Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Эл дардига эш бўлиш керак

Эл дардига эш бўлиш керак
Инсоннинг бошига бирор ташвиш тушса, ундан халос бўлиш учун изланади, ўйланади, кимдандир маслаҳат, йўл-йўриқ сўрайди, охири чораси топилади. Лекин маҳалла-кўй ёки қишлоқ аҳлини қийнаётган мушкуллик­лар юзага келса-чи? Ҳар қанча югуриб-елингани билан масалага ижобий ечим топилмаса, пайсалга солинса, қаерга, кимга мурожаат этиш керак?  Ана шундай пайтда, албатта одамлар ўзлари ишониб сайлаган депутатни излаб қолишлари табиий. Қизиқ томони, шу йил бошидан бери бу борада вазият бутунлай ўзгарди: яъни, энди сайловчи депутатни излаб юрмайди, аксинча, халқ вакилининг ўзи фуқаролар ҳузурига бориб дарду-қувончларига шерик бўлмоқда.
Шу маънода O‘zLiDePдан сайланган самарқандлик депутатлар ҳам Президентимизнинг шу йил 12 июлдаги тарихий учрашувда айтган танқидий-таҳлилий фикр-мулоҳазаларидан тўғри хулосалар чиқаришга ҳаракат қилишяпти. Имкони борича турли масалалар бўйича қилинаётган ёзма ва оғзаки мурожаатларни чуқур ўрганиб,  ўз жойида ечим топишга ҳаракат қилишмоқда.
Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати Толиб Эшмоновнинг бу борада фаоллик кўрсатаётгани кўпчиликка манзур бўлаётир. Айтиш керакки, ҳар қандай муаммога ўз-ўзидан осон ечим топилмайди. Бошқа ҳудудларда бўлгани каби Самарқанд вилоятида ҳам айрим муаммолар юзасидан ортиқча оворагарчилик, тўрачилик, қоғозбозлик каби иллатлардан қутулиш мушкул кечаётгани ҳақиқат. Масалан, агар ўтган йили партиямиздан сайланган депутат йигирмага яқин оғзаки ва ёзма равишда депутат сўровлари билан чиқиб, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ҳал этишга эришган бўлса, жорий йилнинг 9 ойида турли идораларга йигирмадан ортиқроқ депутат сўровлари билан мурожаат этди.
– Депутат сайлов арафасида эл-улус ишончини қозониш учун қанчалик куйиб-пишиб ҳаракат қилган бўлса, ундан кейин ҳам одамларнинг қувонч-ташвишини ҳам ўзиники деб қабул қилсагина обрў-эътибор қозонади, – дейди O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Толиб Эшмонов. – Албатта, ҳар бир кунимиз сайловчилар билан мулоқотда ўтади, десак, муболаға бўлмайди. Ўзимдан қиёс, кимлиги, қайси ҳудуддан эканлигидан қатъи назар, қандай масалада мурожаат этса, эътиборсиз қолдирмайман. Аввало, тегишли идораларга ёзма равишда сўровлар юборганимдан кейин, қўшимча тарзда яна оғзаки тарздаям натижаси билан қизиқаман. Имкони борича бамаслаҳат ечим топамиз. Акс ҳолда, депутат сайловчи олдида мулзам бўлиб қолиши ҳеч гапмас.
Яширмайман, бизнинг сўровларимизга панжа орасидан қарайдиган масъулиятсиз раҳбарлар ҳам йўқ эмас. Ўтган йили номзодим қўйилган Иштихон тумани Халқобод сайлов округи ҳудудига қарашли аввалги Кубай маҳалласида яшовчи аҳоли кўп йиллардан буён трансформатор эскиргани туфайли электр энергиясида узлуксиз узилишлар бўлаётганидан шикоят қилишган эди. Ҳатто бу борада ўзбошимчалик билан қилинган хатти-ҳаракат туфайли кўнгилсиз воқеа ҳам содир бўлган экан. Бу масала бўйича вилоят электр тармоқлари корхонасига икки марта депутат сўрови билан чиқдим. Вилоят миқёсида натижа чиқмагач, республикадаги тегишли вазирликка мурожаат этганимдан сўнггина муаммо ижобий ҳал бўлди...
Дарҳақиқат, жорий йилда ҳам депутат бундай хайрли ишларга бош-қош. Хусусан,  Пахтачи туманидаги Қарнабота қишлоғида сайёр учрашувлар чоғида Чашма маҳалласида яшовчи Муҳтарама Ҳимматова бу ҳудудда кутубхона йўқлигидан шикоят қилган эди. Бу долзарб муаммога ечим топиш мақсадида вилоят ҳокимлигига сўров жўнатилди. Орадан кўп вақт ўтмасдан сайловчининг ҳақли талабига кўра қишлоқда кўзи ожизлар учун махсус кутубхона ташкил этилди. Шунингдек, қарнаботаликларнинг газета сотиладиган матбуот дўкони очиш бўйича қилган мурожаати ҳам ҳал этилиб, бир нафар иш ўрни яратилди.
 Эл дардига эш бўлаётган Толиб Эшмоновнинг деярли бўш вақти йўқ. У шу кунларда яна бир муаммони ҳал этиш арафасида. Депутат сўрови асосида Кубай маҳалласида жойлашган 6 та қишлоқ ҳудудидан ўтувчи катта йўлни асфальт қилишга розилик билдирилибди...
Кўнгилни чоғ қиладиган ана шундай қанотбахш  янгиликлар кўпайсин деб ният қиламиз.
 
Муҳаббат  РАВШАНОВА,
“XXI asr”   мухбири