Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ДЎСТ ҲАҚИДА СЎЗ

ДЎСТ ҲАҚИДА СЎЗ
“Инсон йўли узун эмас. Ҳар бир инсон йўлининг сўнгида бир уюм тупроқ билан белги қўйишади. Аммо ҳеч ким ўша бир уюм тупроқни ўз қўллари билан уя олмайди. Буни бошқалар ўзларининг беҳад паришон хотирликларидан сақланиш учун адо этадилар. Инсон ўз йўли сўнгида қўйил­ган бу белгидан бошқа ҳамма тўсиқлардан ўта олади”.
       Чори Аваз бу сўзларни ўзининг “Насаф” нашриётида босилган “Бахтиёрлик шу эмасми?” номли эсселар китоби муқовасининг орқасига ёзган экан. Бу сўзларни изоҳлаш, ҳар хил тахминлар қилишнинг кераги йўқдир, деб ўйлайман.
Ҳар гал уни эсласам кўнглим ёришиб кетади. “Чори мен учун доимо тирик, ўлмаган”, деган китобий гапларни айтмоқчи эмасман. Йўқ, жуда яхши биламанки, у энди йўқ. Бу камсуқум, камгап ва камтарин дўстим ҳануз мени аяйдими, уйқумни бузишдан уялгандек ҳатто тушимга кирмайди.
Биз дорилфунунда бирга ўқидик. Кейин бир нашриётда бирга ишладик. Ўн икки йил ҳақиқий туғишганлардек дўст бўлдик.
Бундан тўққиз йил аввал буйрагим оғриб, қаттиқ азоб бера бошлади. Чори уч кунгача ҳар кеча ёнимда ўтирди. Ҳар гал ўзимга келиб кўзимни очсам, унинг индамай китоб ўқиб ўтирганини кўрардим. Фарғонага бориб даволанмоқчи бўлдим. Чори мени қишлоққача кузатиб борди. Дарров дўстлар, қариндош-уруғлар йиғилишди. Даладан кечроқ қайтган амакимга Чорини таништирдим. “Ҳа-а, – дедилар амаким, – бизнинг ўқишдаям қаршилик зўр йигитлар бор эди. Беш йил ака-укадек юрганмиз”. У кишининг “беш йиллик ўқиши” нималигини билганлар мийиғида кулиб қўйишди. Чори эса фақат ўзига хос соддалик билан: “Қайси институтни тугатгансиз, амаки?” деб сўради. “Э, Чоривой, биззи ўқишлар ҳавас қиладиган эмас, – дедилар амаким, – у ёққа кириш учун битта одамга шикаст етмаса бўлмайди”. Чори изоҳ кутиб менга қаради. Мен кулиб тушунтирдим: “Қамоқни айтяптилар”. Шу-шу, қачон қамоқдан гап чиқса: “Аъзамнинг амакиси ўқиган институт”, деб қўярди...
     Ўшанда Чорининг қистови билан озгина даволаниб, тузалиб кетдим. Буни қарангки, Чорининг ўзи айнан буйраги шамоллаб, вафот этди...
Бешинчи курсга ўтганимда, вақтида келиб, ётоқхонадан жой ололмадим. Бор-йўғим – дафтар, кўйлак, тиш чўтка, совун ва сочиқдан иборат бўлиб, улар бир дипломатга сиғарди. Пешингача дарс, кейин то ярим кечагача чўзиладиган “тушлик” билан овора бўлардим. Энг охирида ким билан ўтирсам, ўшаникига кетардим. Ҳар уч кунда Чорининг хонасига “меҳмонга” келардим. У менинг бу хил бетайин юришларимдан ҳам завқланарди. Бир куни дипломатим шундоқ эшик тагида қолиб кетибди. Чори уни олиб менга қаради-да: “Квартирангизнинг ўрнини алмаштириб қўйсам, майлими?” деди кулиб. У жуда камдан-кам кулар, ҳазиллашмасди. Ҳар замонда дипломатимни чертиб: “Аъзамжон уйдами?” деб қўярди...
Бугунги кунда “навқирон шеърия­тимизнинг энг истеъдодли вакили” сифатида тилга олинадиган бир йигит Чори билан бирга ўқиганди. Чори ундан шеърларини ўқиб кўриш учун сўрабди. У эса: “Қўлёзма нашриётда. Китобим чиқса, ўқийверасиз”, дебди. Чори унинг китоби босилишидан суюниб: “Яқин орада чиқадиганми?” деб сўрабди. “Ҳа, саксон бешинчи йилда”, деб жавоб берибди шоир. Бу суҳбат саксонинчи йилда бўлган. Аслида Чори жуда кечиримли инсон эди, лекин ўзидан беш-олти ёш кичик бу йигитнинг ўшанда уни масхара қилганини ҳеч кечиролмаганди.
