Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Дунёни ҳалокатдан ҳақиқат, яхшилик ва гўзаллик халос этиши мумкин

Дунёни ҳалокатдан ҳақиқат, яхшилик  ва гўзаллик халос этиши мумкин

Пиримқул ҚОДИРОВ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси


Менинг тасаввуримда, бизга берилган умр тонгги жим-жит бир тезлик билан учиб ўтмоқда. Ўйлаб қарасангиз, ҳар бир кишининг тақдири туғилмасидан олдинги асрларга ҳам илдиз отган бўлади. Туркий аждодларимиз етти пуштини яхши билмаган одамни уят қилишган. Тўқсон икки қабилали ўзбеклар ўз аждодлари қайси уруғдан эканини ёддан чиқармаганлар. Аммо шўро даврида уруғ суриштириш “уруғ-аймоқчиликка олиб боради” деб айб қилинди. Бу ҳамма одамларни тарихий илдизларидан узиб ташлашга хизмат қиладиган ақида эди.

Аслида эса, ҳар биримизнинг ўтмишимиз ота-боболаримиз мансуб бўлган қабила ва уруғлар орқали халқимиз бошидан кечирган катта тарихий воқеаларга узвий боғланган бўлади. Дейлик, Амир Темур ва унинг авлодларига мансуб бўлган барлос қабиласи Шайбонийхон ва унинг авлодлари даврида қаттиқ қувғинга учрайди. Барлосларнинг улкан бир қисми Бобур билан бирга Афғонистон ва Ҳиндистонга кетади. Бизнинг юртда қолганлари эса тоғ оралиқларига, хон навкарлари кам борадиган пана қиш­лоқларга жойлашади.

Отамизнинг бобокалонлари орасида Ҳасан Жибачи деган киши ўтган экан. Жиба – жанг пайтида кийиладиган зирҳли кийим. Жибачи – ҳукмфармо бекнинг “офтобачи” деганга ўхшаш бир мулозими. Ҳасан Жибачи ўша даврдаги ҳукмрон доираларига яқин турган қирқ уруғининг қуёнқулоқ шохасидан бўлади.

Ота-оналар бизни оёққа турғазгунча нечоғлик машаққат чекканларини фарзанд ўстирганлар яхши билади. Отамиз бой бўлиб бадарға қилинганлиги учун ҳукмрон мафкура ёшликда бизни руҳан эзиб, ундан бездиргудек бўларди. Ҳолбуки, отам меҳнат қилиб чарчамайдиган, беш вақт намозини канда этмайдиган, умрида ароқ ичмаган, муло­йим табиат, мўмин-қобил одам эди. Ҳаётда жуда кўп оғир, асаб­бузар ҳодисаларни бошдан кечирган бўлса ҳам, раҳматли биз болаларни уриб-сўкканини эслаёлмайман. Лекин онамиз бизни зир югуртириб ишлатар, хато қилсак, аямай жазо берар, интизомни жуда қаттиқ тутар эдилар. Отамиз “Бизнинг хотин амалдор момосига тортган”, деб қўяр эди. Кейин билсак, онамизнинг момолари Ўғилжон додхоҳ Фарғона водийсининг Ўш томонларида шуҳрат қозонган Қурбонжон додхоҳнинг издошларидан бўлган экан. У киши оламдан ўтган кезларида туғилган бизнинг онамизга ўша момосининг исмини бериб, “Ўғилжон” деб от қўйган эканлар.

***

Биз яшаган даврнинг кўп қисми фожиаларга тўла бўлди. Болалик йилларимиз Сталиннинг шафқатсиз зулми кучайган пайтга тўғри келган. Отамиз катта ўғил тўйи қилгани сабабли оиламизни қаҳратон қиш кунида Кенгкўлдан Оқсув қишлоғига зўравонлик билан кўчиришганди. Шунда икки-уч яшар бола эдим. Мендан кичик – олти ойлик Раббим деган укам ҳам бор эди. Қор қалин, изғирин, бизни тоғам билан онам кўрпаларга ўраб, отларга миндириб олишди. Ора у қадар узоқ эмас: йигирма чақиримча келади. Аммо пасту баланд тоғ йўллари музлаб қолган; отлар нуқул тойиб йиқилаверди. Ағанаб кетган кўчларни қайта ортгунларича биз дийдираб совуқда қолдик. Укачам қаттиқ шамоллаб, Оқсувга келганимизда вафот этди. Унинг қабрчаси ҳали-ҳануз кўз ўнгимда турибди…

