Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ДУК, ДУК, ДУК! МАТБУОТГА ЯНА БИР ҲУЖУМ

ДУК, ДУК, ДУК! МАТБУОТГА ЯНА БИР ҲУЖУМ

Бугун газетамизнинг 2019 йил 1-сонида журналист Фаррух Жабборов қаламига мансуб "Маърифат"сиз қолган муаллимлар. Умумий қозон муаммога ечим бўла оладими? сарлавҳали мақола эълон қилингач, ўзига хос акс-садо берди. Жумладан, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўз муносабатларини билдиришмоқда. Қуйида журналист Суҳроб Зиёнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини ўқишингиз мумкин.



Таълим нашрлари ҳақидаги янги қарор лойиҳасини ўқиб хурсанд бўлишни-да, хафа бўлишни-да билмай қолдим.

Хафа бўлай десам, лойиҳада ваъдалар бисёр. Хурсанд бўлай десам, нега шу ишларни аввалроқ амалга оширишмади? Нима, бунинг учун матбуотни исканжага олиш шартми? Энди елкасига шамол тегиб, эски қолипларни парчалаш, эркин фикр майдонига йўл очишга уринаётган матбуотимиз йўлиққан биринчи тўсиқ МАЖБУРИЙ ОБУНА бўлди. Интернет ОАВда ишлайдиган ҳамкасбларимиз баҳоли қудрат бу ишга ҳисса қўшиб мажбурий обуна масаласини миллий фожиа даражасига кўтаришди. Ҳартугул “Маърифат”имиз ўз аудиториясига эга, бу синовдан талафотсиз ўтиб олади деб ўйлагандим. Чунки республикамизда 10 мингга яқин мактаб, кўплаб ўрта-махсус таълим масканлари, ўнлаб олий ўқув юртлари бор. Уларда фаолият олиб борадиган, таҳсил оладиган инсонлар миллионларни ташкил этади. Улар таълим нашрларига эҳтиёж сезади, деб ўйлабмиз-да! Аввал ҳар бир мактаб ҳудудий раҳбарият томонидан белгиланган нашрларга обуна бўлишга мажбур эди. Эркин танлов бўлса, устозларимиз жон деб ўз нашрларини танлайди деб ишондик. Бугунги аҳвол шуни кўрсатиб қўйдики, кўпчилик педагогларимизнинг таълим нашрларига қизиқиши йўқ экан. Бу фақат уларнинг эмас, бизнинг ҳам айбимиз, газетамиз саҳифаларида олди-қочди, шов-шувли, “ўлдирди”, “сўйди”, “ўғирлади” қабилидаги материаллар билан тўлдирмадик. Чунки бу ишлар “Маърифат” деган номга тўғри келмайди. Энг қийин даврларда ҳам газета устозларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга уриниб келди. Аммо баъзида муассисларнинг қош-қовоғига қарашга тўғри келарди. Устозларимиз бошига балодай ёғилган мажбурий меҳнат ҳақида “нега ёзмайсизлар” деган таъналарни эшитардим. Менинг онам ўқитувчи. Кўп марта уларнинг ўрнига гоҳ йўл тозалашга, гоҳ марказий кўчалар четида қурилган янги уйларнинг аторфларини ободонлаштиришга чиқардим. Ва устозларимнинг қадри топлатаётганидан ўкинардим. Аммо газетага ишга киргач, ҳамма муаммони ёзишнинг ўз вақти соати борлигини тушундим. Ахир, ўзингиз ўйланг, у ишнинг бошида мутасаддиларнинг ўзи турган бўлса, бу гапларни қандай қилиб соҳага оид газетада босилишига йўл қўярди. Сўнгги йилларда барча соҳаларга бўлгани каби танқидий ёндашув йўлига “Маърифат” ҳам энди қўшила бошлаган пайтларни эслайлик. 2017 йилнинг сўнгги уч-тўрт ойида газета саҳифаларида ёритилган муаммоларда тизимни чуқур билган мутахассис нигоҳи, муаммоларнинг моҳияти, асосли ва қаттиқ танқидлар берила бошлади. Аммо бу муассисимизга манзур келмаслиги аён эди. Аммо баъзи мақолаларга ҳукумат даражасида эътибор берилгани газетамизни танқиддан асраб қолди. Бироқ кўп ўтмай халқ таълими вазирлиги молия бошқармаси хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи таҳририятимиздан молиявий ҳисоботлар талаб қила бошлади. Қизиғ-а, таҳририят вазирликнинг бир бўлимимиди, ўз-ўзини моддий таъминловчи газетамиз қанча қул ишлатгани ҳақида ҳисоб берса! Ўйлашганки, буларнинг обунаси биз сабаб, топган пули ҳам бизларники деб.


