Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Экспорт Имконият ҳам, салоҳият ҳам етарли, лекин...

Экспорт Имконият ҳам, салоҳият ҳам етарли, лекин... Яқинда пойтахтимизда “Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, логистика ҳамда экспортини ташкил қилиш борасидаги  долзарб масалалар”  мавзуида республика илмий-­амалий конференцияси ўтказилди. Анжуманда муҳокама қилинган долзарб масалалар бевосита мамлакат тараққиётига боғлиқ.

           Ўтган йилги аччиқ сабоқлар
2018 йилда мамлакатимизда 18 миллион тоннадан ортиқ  мева-сабзавот  етиштирилганди. Ҳосилнинг асосий қисми сабзавотлар, қолгани  мевалар, полиз маҳсулотлари  ва узумдан иборат. Ушбу неъматлар асосан фермер, деҳқон ҳамда шахсий томорқа хўжаликларида етиштирилди. Хўш, мева-сабзавотларнинг қанчаси хорижга экспорт қилинди, деган ҳақли савол туғилади. Таассуфки, бу борадаги кўрсаткичлар мақтанарли эмас. Ўтган йили етиштирилган жами маҳсулотнинг бор-йўғи 14 фоизи ёки қиймати 889,6 миллион долларга тенг 1,3 миллион тонна мева-сабзавотнинг аксарияти 5 та давлат – Қозоғистон, Россия, Қирғизистон, Афғонистонга экспорт қилинди холос. Ваҳоланки, республикамизнинг йилига 10-15 миллиард АҚШ доллари ёки 10,3 миллион. тонна маҳсулотни четга чиқариш салоҳияти мавжуд. Президентимиз таъкидлаганидек, мева-сабзавот етиштиришни янада кўпайтириш, уни сифатли тарзда аҳолига етказиш ва экспорт қилиш ишлари, афсуски, етарли даражада эмас. Демак, бу йўналишдаги аҳволни яхшилаш учун нималар қилиш керак?
Аввало, чет эллик харидорларнинг талабига жавоб берадиган мева-сабзавотлар етиштирилишини кафолатловчи тизим яратиш зарур. Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириладиган ер майдонининг мелиоратив ҳолати, балл-бонитетини ошириш бўйича тегишли ишларни амалга ошириш бу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлади. Хусусан, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш учун ажратилган ер майдонларининг хусусиятлари (тупроқ таркибидаги микроэлемент, макроэлемент, тупроқнинг органик таркиби, шўрланиши ва ҳ.к.), ҳудудларнинг иқлим шарт-шароити, технологик карталари  чуқур ўрганилмаган ҳолда кўчатлар, уруғлар экилишига йўл қўймаслик лозим.Экспортбоп мева-сабзавотларни экиш ва парваришлаш бўйича олимлар ва агрономлар томонидан ҳудудларга  мос  технологик карталарнинг ишлаб чиқилиши, хўжаликларнинг сифатли  уруғ билан таъминланиши йўлга қўйилиши мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, экспортбоп кўчат навлари ва уруғлар етказиб берувчи хўжаликларни кўпайтириш, яъни селекция тизимини ривожлантириш ва уларни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш зарур. Мутасадди  вазирлик ва идоралар, илмий-текшириш институтлари вируслардан хажмини оширган ҳолда фермер ва тадбиркорлар буюртмалари асосида барпо этиладиган интенсив мевазор ва токзорлар учун талаб этиладиган кўчатларни шартнома асосида етказиб берилишини таъминлашлари керак. Мева-сабзавот ишлаб чиқарувчилар ва тайёрловчилари ўртасида мева-сабзавот экинлари бозорида харидоргир экинлар ва уларнинг навларини жойлаштириш масалаларида ўзаро ҳамкорликнинг бозор механизмларини шакллантириш ҳам муҳим вазифалар сирасига киради.
                                     Нарх-наво масаласи “чақаяпти”
Ана шу вазифалар амалга оширилишида шуни эътиборга олиш зарурки, ер  ва  сув ресурслари аграр соҳадаги асосий ишлаб чиқариш воситаларидир. Мамлакатимиздаги сув ресурсларининг 90 фоизга яқини қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ишлатилади. Шунинг баробарида ер ресурсларига хос бўлган талай муаммолар мавжудлигини қайд этиш жоиз. Тупроқнинг шўрланиши, саҳроланиши ва шамол эрозиясига учраши, унда гумус ва озуқа элементлари камайиб кетиши кабилар шулар жумласидан. Бугунги кунда юртимизда сифати ўртачадан паст  ерлар жами экин майдонларининг 25 фоизини ташкил этади. Бинобарин, ердан тўғри, унумли фойдаланиш, ернинг ҳосилдорлигини ошириш масалалари минтақавий, ҳудудий, маҳаллий ҳамда ҳар бир хўжаликнинг иқтисодий ягона тизимини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим бўғини бўлиши лозим.

