Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

ЭЛИМ ДЕБ, ЮРТИМ ДЕБ ЯШАЙЛИК!

ЭЛИМ ДЕБ, ЮРТИМ ДЕБ ЯШАЙЛИК!
Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида Президентимиз фармонларига биноан халқимизнинг миллий ва умуминсоний қадриятларига
ҳурмат ва эҳтиром кўрсатган, юрт манфаатларини устун қўя олган, шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда фидойилик кўрсатаётган меҳнатсевар, ташабббускор сафдошларимиз – O‘zLiDeP фаолларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди. Айни шукуҳли дамларда муносиб рағбат ва эътирофга сазовор бўлганларнинг барчасини самимий қутлаймиз. 
 
Фармон   АМИНОВ,
“Нуроний” жамғармаси Бухоро вилоят бўлими раиси,
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзоси,
“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби:
 
– Улуғ истиқлол шарофати туфайли  юртимизда инсон қадр-қиммати баланд поғонага кўтарилди. Айниқса, нуронийларга кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитларни айтиш керак. Булардан кўнгил тоғдек кўтарилади-да, албатта!
Пиру бадавлат, дуогўй ва мўътабар отахону онахонларимиз ҳаётимиз кўрки, хонадонларимиз файзидир. Айнан шу ҳаётий ҳақиқат мустақиллик йилларида янгича мазмун-моҳият, устуворлик касб этди. Бугунги кунда  Бухоро вилоятида 100 ёшдан ошган 35 нафар нуронийлар умргузаронлик қилишмоқда. Иккинчи жахон уруши иштирокчилари-ю фронт орти фахрийлари ҳам, кам таъминланган ва ўзгалар парваришига муҳтож кекса кишилар ҳам жамғармамиз ва бошқа бир қатор ҳомий ташкилотларнинг доимий эътиборида.
Президентимиз томонидан  2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганлиги юртимизда яшаётган барча фуқаролар, айниқса, табаррук ёшдаги инсонларимиз ҳам давлатимизнинг доимий ғамхўрлик ва эътиборида эканлигининг амалий исботидир. Қалблари беадад шукроналик ҳис-туйғулари билан йўғрилган отахон ва онахонларимизнинг қўллари ҳамиша дуода. Юртимизга асло кўз тегмасин, дейишади улар.
Ҳа, эзгулик ва яхшиликка йўғрилган  бундай  тилаклар ҳамиша ижобат бўлгай.
Муборак сана – мустақиллигимизнинг 26 йиллиги муносабати билан тақдирланган барча маслакдошларимни ҳам самимий табриклайман. Ушбу эътироф замирида, аввало, халқимизнинг юксак ишончи мужассамки, буни биз ўз меҳнатимиз билан оқлаймиз. Биз ўзимиз танлаган  энг тўғри йўлдан оғишмай, собитқадамлик билан бораверамиз.
 
 
Элбек ШУКУРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси
аъзоси, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар кенгаши раиси,
“Дўстлик” ордени соҳиби:
 
– Бундай юксак эътироф фақатгина менга эмас, балки жамоадошларимга, сафдошларимга, баркамол авлодни вояга етказишдек шарафли ишга муносиб улуш қўшаётган барча ҳамюртларимга ҳам тааллуқли, деб биламан. Зеро, олдимизда турган кенг кўламли вазифаларни муваффақиятли уддалаш кўп жиҳатдан ёшларнинг фаоллиги, хусусан, эл-юрт равнақига дахлдор вазифаларни масъулият билан тўлиқ бажара олиш қобилиятига бевосита боғлиқ.
Маълумки, юртимизда навқирон авлод вакилларининг маънавий ва жисмоний етуклигига катта эътибор қаратиляпти. Бу йўналиш устувор сиёсатга айланган. Мазкур соҳада ўзига хос ёндашув шаклланган. Қабул қилинган тегишли қонунлар, дастурларнинг ҳаётга изчил татбиқ қилинаётгани беқиёс самаралар беряпти. Бугун Ўзбекистоннинг ўғил-қизларига, уларнинг истеъдоди, интилиши, лаёқатига ҳатто илғор хорижий ўлкаларда ҳам ҳавасу ҳайрат билан қарашмоқда. Шунинг баробарида ҳозирги мураккаб, шиддатли давр эришилган муваффақиятлар билан қаноатланиб қолмасликка, хотиржамликка берилмасликка ундаётир, олдимизга янги-янги талаблар,  ҳал қилиниши зарур муаммоларни қўяётир. Президентимиз ўз маърузаларида ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш,  фарзандларимизнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтириш билан боғлиқ  масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Биз давлатимиз раҳбарининг бу борадаги йўл-йўриқларини аниқ-равшан дастуруламал сифатида қабул қилганмиз. Шиддат билан ўзгараётган давр кўпгина соҳа вакилларидан икки баробар кўпроқ ишлашни талаб қилаётган бўлса, биз – ёшлар билан ишловчилардан ўн баробар зиёда меҳнат, масъулиятни тақозо этмоқда, десам асло муболаға бўлмайди. Чунки навқирон авлоднинг дунёқараши, талаб-эҳтиёжлари, онгу тафаккури замондан-да тезроқ ўзгаряпти. Биз шунга ҳамоҳанг қадам ташлашимиз даркор. Шу маънода юксак рағбат ва эътироф кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшяпти.  
 
