Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Biz tarmoqlarda:

Электр энергияси ва истеъмол маданияти

Электр энергияси  ва истеъмол маданияти
Мамлакатимизда энергетика соҳасини ривожлантириш, чунончи, янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриб ишга тушириш, энерготизимни кенг кўламда модернизациялаш, замонавий энергия манбаларини ҳаётга татбиқ этиш, электр энергияси ишлаб чиқариш ва узатишдаги йўқотишларни камайтириш, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдаланиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Самарқанд вилоятида бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида вилоят матбуот марказида бўлиб ўтган анжуманда батафсил маълумот берилди. Шу чоққача электр энергиясидаги узилишлар аҳолини, тадбиркорларни қийнаётган эди. Президентимизнинг “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Самарқанд вилоятида 2 536 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 751 та трансформатор пунктида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича ишчи гуруҳи томонидан жойларда аҳоли ва маҳалла фаоллари билан мулоқотлар натижасида қўшимча 21 та трансформатор пунктини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари тўлиқ бажарилди.
– Модернизация дастури асосида 268 километр узунликда электр узатиш тармоқлари ва 109 та трансформатор пункти модернизация ва реконструкция қилинди, – дейди “Ўзбекэнерго” АЖ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бошқармаси бошлиғи Ихтиёр Ҳимматов. – Бундан ташқари, вилоятда янги ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларининг изчил ривожланиши, ижтимоий соҳа объектлари ва хонадонларнинг электр энергия таъминотини яхшилаш мақсадида 110  кВт кучланишли подстанцияда юклама билан ишлаётган 8 та ҳар хил қувватдаги куч трансформатори катта қувватлисига алмаштирилди.
Юқори кучланишли магистраль электр тармоқларида ҳам бир қатор ишлар бажарилмоқда. Жумладан, 220  кВт кучланишли “Чўпон ота” ва “Самарқанд” подстанцияларида юклама билан ишлаётган 3 та куч траснформаторидан 2 таси, қуввати 200 МВт бўлган куч трансформаторига алмаштирилди. Қолган 1 таси шу йил охирига қадар ишга туширилади.
Бунинг натижасида ҳудудда қўшимча 275 МВт қувват захираси яратилиб, 353 та маҳалладаги 184 мингдан зиёд хонадонлар, шу қатори саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларининг электр энергиясига талаби қондирилиб, сифат даражаси яхшиланади.
Анжуманда электрдан фойдаланишда истеъмолчилик маданиятини ошириш масаласи ҳам кўтарилди, энергияни тежаб-тергаб ишлатиш кераклиги таъкидланди.
 
Муҳаббат РАВШАНОВА,
“XXI asr” мухбири