Қишлоқ хўжалигининг жадал ривожланиши сув ресурслари истеъмолининг ортишига олиб келмоқда, бу эса келажакда вужудга келиши мумкин бўлган глобал чақирув ва хатарларга нисбатан ўз вақтида чоралар кўрилмаган тақдирда, нафақат мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилиши, балки мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланишига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Соҳа мутахассислари ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, шўрланишининг олдини олиш, экинлар ҳосилдорлиги паса­йиб кетишига йўл қўймаслик, нархларнинг асоссиз арзонлашиб кетмаслиги учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширишни тавсия қилишмоқда:

 Тан олиш керак, ҳозирги вақтда мева-саб­завот экинларини республика ҳудудлари бўйлаб жойлаштиришга илмий ёндашилмаяпти. Қайси ҳудудда қандай маҳсулотларни экиш нисбатан фойдалироқ эканлиги тўғрисидаги илмий асосланган тавсиялар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига берилмаяпти. Натижада гоҳ у, гоҳо бу маҳсулотнинг нархи тушиб кетиб, ишлаб чиқарувчиларнинг ҳафсаласи пир бўлаяпти. Истеъмол бозорида нархлар ўсиши ва пасайиши динамикасини аниқлашнинг ягона методология­си ишлаб чиқилмаганлиги ва бошқа омиллар сабабли  етиштирилган айрим маҳсулот турлари нархларининг кескин арзонлашиши  оқибатида тадбиркор ва фермерларнинг молиявий зарар кўриш ҳолатлари рўй бермоқда. Ўтган йили кўплаб деҳқонлар етиштирган маҳсулотлар, масалан, аччиқ қалампир, пиёз ва саримсоқ пиёз билан боғлиқ муаммолар ҳалигача ўз ечимини топмади. Бундан ташқари, мева-саб­завот етиштирилишида фойдаланилаётган трактор ва бошқа ускуналар, ёқилғи-мойлаш материаллари (мисол учун, 1 литр солярка нархи 6 минг сўмдан зиёд), минерал ўғитлар нархи муттасил ўсиб бораётганлиги ҳам мева-сабзавот маҳсулотлари таннархига салбий таъсир кўрсатяпти.

                            Боғдорчилик муаммолари ечим излаётир
Хориждан келтирилган навларнинг иқлимлаштирилиши, ўсимлик (кўчат)нинг янги муҳитга мослашуви ҳозирда боғдорчиликдаги асосий муаммолардан биридир. Тоғ олди, тоғ ва лалмикор ҳудудларда интерекляр (мослаштириш) усулида етиштирилган кўчатлар асосида интенсив боғлар барпо этишнинг анча самарадорлиги кузатилмоқда. Ҳозирги вақтда республикамизда замонавий интенсив боғлар катта майдонларда ташкил этилмоқда. Лекин  бу борада бир қатор ечимини кутаётган масалалар ҳам юзага келмоқдаки,  уларни ҳал этмасдан интенсив боғдорчиликни ривожлантириб бўлмайди. 

Биринчидан,  интенсив боғ ва узумзорлар оддий боғлардан кескин фарқ қилиб, жуда катта маблағ, билим, тажриба талаб этади. Уни оддий деҳқон бошқара олмайди. Демак, бундай боғларни шу соҳа мутахассиси, олий маълумотли агроном бошқариши ҳамда ишлар мутахассислар отряди –  агроном, механизатор, ҳимоячи, агрохимик ва бошқалар билан ташкил этилиши мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан,  интенсив боғлар кўп ҳолларда катта йўл трассалари ёнига ҳамда ер ости сувлари саёз жойлашган ҳудудларда барпо қилинган. Бунда кўчат навларининг биологик хусусиятлари инобатга олинмаган.

