Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Долзарб мавзу муҳокамаси

Долзарб мавзу муҳокамаси
 Ҳазрат Алишер Навоий ўзининг “Маҳбуб-ул қулуб” асарида “Солиқ тўламаслик ўз шерикларига жафо қилиш билан тенг” деб ёзади. У киши бу билан халқнинг манфаатларини енгиллаштиришга барчани жалб қилиш баробарида, солиқни мажбурий ҳол сифатида қарашга ундайди.
 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам солиқ масалалари ўз аксини топган бўлиб, хусусан, унда солиқ солиш базасини кенгайтириш орқали соҳа маъмурчилигини соддалаштириш ва солиқ юкини камайтириш каби долзарб омиллар ўрин олган.
Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги йиғилиши ҳам айнан “Ўзбекистоннинг замонавий солиқ сиёсати: вазифалар ва ижро механизми” мавзусига қаратилди. Унда Президентимиз томонидан жорий йил 18 июлда имзоланган “Солиқ маъмурчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Таъкидланганидек, республикамизда солиқ маъмурчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғувчанлигини ошириш, солиқ тўловчиларга яратилган қулайлик ва имтиёзлар, давлат солиқ хизмати органлари томонидан ислоҳ этишнинг муҳим йўналишлари, соҳа хизмати органлари томонидан кўрсатилаётган интерактив давлат хизматлари, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш билан боғлиқ белгиланган вазифалар, шунингдек Ўзбекистон Ҳисоб палатаси тузилмасида ташкил этилган Ўзбекистон Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инс­пекциясининг вазифа ҳамда функциялари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган турли йўналишдаги саволлар ўлароқ мутасадди ташкилотлар вакилларининг мулоҳазалари тингланди.
– Ўзбекистон валюта захираси миқдори 25 миллиард долларга яқин. Демак, ривожланиш сари илдам бормоқдамиз, – дейди Марказий банк раиси ўринбосари Саидкамол Хўжаев.  – Бу борада тадбиркор ва ишбилармонларнинг хизматлари алоҳида таҳсинга лойиқ. Шу боис, бугун муайян банкларга юридик шахслар билан валютани бозор нархларида олди-сотди қилишига рухсат берилди. Ўйлаймизки, мазкур саъй-ҳаракат валюта бозорини либераллаштириш сари ташланган дадил қадамлардан биридир. Албатта, яқин келажакда жисмоний шахсларга ҳам бу ҳуқуқ тақдим этилади. Ҳозирда мутахассис ва экспертлар иш олиб боришмоқда. 
Тараққиёт ривожи кўп жиҳатдан устувор мақсадлар, замонавий янгиланишлар кўламига боғлиқ. Тамаддун мезони эса уларнинг қанчалик ҳаётий эканлиги билан ўлчанади.

Ўз мухбиримиз