“Омон-омон замони” энди бошланган пайтларда, илгари марказқўмнинг маъсул ходими бўлган бир шоир идорамизга келиб ярим соат партия ва ҳукуматнинг томорқасига тош отди. Энсамиз қотса-да, эшитиб ўтиравердик. Бир оздан сўнг хонага Чори кириб келди. Собиқ амалдор жуда “авжига” чиққанди. Уни яхши танимаган одам ҳақиқий миллатпарвар, чинакам ватанпарвар деб ўйлаши аниқ эди.
     — Шошманг, – деди Чори бирдан, - шу гапларнинг бирортасини нега тепада ишлаб юрганингизда айтмагансиз?
У қизариб-бўзариб илгариям ҳур фикрли бўлганини исботлай кетди.
Аъзам, юринг, сизда гап бор, – деди Чори унга қулоқ солмай.
Мен қутулганимга шукр қилиб, Чорига эргашдим.
– Нимага унга қулоқ солиб ўтирибсиз? – деди Чори айвонга чиққанимиздан сўнг.
– Яхши гапларни айтаётганди, – дедим мен. – Ниҳоят буям тузалибди деб, суюниб ўтиргандим-да.
– Ҳечам тузалмайди! – деди Чори.- Яна бир амалга мингунича холос, буларнинг довюраклиги. Ҳали кўрасиз...
Бу гап кейин кўп маротаба исботланганини айтиб ўтирмасам ҳам бўлар.
Чори кичик муҳаррир бўлиб ишларди.
Муаллифларга қалам ҳақи бериш учун ҳамма ҳужжатларни у тайёрларди. Бир кун телефон жиринглаб қолди. Гўшакни олсам, нашриётлардан бирининг бош муҳаррири экан. Чорини сўради. У ишлайдиган жойда Чорининг илк китоби беш йилдан буён ҳаракатсиз ётганди. Ўша бўйича сўраётгандир деб ўйладим-да: “Каттакон сўраяптилар. Ишлар юришибди шекилли”, дедим. Чори гўшакни олди. Қулоқ солиб турибман.
– Йўқ, ҳали ўтказолмадик, – деди Чори. – Йўқ, атайлаб қилаётганимиз йўқ. Жўнатамиз пулингизни. Муҳарриримиз айрим қоғозларни тўлдириб берса бўлди. Ҳа. У кишининг ўғли вафот қилди... Бирон ҳафталарда келса керак. Хўп, майли.
Чори гўшакни қўйди-да, индамай ташқарига чиқиб кетди. Орқасидан чиқсам, айвонда чекиб турибди. Юзи бўғриққан, асабий.
– Ҳа, нима бўлди? – дея сўрадим.
– Одамзот қизиқ экан-да, - деди Чори ҳазин овоз билан. – Ановининг китоби ҳали босилиб бўлгани йўқ, қалам ҳақини талаб қиляпти. “Муҳаррир қани?” дейди. “Ўғли вафот этган, ўз юртига кўмиш учун кетган”, десам: “Э-э, қачон келар экан?” дейди номард! “Худо раҳмат қилсин!” – демайди.
Орадан кўп ўтмай ўша одам меҳр-оқибат, дину диёнат ҳақида кетма-кет мақолалар эълон қила бошлади. Чори уларни менга кўрсатиб: “Худо раҳмат қилсин!” дея аччиқ кулиб қўярди.
У бировлар учун ҳам уялар, азоб­ланарди.
Чори ишга ҳар куни ўз вақтида келар, тинмай ишларди. Шахмат ё теннис ўйнагани судрасам, фақат тушлик танаффус пайтида ё ишдан кейингина рози бўларди.
“Чори Аваз – ўлимидан ибрат олса бўладиган йигит эди, – дейди исломий олим Муқим Ҳижрон. – У кам кулар, бекорчи ҳазил-ҳузулдан йироқ, меҳнаткаш, камгап ва камтарин инсон эди”.
       Дарҳақиқат, шундай. У ҳақда айтадиган гапларим, хотираларим жуда кўп. Айримларини энди эслай бошласам, унинг вафот этганлиги ҳақидаги ҳали эскирмаган ҳақиқат эсимга тушиб, гангитиб қўяди ва чалкашиб кетаман.
Аъзам ЎКТАМ
1993