Шундай сўнг, бу таҳририятнинг ички иши бўлса ҳам айтай, бош муҳарриримиз Халқ таълими вазири номига очиқ хат йўллади. Унда газета Уставида таҳририят ўзининг молиявий муносабатларини ўзи ҳал қилиши белгилангани, бундан ташқари ҳисобот талаб қилиш учун вазирликнинг тўла ҳаққи йўқлиги ҳам асос қилиб келтирилган эди. Чунки “Маърифат” Халқ таълими вазирлигидан ташқари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Марказий Кенгашининг ҳам муассислигидаги газетадир. Бу эса бир ташкилотнинг газетани изоляция қилиб олмаслигини таъминлайди. “Халқ таълими тизимидаги оммавий ахборот воситалари ролини янада ошириш тўғрисида”ги қарор лойиҳасида эса бошқа муассислар Уставдаги ўз улушларини Халқ таълими вазирлигига “беғараз” ўтказиши ҳақида сўз боради. Демак, бу “Маърифат”ни молиявий назорат қилишга бўлган иккинчи уринишдир. Лойиҳада мактаб директорининг маънавият ишлари бўйича ўринбосарларининг мактаб матуот котибига айланиши ва улар “Халқ таълими нашриЁТЛАРИ”нинг обунасини ташкил этиши ҳақида айтилади. Бундан келиб чиқадики, энди бу нашларнинг обунаси гуллаб яшнайди. Лекин журналистларнинг меҳнатининг ҳузурини ўзгалар кўради. Мақсад: таълим янгиликларини муассасаларга етиб боришини таъминлаш эшум. Шундоқ ҳам таълим нашрлари тизимдаги ислоҳотларни бекаму кўст ёритиб бормоқда. Вазирликда бошланган ислоҳотлар, уларнинг натижалари, мактаблардаги аҳвол ҳақида “Маърифат”ни варақласангиз, бемалол маълумот олишингиз мумкин. Яна нима керак сизларга? “Маърифат” тармоқ нашри бўлса-да, унинг мавзу қамрови чекланмаган. Унда халқ таълими янгиликларидан ташқари олий таълим янгиликлари, касаба уюшмалари фаолияти, маънавият, санъат ва адабиётга оид мақолалар бериб борилади. Вазирлик якка муассис бўлиб, олий таълим, адабиёт ва маънавият бўлимларни ёпиш керак, деса нима бўлади? Нега десак, уларга бекорга пул сарфлаяпмиз дейишади. Қўлингиздан нима келади шунда?

Журналистлар орасида “Маърифат” мактаби” деган ибора бор. Бу мактаб кўп етук журналистларни тарбиялаган, улар юртимиз медиа оламида ўз ўрнини топиб улгурганлар. Мен журналистика факультетида ўтган тўрт йилдан кўра “Маърифат”да ўтган бир ярим йилда икки карра кўпроқ нарса ўргандим, дея оламан. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. “Маърифат” ва “Бошланғич таълим” каби нашрларнинг бўғилиши миллий матбуотимизнинг фожиаси бўлиши мумкинлигини тасаввур қиляпман. “Ахир, эвазига журналистлар домий прописка ва ипотека кредитлари билан таънимланиши мумкин-ку” дейишга шошманг. Ҳуқуқий жиҳатдан олиб қаралса, бу ишни ҳозир ҳам амалга ошириш мумкин, агар вазирлик хоҳласа. Лекин бу қарорнинг қабул қилиниши журналистларга енгиллик яратиш ва халқ таълими нашрларини (нашриётларининг эмас!) аудиторияга етиб боришини осонлаштиришдан кўра, сўз эркинлигининг бўғилиши, мумтоз газета журналларимизнинг қиёфасизланиши, таҳририятларнинг молиявий мустақилликдан маҳрум бўлишига йўл очади. Агар муассисларимиз ўз ислоҳотлари барча ҳудудларга етиб боришини чиндан ҳам исташса, барча таълим нашрларини “ДУК” деган қафасга қамагандан кўра, тизимдаги педагогларга матбуотни тарғиб қилишлари ва матбуот тарқатувчи ташкилотларининг жойларга вақтида етиб боришига доир чора тадбирлар кўришлари яхши натижа берарди. Лекин улар буни хоҳлармикин? Бу ҳақида кейинги мақолаларимизда сўз юритамиз. 

P/S: ушбу рукнда берилаётган материал таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.