.

Умид шулки, мақолада тилга олинган жиҳатларга Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази мутасаддилари эътибор қаратишади, таълим
фидойилари тараф туришади. Зеро, шу жойда халқимизнинг “Юкни ё туянинг ёнига, ё туяни юкнинг олдига элтиш керак” деган топилдиқ нақлини яна бир карра эслаш ўринли. 

“Ранг кўр – ҳол сўр”

Ҳам маънан, ҳам жисмонан етук, билимли, касб-ҳунарли, баркамол авлод тарбияси юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Агар таълим тизимидаги бирор ўқув маскани бугунги замон талаблари даражасида эмас экан, бунга унинг чекка ҳудудларда жойлашгани эмас, балки мутасадди шахсларнинг бепарволиги ёки масъулиятсизлиги сабаб, деб бемалол айтиш мумкин.

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида айни пайтда 79 та таълим муассасаси фаолият олиб бормоқда. Шулардан бири ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби бўлса, яна бири “Баркамол авлод” болалар маркази ҳисобланади. Тумандаги таълим соҳасининг ўзига хос жиҳатларидан яна бири – 7 та умумтаълим мактабида ўқув жараёни қирғиз тилида олиб борилади. Мазкур билим масканларида жами 333 нафар педагог 2 325 нафар ўқувчига таълим-тарбия бериб келмоқда. Информатика, кимё ва бошқа фанларни ўқитиш учун 9 нафар малакали педагогга эҳтиёж сезиляпти.

Тумандаги қирғиз тилида ўқитиладиган 22-умумтаълим мактабининг бир кунлик фаолияти билан танишиш жараёнида бахмаллик ёш ўқувчилар спорт, санъат, фан ва бош­қа соҳаларда сезиларли ютуқларни қўлга киритаётгани, бу муваффақиятларнинг янада кўпайишига эса ечимини кутаётган бир қатор муаммолар тўсқинлик қилаётганига гувоҳ бўлдик.

Мазкур таълим масканида Бахмал тоғлари этагида жойлашган Қорасув, Жиллибулоқ, Оқмула, Қоронғисой қишлоқларида истиқомат қилувчи аҳолининг 276 нафар фарзанди таҳсил олади. Мактабнинг қўшни қишлоқларда бошланғич синфлар учун мўлжалланган иккита филиали ҳам мавжуд. Мазкур қишлоқлар тоғолди ҳудудида жойлашгани боис қиш кунлари бошқа ҳудудлардан 5-10 даража совуқ, ёз кунлари 5-10 даража салқин бўлиши табиий ҳол. Баҳор бу ерларга вилоятдаги дашт ҳудудларга қараганда 15-20 кун кечроқ ташриф буюради. Шунинг учун мактаб ҳовлисида бу йил анчагина соғинтириб қўйган оппоқ қорни кўриб, хурсанд бўлган эдик. Бироқ мактаб биносига кириб, қалин кийимларда қунишиб, қалтираб ўтирган ўқувчиларни кўриб, хурсандлигимиздан асар ҳам қолмади. Маълум бўлишича, иситиш тизими яхши ишламаслиги сабабли таълим маскани бутун қиш давомида ёлчитиб иситилмаган. Совуқ ҳаво эпкинидан ҳамон эт жунжикадиган бундай синф хоналарида бутун қиш бўйи ўқувчилар қандай қилиб таълим олишган-у, фидойи ўқитувчилар уларга қандай қилиб таълим беришган, ҳайронмиз. Одатдагидек, мактаб кутубхонаси аҳволи билан қизиқамиз. Нурхона дейишга тил айланмайдиган чоғроққина хона.

– Ўқиш, дарс қилиш учун стол-стул, компьютер жиҳозлари умуман йўқ. Ўн дақиқа ўтирган одам албатта касал бўлиши тайин, – деб изоҳ беради кутубхона мудири Абдуғаффор Жўрипов.

Бошқа синф хоналарида ҳам аҳвол кутубхонадан яхши эмас. Адабиёт ўқитувчиси 11-синфларга лаборатория хонасида дарс ўтмоқда. Чунки мактабда 3 та синфхонага стол-стул, доска каби ўқув жиҳозлари етишмас экан.

