Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТИ

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТИ
Бирламчи партиямизнинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзолари қонун лойиҳаларини ана шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда муҳокама қилдилар
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг нав­батдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаё­тига дахлдор бўлган бир қанча қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Дастлаб депутатлар диққат-эътибори иккинчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Ўзбекистон Респуб­ликаси қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳияти, уни маромига етказиш бўйича фракция томонидан илгари сурилаётган асосли таклифларга қаратилди.
– O‘zLiDeP дастурий мақсадларига уйғун бўлган мазкур қонуннинг ҳар жиҳатдан мукаммал тарзда қабул қилиниши мамлакатимизда хусусий бизнес муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади, – дейди О‘zLiDeP фракцияси
аъзоси Қутлимурат Бабашев.
– Шу боис мазкур қонуннинг айрим моддаларини тўлдириш бўйича муайян таклифлар билдириляпти.
Хусусан, фракциямиз аъзоларининг фикрича, қонунга қуйидаги қўшимчани киритиш мақсадга мувофиқ: белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахсларнинг Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил  фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.
Шу билан бирга партиямизнинг парламентдаги вакиллари нуқтаи назарига кўра   меъёрий ҳужжатга талай қўшимчалар киритилишига эҳтиёж сезиляпти. Жумладан,  Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил:
 – манфаатлари ҳимоя қилиниши лозим бўлган шахснинг ҳимоячиси билан алоҳида учрашиши, манфаатлари ҳимоя қилинаётган шахснинг иштирокида ўтказиладиган айрим тергов ва суриштирув ҳаракатлари жараёнида ҳимоячи билан биргаликда иштирок этиши, ҳақиқатни аниқлаш учун саволлар бериши, мазкур жараён якунида ёзма мулоҳазалар тайёрлаши;
– манфаатлари ҳимоя қилинаётган шахс­нинг ҳимоячиси билан биргаликда   жиноят ишининг барча материаллари билан танишиши ҳамда зарур маълумотларни ёзиб олиши;
– манфаатлари ҳимоя қилинаётган шахс, агар қамоқда сақланаётган ёки уй қамоғида бўлса, ҳимоячи у билан жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг рухсатисиз, учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда яккама-якка учрашишга ҳақли эканлиги алоҳида қайд этилиши лозим.
Юқорида баён этилганлар қаторида тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш  бўйича вакил ўз вазифасини амалга ошириши муносабати билан билган маълумотларини ошкор қилишга ҳақли эмаслиги белгиланиши ҳам айни муддаодир. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ва унинг талабларини бажармаслик, унинг  фикри билдирилган ҳужжатларни кўриб чиқмаслик ёки уларни тўла инобатга олмаслик, шунингдек, вакилнинг ғайриқонуний қарор қабул қилишига эришиш мақсадида унга қандайдир шаклда таъсир кўрсатиш ҳолатлари учун энг кам ойлик иш ҳақи  миқдоридаги жарима белгиланиши зарур, деган таклифлар ҳам илгари суриляпти.
Депутатлар мазкур қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, пухта ишлаш зарур, деган хулосага келдилар. Бунинг учун эса тадбиркорлар хоҳиш-истаклари, эҳтиёжлари, муаммоларини янада чуқурроқ ўрганиш талаб этиляпти. Бинобарин, партия ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси қонун лойиҳаси муҳокамасига оид ишларга янада кўпроқ эътибор бериши, жумладан, хусусий сектор вакиллари билан юзма-юз мулоқотларни сон ва сифат жиҳатдан янада яхшилаши даркор.
Йиғилишда, шунингдек, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
– Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўтган давр мобайнида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар ва улар ҳал қилиниши бўйича олиб борилган ишлар ушбу қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозимлигини кўрсатди, – дейди  O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Шуҳрат Бафоев. – Тўғри,  жисмоний ва юридик шахслар томонидан давлат органларига мурожаат қилиш ва ушбу мурожаатларни кўриб чиқиш амалдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига асосан тартибга солиб келинаётган эди. Бироқ унинг нормалари умумий характерга эга. Жумладан, мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш, кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилиш, қабул қилинган қарор ижросини таъминлаш, мурожаатларни назоратга олиш ва мониторингини юритиш механизми ўз аксини топмаган. Қолаверса, амалдаги қонунда мурожаатлар билан ишлашнинг замонавий усуллари назарда тутилмаган. Бошқача айтганда, қонунда мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқишда интерактив усуллардан кенгроқ фойдаланиш, мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларини нашр этиб бориш, такрорий мурожаатлар билан ишлаш, фуқароларни сайёр ёки видеоконференцалоқа ёрдамида масофавий қабул қилиш, соҳадаги янги институт – “Халқ қабулхонаси”га оид қоидалар, “Ишонч телефонлари” орқали мурожаатни қабул қилиш ва кўриб чиқишга оид нормалар мавжуд эмас. Шу боис у соҳадаги ижтимоий муносабатларни тўлиқ тартибга солиш имконини бермаяпти ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини атрофлича ва ҳар томонлама кўриб чиқилиб, ҳал қилинишига салбий таъсир кўрсатяпти. Оқибатда фуқаролар ўз аризалари кўриб чиқилиши натижаларидан норози бўлиб, такрор ва такрор мурожаат қилмоқдалар. Масалан, 2016 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига келиб тушган мурожаатларнинг 1090 таси  такрорий мурожаатлардир. Таъкидлашни истардимки, мазкур қонуннинг кучга кириши мамлакатимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг янги усул ва шакллари ҳаётга татбиқ этилишига, давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг бу борадаги фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Қайд этиш керакки, мазкур муҳим қонунни маромига етказиб қабул қилиш юзасидан ҳам фракциямиз томонидан қатор таклифлар билдирилмоқда. Масалан, шундай ҳоллар ҳам бўладики, жисмоний ёки юридик шахснинг мурожаатида бир йўла 4-5 масала кўтарилиб, улар турли ташкилотларга тегишли бўлиши мумкин. Бу ҳолатда, депутатлар фикрича, мурожаатчига жавоб хати йўллаганда шикоятни кўриб чиқадиган ташкилот ўз ваколатига кирадиган масала юзасидан аниқ жавобни баён этиб, қолган масалалар юзасидан қайси ташкилотга мурожаат этишни тушунтириб бериши лозим. Қонун лойиҳасининг 27-моддасини айнан шу норма билан тўлдириш таклиф этиляпти.
Ўз мухбиримиз
Суратларни Солижон ЗОИРОВ олган