Рената ЮСУПОВА,
Пойтахтимиздаги “Торговое оборудование”
МЧЖ директори, O‘zLiDeP фаоли,
“Дўстлик” ордени соҳиби:
 
– Ушбу юксак рағбат учун Президентимизга, ҳукуматимизга улкан миннатдорлик билдираман. Давлат мукофотига илк бора мушарраф бўлишим. Шодлигимнинг чеки йўқ. Айни пайт­да бундай эътибор зиммамга муайян масъулият юклаётганини ҳам теран ҳис этяпман. Шу билан бирга давлатимиз раҳбарига мулкдорлар синфини қўллаб-қувватлаш, уларга янада кўпроқ эркинлик бериш сиёсатини қатъият билан, изчил давом эттираётгани учун алоҳида ташаккур айтаман. Ана шу саъй-ҳаракатлар натижасидан биз ҳам баҳраманд бўляпмиз. Масалан, беш йилдан буён корхонамиз ишчи-хизматчилари сонини 50 нафардан ортиши масаласи билан боғлиқ асосли таклифни илгари сураётгандик. Ниҳоят, яқинда O‘zLiDeP томонидан ўтказилган бир очиқ мулоқотда ўртага ташлаган ушбу таклифимиз парламентдаги фракциямиз аъзоларига ҳам етиб борди ва тегишли меъёрий ҳужжатларга ўзгартиш киритилиб, бизни қийнаётган муаммо ҳал бўлди.
Мамнуният билан айтишим керакки, мус­тақиллик даврида биз ихтисослашган йўналиш – савдо дўконлари учун махсус совутгичлар ишлаб чиқариш йўқ жойдан бино бўлди ва узлуксиз ривожланди. Демоқчиманки, эндиликда бундай қурилмалар асосан ўзимизда ишлаб чиқариляпти. Яъни, бу борада ҳам четга қарамликдан бутунлай халос бўлдик. Ҳозир тармоқда турли компаниялар иш олиб боряпти, рақобат тобора кучайяпти, катта ютуқлар қўлга киритиляпти.  Қисқаси, бу соҳанинг истиқболи порлоқ. Айнан бизнинг корхонамиз ушбу тармоқнинг тамал тошини қўйганини фахр билан таъкидлашни истардим. Мана, 20 йилдирки, жамоамизда ишлаётган 15 дан ортиқ миллат ва элат фарзандлари аҳил ва ҳамжиҳатликда мазкур соҳа тараққиётига салмоқли улуш қўшяпти, айнан уларнинг тиришқоқлиги, жонкуярлиги туфайли корхонамиз етакчилик мавқеини сақлаб турибди.
Ушбу юксак мукофотни халқимиз фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қўшаётган кичик бир ҳиссамизнинг беқиёс эътирофи, деб қабул қиламан.
 