– Бу ҳақда бир неча марта мутасадди ташкилотларга ёзма равишда мурожаат қилганмиз, – дейди мактаб хўжалик ишлари мудири Ёҳё Абдиев. – Ёрдам қилишга ваъда беришган. Айтишларича, мактабимиз таъмири 2020 йил давлат дастурига киритилганмиш.

– Демак, келгуси қишда ҳам болалар совуқ хоналарда таълим олишадими, деган саволимизга ҳамсуҳбатимиз: “Биз кичкина одаммиз, у ёғини раҳбарлар билади-да”, деб елка қисиб қўя қолди.

Яқиндагина мактаб директори вазифасини бажаришга киришган Бошман Тожиқуловни суҳбатга тортамиз. “Ҳозир керакли ҳужжатларни тайёрлаяпмиз. Иситиш тизими таъмирига 5 миллион атрофида маблағ керак. Насиб қилса, бу муаммони шу йилдан қолдирмай ҳал қиламиз”, – дейди раҳбар.

Мактаб ўқувчиларига юзланамиз.

– Биз ҳам телевизорда кўрсатилаётган, газеталарда мақтаб ёзилаётган мактаблардагидек шароитда ўқишни хоҳлаймиз, – дей­ди 11-синф ўқувчиси Умида Яхшибоева. — Бироқ аҳвол кўриб турганингиздек яхшимас. Буниси ҳали ҳолва. Бутун қиш бўйи ишлаб чиқариш таълимида тикувчилик мутахассислигини ўрганиш учун тўрт-беш километр узоқликдаги қўшни мактабга қатнадик. Тўғриси, совуқ кунлари ҳар доим ҳам тўлиқ боролмадик.

– Мен бу йил мактабни тугатиб, тиббиёт академиясига кирмоқчи эдим. Бироқ мактабимизда кимё ўқитувчиси йўқ, – дейди яна бир ўқувчи.

 Мутахассис анқонинг уруғи эмасдир

Ёшларга замон талаблари асосида таълим-тарбия бериш учун тўкис шарт-шароитлар билан бирга малакали мутахассисларга ҳам зарурат сезилиши сир эмас. Мазкур мактабда 41 нафар педагог ва ходимлар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 35 нафари олий маълумотли, 6 нафари ўрта махсус маълумотга эга.

– Қирғиз давлат университетининг қирғиз филологияси факультетини тугатганман, – дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Акром Қорабеков. – Қайта нострификациядан ўтиб, фаолиятимни давом эттиряпман. Нафақат бизнинг мактабга, балки қирғиз тилидаги қўшни мактабларга ҳам бошланғич таълим, қирғиз тили ва адабиёти, умуман, бошқа йўналишлар бўйича олий маълумотли мутахассислар жуда зарур.

Маълум бўлишича, ён-атрофда яшайдиган кўплаб ёшлар турли соҳалар қатори педагогика йўналишида ҳам қўшни Қирғизистон Республикасида таҳсил олиб қайтишган экан. Бироқ барчаси айни пайтда ўз соҳаси бўйича ишлаш имкониятига эга эмас. Мисол учун, Соҳиба Умарова Қирғиз давлат университетини “Бошланғич таълим методикаси” мутахассислиги бўйича аъло баҳоларга битирган. Университетни тамомлагандан кейин икки йил давомида Бишкек шаҳрида бошланғич синфларга дарс берган. Дипломини нострификация қилиш учун жўнатган ҳужжатлари эксперт комиссиясининг “Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари ва ўқув режасига мос келмагани (Ўзбекистон Республикасининг мазкур таълим йўналиши бўйича амалдаги таълим стандарти ва ўқув режасига мос келмаганлиги, ўқув режада фанлар ҳажми ва соатлар миқдорида 55 фоиздан кўп тафовут мавжудлиги, таълимнинг меъёрий муддати Ўзбекистон Республикасида белгиланган муддатдан бир йил камлиги, бир неча мутахассислик фанлари мутлақо ўқитилмаганлиги) сабабли нострификацияга тавсия этилмади, деган хулосаси билан қайтиб келган.