Учинчидан, интенсив боғлар  асосан шу ҳудудга мослашмаган тур ва навлардан ташкил топяпти.

Тўртинчидан, юртимизда интенсив мева-сабзавотчиликнинг бир қанча хорижий технологиялари жорий қилинган. Лекин интенсив етиштириш технологияси билан мутлақо таниш эмаслиги ҳамда бу борада тажриба йўқлиги боғлар соҳибларига панд бермоқда.

Шу билан бирга мева-сабзавот етиштирувчиларнинг бозорларда харидоргир бўлган ҳосилдор ва сифатли навларнинг уруғи, кўчати  билан яхши таъминланмаганлиги муаммоси мавжудлигини ҳам таъкидлаш лозим.

Мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб берувчилар ҳамда қайта ишловчилар ўртасида доимий алоқалар мавжуд эмас. Бинобарин, мева-сабзавотларни етиштирувчилар ҳамда қайта ишлаш корхоналари ўртасида узоқ йиллик мунтазам ҳамкорлик шартномалари тузилиши борасидаги ишларни ташкиллаштириш зарурлиги аён бўлмоқда.

Оптималлаштириш жараёнида эски, иқтисодий самарадорлиги паст бўлган боғ ва токзорлар билан бирга кўчатлар интенсив усулда экилмаган боғ ва токзорлар ҳам  бузилиб, экин ер майдонлари таркибига қўшилиши белгиланган. Зеро, интенсив усулда экилган боғларда ҳосилдорлик оддий боғларга нисбатан юқори.

Жами боғ ва токзорларнинг неча фоизи интенсив усулда экилган? Республикамизда 269,6 минг гектар боғ майдонлари мавжуд бўлиб, шундан  фермер хўжаликлари улушига 188,4 минг, деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқалари ҳиссасига 81,2 минг гектар  тўғри келади. Жами боғ майдонларининг  44,3 минг гектари (ёки 16 фоизи)  интенсив боғлардан иборат. Шунингдек, мамлакатимизда 128,2 минг гектар токзор мавжуд бўлиб, шундан 82,5 минг гектари фермер хўжаликлари, 45,7 минг гектари эса деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларига қарашли.  

Интенсив боғ ва токзорлар  кўчат ва технологияларини жорий этиш  анча қиммат эканлигини ҳамда аксарият фермер хўжаликларининг молиявий ҳолати уларга тезкорлик билан интенсив боғ ва токзорлар барпо этишга қийинчилик туғдиришини ҳам ҳисобга олишимиз лозим.  Замонавий интенсив боғларда томчилатиб суғориш тизими қўлланиляпти. Шу билан бирга амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай томчилатиб суғориш тизими 43,1 минг гектар ёки жами суғориладиган ерларнинг атиги 1 фоизида жорий қилинганлиги  ҳам интенсив боғларни оммалаштириш билан бирга зарур шарт-шароит, тегишли инфратузилма яратилиши лозимлигидан далолат беради.

                             Ҳуқуқий асос такомиллаштирилмаса...
Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, логистика ва экспортини такомиллаштириш билан боғлиқ ишларни қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қонунчиликдан айри  ҳолда  тасаввур қилиб  бўлмайди.  Бу  борада  қабул қилинаётган қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилишини таъминлайдиган процессуал нормаларнинг  аниқ белгиланиши ҳам ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.  Авваламбор, мева-сабзавотлар етиштириш билан банд бўлган фермер хўжаликларининг ердан узоқ муддатга фойдаланишга  бўлган эгалик ҳуқуқини қонуний мустаҳкамловчи кафолатлар тизимини шакллантириш лозим. Мазкур тизим фермер хўжаликларининг замонавий экспортбоп кўчат навларини экиш, илғор агроинновация тадбирларини жорий қилишига  туртки беради ва рағбатлантиради.