Алишер БОЙҚАРАЕВ,
Китоб туманидаги “Севаз-Андроникс”жамияти раиси,
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашига
O‘zLiDePдан сайланган депутат,
“Дўстлик” ордени соҳиби:
 
– Мустақиллик – халқимиз, Биринчи Президентимизнинг собитқадамлик ва сермашаққат, оғир меҳнатлари самарасидир. Истиқлол йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида мамлакатимизда мисли кўрилмаган янгиланишлар рўй берди. Аҳолимизнинг турмуш фаровонлиги янада ошиб, ҳаётга, меҳнатга муносабатимиз тубдан ўзгарди. 
Оддий мисол:  бугунги кунда Қашқадарё вилоятида иқтисодий ўсишни таъминлаш, янги иш ўринлари ташкил қилиш, аҳолининг даромадлари ва фаровонлигини оширишда тобора муҳим ўрин тутаётган кичик бизнес, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашга асосий эътибор қаратиляпти. Хусусий секторнинг тараққий этиши учун барча шарт-шароитлар яратилганлиги, рағбатлантирувчи омиллар, имтиёз ва преференциялар, солиқ юкининг камайтирилиши ушбу соҳанинг жадал ривожини белгилаб берибгина қолмасдан, аҳоли бандлигини таъминлашда дастуриламал бўлаётганини ҳаммамиз билиб, кўриб турибмиз.
Туманимиздаги мева-сабзавот ва узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида етиштирилаётган маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш йўлга қўйилмаганлиги боис нобуд бўлар, далада минг машаққат билан ишлаган заҳматкашлар қилган меҳнатларига куйиб қолишарди. Шу боис мен 2005 йил тадбиркорликка қўл уриб,  Австриянинг “Бухер” инжирининг компаниясининг бир кеча-кундузда 15 тонна олмани қайта ишлайдиган  технология­сини олиб келиб ўрнатдим. Замонавий жиҳозлар келтирилиб, бу меваларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш юзасидан қилинган ишлар одамларнинг манфаатдорлигини оширибгина қолмасдан, юзлаб ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш имконини берди. Дастлаб қишлоғимиздаги 50 нафар ёшни иш билан таъминладим. Йиллар мобайнида олинган фойда эвазига ишлаб чиқаришни замонавийлаштириб, кенгайтириб бораяпмиз. Бугунги кунда жамиятимизда ишловчилар сони 200 нафардан ошиб кетди. Уларнинг аксарияти ёшлардир. Илгари туманимиздаги Севаз, Сариосиё, Хўжаисфароз, Нурали, Нимги, Қорамурча, Қорамерган, Хайробод каби ўнлаб  қишлоқлари аҳолиси хонадонида етиштирган олмани Самарқанд бозорларига олиб бориб сотишарди. Бунинг учун қанча маблағ ва вақт сарф этиларди. Эндиликда бу маҳсулотларни ҳеч бир қийинчиликсиз жамиятимиз цехларига топширишяпти. Нафақат туманимиз, балки Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманлари аҳолиси хонадонлари ва фермер хўжаликлари боғларида етиштирилган олма  маҳсулотини харид қилиб, қайта ишлаб, йилига 300 тонна табиий олма шарбати ишлаб чиқаряпмиз. 
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси сифатида таълим муассасалари ва қишлоқларда бўлиб, партиямизнинг дастурий мақсадларини тарғиб қиляпман. Шу асосда бу йил ўттиздан ортиқ лойиҳани рўёбга чиқариш юзасидан амалий ҳаракат бошлаб юборилди. Мендан ўрганиб, ҳуқуқий кўмак олиб ўз ишини бошлаган тадбиркорларни кўрсам, хурсанд бўламан. Депутатлик гуруҳимиз томонидан таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорликка йўналтириш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, фермер хўжаликларида минитехнологиялар келтириш орқали ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатиляпти. Партиямиз томонидан ташкил этилаётган тадбирларда қатнашиб, тадбиркорлик фаолиятим хусусида ёшларга сўзлаб бераман.
Тадбиркорлик туфайли эл-юрт орасида обрў-эътибор топдим, нафақат ўз оилам, балки юзлаб оилалар фаровонлигини таъминладим. Бунинг учун давлатимиздан бир умр миннатдорман. Айниқса, мустақиллигимизнинг 26 йиллиги муносабати билан камтарона хизматларим юксак баҳоланиб, “Дўстлик” ордени билан тақдирланганим, кўксимни ифтихор ҳисларига тўлдириб юборди. Мен озод юртнинг бахтиёр фарзанди, замонавий ўзбек ишбилармони эканлигимдан фахрланаман.
“XXI asr” мухбирлари
Асхор ИСТАМОВ,
Беҳзод ИСРОИЛОВ,
Сайфулла ИКРОМОВ ёзиб олди