– Ўзбекистонда ўқиш муддати 4 йил, Қирғизистонда эса 3,5 йил. Бир йил кам, деган хулоса қаердан келди, 55 фоиз тафовут қаердан келди, тушунмадим, – дейди Умида. – Ахир мен бевосита қирғиз тилида фаолият олиб борадиган мактабларнинг бошланғич таълим методикаси бўйича мутахассисликка ўқиганман-ку! Энди шунча олган билимим, кетказган вақтим ҳавога учадими? Жуда бўлмаса малака ошириш ёки қайта тайёрлаш курсларига тавсия беришсаям майли эди. Бироқ айнан қирғиз тили ва адабиёти, қирғиз тилида ўқитиладиган мактабларнинг бошланғич синф ўқитувчилари учун малака курсларининг ўзи йўқ экан.

Ўқитувчилар малакасини ошириш, таълимга замонавий педтехнологияларни жорий этишга катта эътибор қаратилаётган бир пайтда бу жиҳат нега назардан четда қолмоқда? 

***

Абдували Жўрипов узоқ йиллар мактабда ўқитувчилик қилган таниқли педагог Турсунқул Жўриповнинг фарзанди. У ҳам ота касбини давом эттириш мақсадида олдин педагогика касб-ҳунар коллежини тугаллаб, бир йил қадрдон мактабида фаолият олиб борди. 2011 йили Қирғиз давлат жисмоний тарбия академиясида ўқишини давом эттиришга киришди. Ўрта махсус маълумотга эга бўлгани боис қўшни давлат академиясида уч йил сабоқ олиб, олий маълумот эгасига айланганида унинг қанчалик қувонганини тасаввур қилиш мумкин. Лекин эрта севинган экан. Унинг ҳам ҳужжатлари эксперт комиссияси томонидан худди Соҳиба Умаровага берилган жавобга ўхшаб қайтиб келди.

Ажабланарлиси,  Қирғизистон давлат жисмоний тарбия ва спорт академиясини 2011 йили битирган Дилмурот Тожибоевнинг ҳужжатлари комиссия томонидан нострификация қилишга рухсат берилганини қандай изоҳлашни билмадик. Билсак, Дилмурот ҳам, Абдували ҳам бир хил фанлардан имтиҳон топширган экан. Бир хил муддатда олий ўқув юртини тамомлашган. Янада аниқроғи, 2014 йили ўқишни тугатган Абдувалининг ўқув соатлари 2011 йил битирувчиси Дилмуротникига қараганда 254 соат кўп.

– Қуда-андали, тўй-маъракаси бир халқмиз. Асрлар давомида қон-қардош бўлиб яшаб келяпмиз. Қирғизлар ўзбекларни “оғам” деса, ўзбеклар қирғизларни “жигарим” деб бағрига босади. Президентимизга минг раҳмат. Мана, чегараларимиз очилиб, қон-қардошларнинг борди-келди қилишига, тадбиркорларимизнинг ҳамкорлигига, санъат ва маданият ходимларининг узвий алоқасига кенг йўл берилмоқда. Ўзбекистонда қирғиз миллатига мансуб аҳолининг ўз она тилида таълим олиши учун катта шарт-шароитлар яратилган. Афсуски, сиз юқорида тилга олган тушунарсиз ҳолатлар ҳам йўқ эмас, – дейди фахрий педагог Турсунқул Жўрипов. – Қўшни қишлоқларда ҳам шу каби ҳолатларга бир неча бор дуч келдим. Республикамиздаги мутасадди ташкилотлар узоқ йиллардан буён кўпчиликни сарсон қилаётган масалага аниқлик киритиб, ечимини топишса, кўп маъқул иш бўларди. Ахир гап келажагимиз бўлган ўғил-қизларимизнинг таълим-тарбияси ҳақида кетяпти. Таълим-тарбияда эътиборсизлик, қунтсизлик, ёшларимизга етарлича билим беришга имконият бўла туриб, ундан фойдаланмаслик салбий оқибатларни келтириб чиқариши ҳеч гап эмас.

Фахрий педагогнинг куюнганича бор. Мазкур муаммолар туман ёки вилоят миқёсида эмас, республика даражасида ечилиши лозим. Чунки нафақат Бахмал туманида, балки бошқа кўплаб туманларимизда ўқиш қирғиз тилида олиб бориладиган мактаблар кўп. Юқоридаги муаммолар уларга таалуқли эмас, дея кафолат бериб бўлмайди.

Баҳром МИРЗАҚОБИЛОВ,
“XXI asr” мухбири