                               Иш қуролинг соз бўлмаса-чи?
Мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчиларга хизмат кўрсатувчи  замонавий инфратузилма ривожланмаганлиги ва унинг нархи қимматлиги ҳам алоҳида диққат қаратилиши лозим бўлган масаладир. Мева-саб­завот етиштириш билан шуғулланувчи тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари олдида ҳамиша ресурс ва маблағ  тақчиллиги муаммоси кўндаланг туради. Маълумотларга кўра, мева-сабзавотчилик йўналишидаги фермер хўжалик­ларидаги ММТПларнинг хизмати баҳоси ғалла-пахтачилик йўналишидаги хизматлар баҳосидан 20-30 фоиз  қиммат.  Юртимизда интенсив боғлар, янги технологиялар асосидаги иссиқхоналар тобора кўпаймоқда, агроинновация янгиликлари жорий этилмоқда. Уларнинг моддий-ресурс таъминоти, техника хизматларини кўрсатиш ҳолати эса талабга жавоб бермайди. Айни пайтда рес­публикамизда боғ-токзорларга техникавий хизмат кўрсатувчи трактор ва бошқа механизмлар, минитехнологиялар ишлаб чиқарилиши ва етказиб берилиши талаб даражасида йўлга қўйилмаганлигини ҳам таъкидлаш жоиз. Хориждан келтирилаётган техника ва технологияларнинг нархи эса жуда қиммат. 

                                 Рағбат ва ғамхўрлик керак
Мева-сабзавот (жумладан, импорт ўрнини босувчи) маҳсулотларини янада кўпайтириш ва етиштириш ҳажмларни оширишда субтропик иқлим шарт-шароитига яқин бўлган жанубий вилоятларимизда цитрус (апельсин, лимон ҳ.к.) ўсимликларини кенг кўламда етиштирилишини рағбатлантириш, боғдорчиликда селекция ишларини янада такомиллаштириш, фермер хўжаликларига  қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил, тезпишар ва экспортбоп навларини танлашда, сифатли уруғликлар билан таъминланишда мунтазам равишда ёрдам кўрсатиш масаласи ечимини топиш лозим. Шунингдек, республикамиз тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, ҳар бир ҳудудга мос бўлган мева-узумнинг совуққа, қурғоқчиликка, иссиққа, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, узоқ сақланадиган, транспортда ташишга қулай, ҳосилдор ҳамда юқори сифатли навларини яратиш, маҳаллий ва чет эл навларини ўрганиб, улар ичидан истиқболлиларини ажратиб олиш борасидаги илмий-тадқиқот ишларини тизимли асосда ташкиллаштириш ҳам мева-сабзавотчилик соҳаси ривожига хизмат қилади.

                                    Иккиламчи ижара: фойдами, зиён?
Суғориладиган экин майдонлари чекланганлиги шароитида мулкчиликнинг ижара шакллари ва шартномавий муносабатларга асосланган хўжалик юритиш тизимини ривож­лантириш ҳам муҳим вазифалар сирасига киради. Ҳозирги вақтда фермер хўжаликларига ерни иккиламчи ижарага бериш қонун билан тақиқланган.  Аммо аҳолининг ерга талаби жуда юқори бўлиб, уларнинг кўпчилиги  фермерлар билан келишиб, ғалладан бўшаган майдонларга сабзавот, полиз, дуккакли экинлар  экишади. Натижада ерга қўшимча минерал ҳамда органик ўғитлар солинади, ердан фойдаланиш самарадорлиги ошади, шунинг­дек,  фермер хўжалигининг қўшимча даромад олишига шароит яратилади. Фикримизча, ерни иккиламчи ижарага бериш механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда унинг ҳуқуқий базасини яратиш айни муддаодир.

                                              Миллий бренд яратилади
Юқорида баён этилган вазифалар қаторида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” миллий брендини яратиш, миллий маҳсулот имижини яхшилаш, мева-сабзавот етиштирилиши ва экспортга кўмаклашувчи консалтинг-инжиниринг тузилмалари фаолиятини йўлга қўйиш ҳам тақозо этилмоқда.

Юртимизда ишлаб чиқарилган мева-саб­завот маҳсулотларини  хорижий бозорларда танитувчи, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борувчи, маркетинг  изланишлар  билан шуғулланувчи ягона ташкилотнинг мавжуд эмаслиги ва миллий мева-сабзавот маҳсулотлари бренди яратилмаганлиги жаҳон бозорида маҳсулотларимиз экспорти кенг қулоч ёзишига  салбий таъсир этмоқда. Демак, мева-сабзавот маҳсулотларини хорижий бозорларга танитувчи ва маркетинг тадқиқотлари олиб борувчи ташкилотларни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини рағбатлантириш лозим. Мазкур ташкилотларнинг малакали мутахассислари фермерлар тасарруфидаги ер сифати, иқлим шаротини ўрганиб, қайси турдаги экспортбоп маҳсулотни экиш, ишлов бериш ҳамда етиштирилган маҳсулотни экспортга чиқаришга амалий ёрдам беради, ахборот кўмагини кўрсатади. Ташқи бозорларни ўрганиш бўйича маркетинг тадқиқотларини олиб борувчи консалтинг хизматларини ташкил этиш ва уларнинг материалларини интернет-сайтларда эълон қилиш ҳам бу масала ҳал этилишига қисман бўлса-да, ҳисса қўшади.

“Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” маҳсулот имижини яратишда туризм соҳасидаги реклама билан бир қаторда мева-сабзавот маҳсулотлари, қайта ишланган маҳсулотлар рекламасини кучайтириш, хорижда ташкил этилаётган кўргазмаларда фаол иштирок этиш, республикамиз шарафини ҳимоя қилаётган тадбиркорларга кўргазмада қатнашиш билан боғлиқ харажатлар бир қисмини Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳисобидан қоплаш чора-тадбирларини кўриш лозим.

                       Кластер  –  сифат ва даромад демак
Мева-сабзавотлар етиштириш бўйича кластер тизимини ривожлантириш ҳам кечиктириб бўлмайдиган ишлардандир. Бу йўналишда қишлоқ хўжалик бирлашмаларини бунёд қилиш маҳсулотларнинг улгуржи бозорини яратишга туртки беради, “уруғ–кўчат – маҳсулот етиштириш – тайёрлаш – сақлаш – қайта ишлаш –транспортировка қилиш – бозорга етказиш” тамойили бўйича узлуксиз занжирнинг шакллантирилишига хизмат қилади. Мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришни клас­терлаштиришни қишлоқ хўжалигига кенг миқёсда жорий қилишда респуб­ликамиздаги мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчилар фермер, деҳқон ва томорқа эгалари эканлигини ҳам инобатга олишимиз ва шу хусусиятдан келиб чиққан ҳолда, уларнинг мустақил маҳсулот етиштирувчи сифатидаги ролини ҳам сақлаб қолишимиз лозим. Шундай йўл тутилганда ўрта ва кичик агробизнес ривож­ланиши  имкония­ти чекланмайди ва қишлоқ  хўжалигида соғлом  рақобат муҳити  шаклланади. Шу билан бирга қишлоқ ҳудудларида ишлаб чиқариш кооперацияси, қайта ишлаш  саноатини ривожлантириш, аҳоли турмуш шарт-шароитини яхшилаш, қўшимча иш ўринлари яратиш масалаларини ҳам ҳал қилиш катта аҳамиятга эга. 

Хулоса сифатида шуни қайд этиш керакки, мева-сабзавот маҳсулотлари соҳасини ривож­лантириш республикамиздаги иқтисодий ислоҳотлар локомотивларидан бири бўлиши лозим. Республикамизда қишлоқ хўжалигига киритилган инвестициялар ҳажми кейинги 4 йилда киритилган жами инвестициялар улушида бор-йўғи  3-5 фоизни ташкил этган. Ҳолбуки, жаҳон амалиёти аграр секторни ривожлантирмасдан умумиқтисодий ривожланиш, жумладан, саноат тармоғи ўсишига эришиш жуда қийинлигидан далолат беряпти. Республикамиз аҳолисини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш эса тупроқ унумдорлигини ошириш, қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш, деҳқонни рағбатлантириш  билан боғлиқ ҳолда амалга оширилиши, қишлоқ хўжалигига, қишлоқ инфратузилмасига, жумладан, мева-сабзавотчилик соҳасига  давлатнинг салмоқли молиявий кўмаги берилиши, инвес­тициялар фаол жалб қилиниши  зарур.

Баён этилган таклифларнинг амалга татбиқ қилиниши соҳани янада такомиллаштириш ва иқтисодиётимиз юксалишига хизмат қилади, деган фикрдамиз.

Акром АЛИМОВ,
Ўзбекистон Тадбиркорлик ва
фермерликни қўллаб-қувватлаш

маркази директори
Султонмурод МИХРИДДИНОВ,
Ўзбекистон Тадбиркорлик ва
фермерликни қўллаб-қувватлаш
маркази бўлим бош менежери