Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЭКСПОРТЧИЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ҚАРАТИЛГАН АМАЛИЙ ТАШАББУС

ЭКСПОРТЧИЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ҚАРАТИЛГАН АМАЛИЙ ТАШАББУС
II Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси доирасида O‘zLiDeP ташаббуси билан “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси, республика Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликда “Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти: янги имкониятлар ва долзарб вазифалар” мавзуида бизнес-семинар ўтказилди.
Тадбирда аниқ мисоллар асосида мамлакатимиз аграр тармоғида амалга оширилаётган ислоҳотлар, барча ҳудудларда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш борасидаги ишлар, экспортчилар учун яратилган имтиёзлар хусусида батафсил сўз юритилди. Жумладан, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортчиларига қонунчилигимизда кўзда тутилган имтиёз ва преференциялар тўғрисида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон қисқа давр мобайнида ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ҳамда бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспортга чиқариш ҳажми бўйича дунёда етакчи 10 мамлакатдан бирига айланди. Бошқача айтганда, жаҳоннинг 80 давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Ташқи бозорда саховатли заминимизда етиштирилган ноз-неъматларга талаб ортаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки серқуёш диёримизниг ноёб тупроқ-иқлим шароити,  тўрт фаслнинг изчил алмашинуви ўта мазали, истеъмол хусусияти юқори маҳсулотлар етиштиришга қулай имкониятдир. Бугунги кунда мамлакатимизда йилига 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бинобарин, мазкур йўналишга ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари вакилларининг ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа соҳалардаги билимларини кенгайтириш, уларнинг салоҳияти узлуксиз ошиб боришига кўмаклашиш айни муддаодир.  
Семинарда экспортни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланувчи ташкилотлар вакиллари сўзга чиқиб, ўз фаолияти ва истиқболдаги режаларини атрофлича баён этдилар.
Тадбир давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчиларни ўйлантираётган қатор долзарб масалалар ҳам ўртага ташланди, экспорт ҳажмини ошириш, географик жиҳатдан диверсификация қилиш, бозорда харидоргир янги турдаги маҳсулотлар етиштиришни кенгайтириш йўллари муҳокама қилинди.
Турли хўжаликлар, корхоналар вакиллари “Ўзагроэкспорт” компанияси қошида мева-сабзавот маҳсулотларини сертификатлаштириш бўйича замонавий талаблар асосида жиҳозланган лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, сертификат олиш тартибларини соддалаштириш зарурлигини қайд этдилар. Экспортчи корхоналарни улар ўз экспортини қай даражада географик диверсификация қилгани асосида рағбатлантириш тизимини жорий қилиш ҳақида ҳам сўз юритилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон аграр тармоғининг экспорт салоҳиятини ривожлантиришдан манфаатдор ташкилотлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурати мавжуд эди. Шу боис O‘zLiDeP ташаббуси билан иштирокчилар,  жумладан, “Ўзбекозиқовқатсаноат” холдинг компанияси, “Ўзагроэкспорт” ихтисослашган ташқи савдо компанияси, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, “Ўзвиносаноат-холдинг”, “Узтрейд” акциядорлик жамиятлари, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан меморандум имзоланди. Бошқача айтганда кучлар бирлаштирилди. Бу эса ўз навбатида экпортчи тадбиркор ва фермерлар учун қўшимча қулайлик яратади, албатта. Чунки, томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларга янада кўпроқ ёрдам беришга тайёр эканликларини тасдиқладилар ҳамда соҳани такомиллаштириш бўйича таклифларни илгари сурдилар. Эътиборлиси, мазкур меморандумга асосан O‘zLiDeP ҳудудий тузилмалари негизида экспортчиларга молиявий, тижорий, ҳуқуқий ва бошқа тегишли масалаларнинг кенг доираси бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатиш билан шуғулланадиган махсус гуруҳлар тузиш кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, O‘zLiDeP ташаббуси билан бундай хайрли ишга қўл урилгани энг аввало 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш бандида назарда тутилган таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини изчил ривожлантириш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аграр секторнинг экспорт ­салоҳиятини сезиларли даражада ошириш каби вазифалар ижроси, қолаверса, Президентимизнинг 2017 йил 21 июндаги “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисид”аги қарори ижросини таъминлашга хизмат қилади. Шу билан бирга мақсадлар муштаркалиги экспортга маҳсулот етказиб беришни кўпайтиришни рағбатлантириш, маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларнинг рақобатдошлигини ва молиявий барқарорлигини ошириш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш йўлида биргаликда ҳаракат қилишга ундайди. Зеро, партиямиз ўз дастурида алоҳида қайд этганидек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермерлар ва ишбилармонларнинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини кенгайтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни минтақавий ва жаҳон бозорларига олиб чиқишга қаратилган ҳар томонлама ўйланган ва фаол экспорт сиёсатини юритиш тарафдоридир.
Умуман олганда, мазкур бизнес-семинар нафақат мева-сабзавот етиштирувчи ва қайта ишловчилар, балки улар билан иш олиб борувчи давлат ва нодавлат тузилмаларининг ҳам экспорт миқёсини кенгайтиришдан манфаатдорлигини кўрсатди.
Тадбирда тилга олинган муаммоларнинг ҳал қилиниши O‘zLiDeP назоратига олинди. Илгари сурилган таклиф ва тавсиялар эса парламентдаги партиямиз фракциясининг қонун ижодкорлиги фаолиятида инобатга олиниши қайд этилди.
Ўз мухбиримиз