***

Тўн илиғини эгаси билади, деганидек, ҳар кимнинг оилавий ҳаёти, қийинчиликлари ўзига аён. Шу, масалан, ички бир сир сифатида сақланишига тарафдорман. Халқимизда шундай мақол бор: одамларнинг бир-бирига меҳри қушнинг полапонига ўхшайди. Полапон, маълумки, жуда нозик, ҳадеб уни қўлга олаверсангиз, қўлнинг заҳри уриб касалланиши муқаррар. Шу маънода кўнгил сирлари, шахсий туйғулар холис яшагани, четдан аралашувлар бўлмагани маъқул. Гёте дейдики, менинг қалбим очиқ шаҳар, лекин унда шундай бир қаср борки, унга фақатгина маҳрами асроримни киритаман.

Оилада ҳам ҳурмат, инсонийлик биринчи ўринда турмоғи керак. Саттор (“Эрк” қиссаси қаҳрамони – таҳририят) орқали шуни кўрсатишга ҳаракат қилганман.

“Олмос камар”да ҳам бундай ҳол Аброр билан Вазиранинг бошига тушади. Оилада қийинчиликлар бўлади, албатта, фақат уни сабр-бардош билан енгиб ўтиш керак. Таж­рибалар шуни кўрсатяптики, иккинчи марта қурилган оила кўп ҳолларда биринчисидан кўра мўртроқ бўлиб чиқади. Ҳаёт бир издан чиққач, уни тузатиш қийин. 

***

Лев Толстойдан “Анна Каренина” романининг қисқача мазмунини айтиб берсангиз дейишганда, у бир оғиз қилиб айтиш мумкин бўлганда мен уни роман қилиб ўтирмаган бўлардим, деган экан. Мен севгини оловга ўхшатаман. Бу оловнинг асоси – меҳр. Қуёшнинг нурлари лупада битта нуқтага йиғилса, ўша жойни куйдириб юборади… Муҳаббат ҳам шунга ўхшайди, инсоний туйғуларни бир нуқтага жамлайди, юракда яшириниб ётган барча маънавий кучларни ҳаракатга келтиради. Муҳаб­бат келганда заиф одам ҳам ўзини жуда қудратли сезади. Бошқа вақт қўлидан келмайдиган ишларни муҳаббатнинг кучи билан уддалай олади. Муҳаббат инсоннинг барча фазилатларини уйғотадиган баҳор палласига ўхшайди.

 

***

Биз биринчи навбатда табиатдан, сўнг китоблардан миннатдор бўлишимиз лозим. Бизни коинот бағрида омон сақлаб турган табиат неъмати – осмоннинг юқори қатламидаги озон пардасини эсланг. Уни “ернинг озон қалпоғи” ҳам дейи­шади. Лекин суратини кўрсангиз, миллион йиллар давомида тўпланган энг тоза ва энг тиниқ ҳаво – озон қалпоқдан кўра кўпроқ ҳарир ипак пардага ўхшайди. Эски китоблардаги “пардаи асрор” – “сирли ер пардаси” деган иборани ёдга солади у.

Нафис озон қатлами ердаги бутун тирик жонларни қуёшнинг хатарли зарраларидан ҳимоя этиб тураркан, аммо, афсуски, унга лат етказиляпти. Масалан, Антарктида устидаги минглаб квадрат километр майдонда озон қатлами йўқолди. Бу бутун дунёни ташвишга солмоқда. Антарктидада-ку қуёшли кунлар кам, аҳоли деярли йўқ. Бордию аҳоли зич жойлашган қитъалар ва қуёшли минтақалар осмони озонсиз қолса, аҳволимиз қандай кечади?

