Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЭЛЕКТОРАТИМИЗ МАНФААТЛАРИГА МОС қонун лойиҳалари қизғин муҳокама этилди

ЭЛЕКТОРАТИМИЗ МАНФААТЛАРИГА МОС қонун лойиҳалари қизғин муҳокама этилди
“Демократия қаердан бош­ланади – парламентдан бошланади. “Парламент – демократия мактаби”, деймиз. Шундай экан, миллий парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши керак. Чинакам баҳс-мунозара, принципиал тортишувлар аввало шу ерда – парламент минбарида бўлиши керак. Шундагина ҳар бир сиёсий партия, парламентдаги ҳар бир партия фракциясининг ҳақиқий қиёфаси ва позицияси аниқ намоён бўлади”.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Экологик ҳаракат вакиллари билан учрашувида айтган ушбу сўзлари бугун мазкур сиёсий институтлар фаолиятида туб бурилиш ясади, десак муболаға эмас.
Негаки, айни дамда фракцияларда ўтказилаётган йиғилишлар баҳс-мунозара, тортишувларга бойлиги, депутатлар билдираётган ҳар бир фикрда партия электорати манфаати акс этиши, нафақат аҳолининг барча қатлами, шунингдек, ўзлари сайланган ҳудудда истиқомат қилаётган фуқароларнинг  имкониятлари назардан четда қолмаётгани, энг асосийси, жамиятимиз ҳаёти учун муҳим бўлган қонун лойиҳалари тайёрланаётгани фикримизнинг далилидир.
Сўз исботи билан гўзал. Масалан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг шу йил 10 октябрдаги йиғилиши худди ана шундай руҳда ўтди ва унда фракция позицияси яққол намоён бўлди.
– 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг илк боби “Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари” деб номланган, – деди йиғилишни очар экан, парламент қуйи палатаси депутати, фракция раҳбари ўринбосари Ойбек Жумаев. –  Мазкур устувор йўналиш­ларнинг биринчи қаторида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш белгилаб қўйилгани бежиз эмас. Бу ўз-ўзидан биз депутатлардан қабул қилинаётган қонунларнинг амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан оширишни талаб қилади.
Демак, бугун биз муҳокамага қўйилаётган қонун лойиҳаларининг концептуаллиги, давлат ва жамиятимиз ҳаёти учун нечоғли муҳимлиги, фуқароларимизнинг, жумладан, асосий электоратимиз бўлган – тадбиркор, ишбилармон, фермерларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларига нақадар мос келишига асосий эътиборни қаратишимиз айни муддаодир. Шунинг баробарида депутатга хос синчковлик, халқпарварлик, адолатлилик тамойилларига амал қилиш ҳамиша ёдимизда бўлиши лозим.
Шундан сўнг кун тартибидаги биринчи масала – “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
– Муҳокамадаги қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Эркин Холбўтаев. – Дастурда иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланишини рағбатлантиришга қаратилган институционал ҳамда таркибий ислоҳотларни давом эттириш  учун қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш тақдим этилган эди.
Ана шулардан келиб чиқиб, жумладан, хусусий мулк кафолатлари ва уни ҳимоя қилишни кучайтириш, қурилиши тугалланмаган объектлар савдосини тартибга солиш, тадбиркорлик фаолиятида ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида мазкур қонун лойиҳаси тайёрланди.
 
Маълумки, O‘zLiDePнинг асосий мақсади сиёсий куч сифатида бирлашган ҳолда тадбиркор ва ишбилармонларнинг янада кенгроқ фаолият юритишлари учун янги имкониятлар очиш, уларнинг истиқболини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослаб бериш, жамиятнинг ушбу табақаси манфаатларини ҳимоялаш баробарида унинг эртанги кунини таъминлашдир. Шундай экан, партиямизнинг парламентдаги фракцияси аъзолари муҳокамасига қўйилган юқоридаги қонун лойиҳаси қизғин баҳс ва мунозараларга сабаб бўлди.
– Мазкур қонун лойиҳасининг истиқболи шундаки, унинг қабул қилиниши билан тадбиркорлик субъектларининг келажакда кредит ажратиш бўйича, технологияларини ўрнатиш ва ишлаб чиқариш жараёнини олиб бориш ишлари билан боғлиқ хавфларни бартараф этишда ҳуқуқий асосдир, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Абдурашид Абдуқодиров.
Бундан ташқари, ажратилган  ер участкаларидан оқилона фойдаланиш, зарур инвестициялар киритиш, замонавий ишлаб чиқариш, янги иш жойлари барпо этиш ҳамда ер участкаси бўйича қурилиш ишларини муддатида бажаришга туртки бўлади. Бу эса табиийки, нафақат тадбиркорлик субъектлари тараққиёти, балки у ерда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг манфаатдорлигини таъминлайди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан иккинчи ўқишда маъқулланди.
Шу куни ишбилармон ва фермерларимизни қизиқтирган, қолаверса, қишлоқ хўжалиги ривожида, бозорбоп маҳсулотлар  етиштиришда муҳим омил – уруғчиликка тегишли қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги  O‘zLiDeP фракцияси аъзоси  Исломжон Зокиров шундай дейди:
– Бугун биринчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг “Уруғчилик тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги  қонун лойиҳаси бу борадаги муносабатларни тартибга солиш механизмини такомиллаштириш, уруғлик экспорти учун қулай шарт-шароитлар яратиш, халқаро талабларга мувофиқ уруғлик категорияларини аниқлаштириш, соҳадаги субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш ва шу орқали уруғлик сифатини яхшилашга хизмат қилади. Таъкидлаш керакки, депутатларимиз жойларда ушбу йўналишдаги мавжуд муаммолар, қонун билан ҳал этилиши лозим бўлган масалаларга ўзлари гувоҳ бўлаётган эди. 
Фракция аъзолари, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ҳам биринчи ўқишда маъқуллашди.
Шундан сўнг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси, фракция аъзоси Тўлқин Эшназаров сўзга чиқиб, Президентимиз имзолаган янги муҳим ҳужжат – “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг мазмун-моҳияти ҳамда O‘zLiDeP  фракцияси олдида турган долзарб вазифалар ҳақида тўхталди.
Йиғилиш давомида кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
 
Нурхон ЭЛМИРЗАЕВА,
“XXI asr”  мухбири