Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Эл алқаётган депутат

Эл алқаётган депутат

              Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Мўминжон Йўлдошев нафақат вилоятда, балки бутун Фарғона водийсида ҳам кўзга кўринган тадбиркорлардан. Унинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан ташкил этилган “Фергана Осиана текстиль”, “Лоғон агросаноат люкс”, “Вибропрес текстиль”, “Қувасойтаъмирқурилиш”, “Қувасой махсус полимер” хусусий корхоналари самарали фаолият юритмоқда. Эътиборлиси, мазкур тадбиркорлик субъектларида 1 050 нафардан ортиқ юртдошимиз доимий иш билан таъминланган.

                 Ҳаракатлар стратегиясининг иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишида кўзда тутилган вазифалар Мўминжон Йўлдошевнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди. У навбатдаги икки лойиҳани амалга оширишга киришди: Фарғона туманида “Баҳодир Лоғон текстиль” масъулияти чекланган жамияти ҳамда германиялик ҳамкорлар билан бирга “Vodiy shoes” пойабзал ишлаб чиқариш корхонасини ишга туширяпти. Режалар рўёбга чиққач, 2 000 нафардан ортиқ киши, асосан коллеж битирувчилари ва уюшмаган ёшлар ишга қабул қилинади.

              Ҳаётда инсон учун одамларга нафи тегиб, эл-юрт дуосини олиб яшашдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Ёрдам сўраб келган ҳар бир фуқаронинг мушкулини осон қилиш орқали уларнинг ишончини қозониш депутатлар зиммасидаги энг муҳим вазифадир. Давлатимиз раҳбари ўтган йили 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишда билдирган танқидий ва таҳлилий фикрлар уларнинг зиммасидаги масъулиятни янада оширди. Ҳар бир депутат халқ билан янада яқинроқ мулоқот қилиш, мамлакатимиз ҳаётида юз бераётган ўзгариш ҳамда янгиланишларни амалга оширишда шахсий намуна кўрсатиши лозимлигини янада теранроқ анг­лаяпти. Шу маънода жисмоний ва юридик шахсларнинг, қолаверса, ўзи сайланган 56 – “Аввал” сайлов округи аҳлининг арзларини ҳал этиш Мўминжон Йўлдошевнинг доимий диққат-эътиборида.

              “Дамкўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Жамолиддин Адашалиев муқаддам республикамиз ҳудудига ноқонуний равишда товарлар олиб киргани учун ахлоқ тузатиш жазосига ҳукм қилинганини билдириб, кафилликка асосан жазодан озод этилишда кўмак сўради. “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида: 

            “Депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақлидир. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахс­лари депутат сўровига жавобни депутатга мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юборадилар”.

               Шунга кўра фуқаро мурожаати юзасидан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Фарғона туман Кенгашига депутатлик сўрови юборилди. Кўп ўтмай Жамолиддин Адашалиев кафилликка олиниб, суд қарори билан жазодан озод этилди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

              Депутат маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш бўйича тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар билан самарали ҳамкорликни ҳам йўлга қўйган. Жумладан, O‘zLiDeP Фарғона туман Кенгаши ва маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда Аввал ва Лоғон қишлоқларида “Менинг маҳалламда жиноят бўлмаслиги керак” мавзусида ҳамда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган вазифалар мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбатлари ўтказилди. Шу билан бирга, ўз сайлов округидаги диний-экстремистик оқимларга адашиб кириб қолган 9 нафар фуқаронинг ҳолидан хабар олиб, шароитлари билан танишди, муаммоларини эшитди. “Ўртақишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Нажмиддин Камолиддиновнинг рафиқаси Ибодат Раззоқова тиббиёт ҳамшираси сифатида ишга жойлашишда амалий ёрдам сўраган эди. Фарғона шаҳар 4-оилавий поликлиника бош шифокорига депутатлик сўрови юборилган эди. Аёлгина ишга киришга номзодлар ўртасида ўтказиладиган танловда қатнашадиган бўлди.

              Мўминжон Йўлдошев 2016 йили ҳудуд ёшларининг таклифлари асосида иш олиб бориб, вилоят ҳокимлиги, маданият ва спорт бошқармаси ҳамда Футбол федерацияси ҳудудий бўлими кўмагига таянган ҳолда мамлакатимиз Футбол чемпионатининг 1-лигасида тўп сурувчи “Истиқлол” футбол клубини ҳам ташкил қилган. Ўшанда “Истиқлол” футбол чемпионати иккинчи лигасида фаолият бошлаганди. Кейинчалик бош мураббий Ноил Губанов шогирдлари мамлакат чемпионатининг 1-лигасига чиқишни мақсад қилган ҳолда яхши ўйинлар намойиш эта бошлади. Спортчилар чемпионатни муваффақиятли якунлаб, 2017 йилдан буён 1-лигада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шунингдек, мазкур жамоа “Ҳоким кубоги” мусобақасида ҳам фахрли иккинчи ўринни эгаллади.

             Мухтасар айтганда, қаҳрамонимиз юртбошимизнинг “Депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш ва уни муносиб равишда оқлаш – бу осон эмас. Бундай шараф ҳаммага ҳам насиб этмайди” деган фикрини ўзининг шиорига айлантирган. Зеро, депутатлик мансаб эмас, улкан масъулиятдир.

                                                                                                                                                          Хуршид СУЛТОНОВ