Яхши китоблар бутун одамзод тарихи давомида тўпланган маънавий озон хизматини ўтайди. Улар инсониятни турли замонлардаги салбий таъсирлар ва аҳлоқий бузилиш­лар “радиация”сидан асраб келаётир. Энг яхши ёзувчилар эса одам зоти учун ана шу қадар зарур маънавий озон ишлаб чиқараётгани туфайли алоҳида эъзоздадирлар.

***

Шу кеча-кундузда ҳам (1990-йиллар – таҳририят) адибларимиз санъат одамларга қандай хизмат қилиши керак, деган азалий саволга муттасил жавоб излашяпти. Бу борада ҳозир хорижда яшаётган иқтидорли ёзувчи Александр Солженициннинг айтганлари, айниқса, диққатга сазовор. У Нобель мукофоти олиши муносабати билан сўзлаган нутқида (ушбу нутқ “Новий мир” журналининг 1989 йил 7-сонида эълон қилинган) дейдики, публицистик мақола ҳар қанча ўткир бўлса-да, вақт ўтгани сари эскиради. Чунки у инсон қалбини, шуурини, ҳис-туйғусини, тафаккурини батамом қамраб ололмайди. Бадиий асар эса одамнинг ҳам ақлига, ҳам дилига таъсир қилади. Албатта, кучли асарлар, айтайлик, Шекспир, Достоевскийларнинг ёзганлари каби. Бориб-бориб бу асарлар шундай қудратга айланадики, уларни ҳеч ким йўқ қилиб ташлолмайди. Одамзод улардан мудом шифо топиб туради.

Ривожланган халқлардаги яхшилик, ҳақиқат ва гўзаллик учаласи биргаликда инсоннинг маънавий дунёсини устундай суяб туради, – дейди Солженицин. – Аммо ҳозир яхшилик ҳам кўпинча беҳисоб муаммоларнинг чакалагидан ўзига йўл тополмай, адашиб қолиши мумкин. Лекин санъату адабиётдаги гўзаллик (айниқса, адабиётда) жозиба кучи чакалакзор ичра адашиб юрган ҳақиқатни ўз қанотида кўтариб олиб чиқа олади.

Дунёни атом ҳалокатидан шу учови – ҳақиқат, яхшилик ва гўзаллик халос этиши мумкин.

***

Бизда мақол бор-ку, “Яхшилик қил – дарёга ташла, балиқ билмаса, холиқ билади”, деган. Яхшилик билан одам ўзининг дилини обод этади. Бировга ёмонликни раво кўрган кишининг дилида, албатта, ўша ёмонликларнинг асорати қолади. Ёмонлик охир-оқибат қайтади, кутилмаган жойдан қайтади. Мана, менинг отамга адолатсизлик қилганлар ичида бир одам бор эди (мен уни “Қора кўзлар” романимда Исмат бобо деган ном билан келтирганман). У чақимчилик билан қишлоғимиздаги бегуноҳ кишиларни қаматиб юборганди. Сири очилгач, одамларнинг назаридан қолди. Кейин эса кўзлари кўр бўлди. Аммо шундаям ёмонлик қилишни қўймади, бора-бора хотини, келини, ўғли ўртасида низо чиқара бошлади. Охири ўғли чидолмай: “Ота, шунча қилган айғоқчилигингиз каммиди, энди уйдагиларни тинч қўйинг”, дейди ғазаб билан. У эса “дод” солиб бақиради. “Мен сени оқ қиламан!” дейди ўғлига. Шунда хотини: “Оқ қиладиган одамнинг кўнгли оқ бўлади. Сизнинг эса кўнглингиз қора! Сизнинг кўзингиз кўр эмас, имонингиз кўр, виждонингиз кўр!” дейди…

Дўрмондаги боғ атрофида кускут (чирмовиқнинг ёмон тури) деган бир ўсимлик ўсади. Барги йўқ, илдизи йўқ, худди чувалчангга ўхшайди. Баъзан ҳаводан учиб келиб, мевали дарахт­ларга ёпишади. Бир куни қарасам, четроқдаги баланд бир теракнинг ярмигача чиқиб, уни қуритибди, аммо ўзиям қуриб ётибди. Чунки унга ўша терак озиқ бериб турган эди-да. Ёмонлик бир куни, албатта, ўзиям барбод бўлади!..