Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЭҲТИЁТ БЎЛАМИЗМИ, Ё?..

ЭҲТИЁТ БЎЛАМИЗМИ, Ё?..
Қайси маконда?
Улар асосан идишининг ёрқин рангдалиги билан алоҳида ажралиб туради,  юртимизнинг барча гипермаркету супермаркетларидан тортиб, минимаркетларнинг олд пештахталаригача безаб турибди. Турлари шу қадар кўпки, номма ном санасангиз, вақтингиз етмайди. Хўш, сўнгги пайтларда аудиторияси кундан кунга кенгайиб, оммалашиб бораётган бундай  “қўшимча қувват бағишлайдиган” ичимликлар қачон, қаерда ва нима сабабдан пайдо бўлган?
Манбаларда ёзилишича, ичимликнинг асл ватани Австралия (ХХ аср бошлари), Осиёдагиси эса Япония ҳисобланади. Тўғри инсонга тетиклик бахш этувчи ичимликлар бундан олдин ҳам мавжуд бўлган. Мисол учун Осиё мамлакатлари, кўпинча Хитойда, чой истеъмол қилишган, Яқин Шарқда кофе, Узоқ Шарқ ва Сибир каби совуқ ҳудудларда лимон, женшенни дамлаш “урф”да бўлган...
 
Зарарлими?
Сахароза ва глюкоза деярли барча “энергетик”лар таркибида мавжуд бўлиб, улар организмимиз учун керакли моддалардир. Кейинги ўринда кофеин – чарчоқ ва уйқуни тарқатувчи, фикрлашни теранлаштирувчи ҳисобланади, худди никотинлардек. Шу билан бирга ҳаддан ортиқ истеъмол қилинган кофеин асаб толаларининг ишдан чиқиши ва уйқусизликка сабаб бўлади. Унинг 10-15 грамми юрак фаолияти учун ўта хавфли. Теобрамин ва таурин каби моддалар ҳам “коктейл”лар таркибидаги асосий масаллиқлардан. Улар организмимизнинг асаб толалари ва артериал қон томирлари учун фойдали витаминлар (ичимликлар таркибида уларнинг ҳаддан ортиқ бўлиши акс таъсирга эга). Бундан ташқари ичимлик таркибида кам миқдордаги глюкуролактон, В ва D каби витаминлар ҳам мавжуд.
Ҳа, сезганингиздек санаб ўтилганларнинг барчаси фаолиятимиз учун керакли бўлган кундалик турмушимизда тез-тез истеъмол қилинувчи маҳсулотлар таркибида ҳам (шоколад, чой, кофе) мавжуд. Бироқ ҳар бир ишда меъёр афзал дейилганидек, уларнинг ҳам керагидан ортиғи биз учун ўта хавфли. Шу сабабдан тадқиқотчилар кучли жисмоний ҳаракат қилишдан олдин ёки кейин, чой, кофе каби таркибида ўхшаш компонентлар бўлган суюқликлардан сўнг энергетик ичимликлар (кофедан 5-6 баробар кучлироқ) ичишни тўғри эмас, деб баҳолашмоқда. Акс ҳолда охири вой. Мисол учун Американинг Жанубий Каролина штатида истиқомат қилувчи 16 ёшли ўсмир кофеин миқдори юқори бўлган бир нечта ичимликни кетма-кет ичганлиги сабаб ҳаётдан кўз юмган. Москва шаҳридаги дискотекалардан бирида меъёридан ортиқ “қувватловчи”ларни истеъмол қилган аёл билан ҳам шунга ўхшаш воқеа содир бўлди. Сўнгги пайтларда спорт майдонларида тўсатдан юрак тўхташи натижасида кўплаб спортчилар вафот этишди. Мутахассисларининг фикрича бунга ҳам айнан энергетик маҳсулотлар айбдор.
 
Ростдан ҳам баҳодирга айлантирадими?
Бу мутлақо нотўғри фикр. Ўрганишлар натижасида маълум бўлишича, ичимлик таркибидаги ўз ўрнида фойдали, аммо меъёридан ортиғи зарар бўлган кўплаб компонентлар организмга тушганидан сўнг қувват бериш эмас, аксинча, қувват йиғиш билан “шуғулланар” экан. Улар инсон қонига тез сингиб,  танадаги зарур бўлган пайтларда фойдаланиладиган захира энергияни ишлашга мажбур қилади. Шу вақт оралиғида инсон ўзини тетикдек ҳис этади. Лекин вужуд сарфланган, аммо зарур бўлган захирани яна йиғиб, ўзига келиб олгунича не-не соғлиқ билан боғлиқ муаммоларга дуч келамиз – буниси қоронғи.
Яна бир мисол. Буни ўқиб, юқорида келтирилган кўпчилик исбот ва далиллар ҳали ҳолва эканлигига амин бўласиз. Канаданинг Мериленд университети ходимлари йигирма ёшлар атрофидаги энергияга “муҳтож” ёшларни беш йил давомида назорат қилиб боришди. Маълум бўлишича, таркибида кофеин миқдори кўп бўлган энергетик ичимликларни мунтазам истеъмол қилувчилар келажакда руҳий фаоллаштирувчи моддалар (наркотик, кучли тамаки маҳсулотлари в.б) ни тез-тез қабул қила бошлайди.
Бундан ташқари, Канадада ўтказилган бошқа бир тадқиқот бундай ичимлик ичувчи ўсмирлар бошқа тенгдошларига нисбатан бош жароҳатига кўпроқ мойил бўлишини кўрсатди.
Шу ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли Ғарбнинг кўплаб мамлакатларида қаттиқ назорат остига олинган ёки бутунлай тақиқланган “шифобахш” ичимликлар бизда кун сайин савдо расталари безагига айланаётганига ҳайрон қоласан киши. Номма ном айтадиган бўлсак, Франция, Дания ва Норвегия каби дунёнинг ривожланган мамлакатларида энергетик “коктейл”ларнинг эркин савдосига рухсат этилмайди. Уларни фақат дорихоналарда сотишга рухсат этилади. Шунингдек, АҚШнинг барча ҳудудида “бежирим идишча”лар сотувдан тўлиқ олиб ташланган, Литвада эса ўтган йилдан бошлаб бундай турдаги ичимликларни вояга етмаганларга сотиш ман қилинди (фақат шахсини тасдиқлайдиган паспорт билан).
Хўш, бизда телевидение, радио орқали кун давомида бериб борилаётган ичимлик рекламалари ва кўчалардаги баннер ёзувларидан бўлак, бу борада нима ишлар қилинмоқда? Балки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қувватни оширувчи ичимликларнинг салбий таъсирлари ва уларнинг олдини олиш борасида чоралар кўриш тўғрисидаги чақирувларига эътибор қаратиш пайти етиб келгандир.
Нима бўлганда ҳам соғлигимиз учун ўзимиз қайғуришимиз лозимлигини унутиб қўймасак бас.   
Сардор ТУРОБОВ
тайёрлади