Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Елкамдан тоғ қулади

Елкамдан тоғ қулади           Президентимизнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини  телевизор орқали тинглаб, кўриб, рости, кўзларимга севинч ёшлари тўлди. Юртбошимиз ҳаётда билиб-билмай жиноят қилиб қамалган инсонларнинг яқинларига  жамиятда, давлат муассасаларида бошқача қараш,  тенгкўрмаслик каби иллатлар  сақланиб қолаётганини таъкидлаб, бу мутлақо нотўғри иш услуби эканини, ота боланинг ёки ака уканинг, ҳатто жиян тоғанинг қилмиши учун камситилиши, ҳаётдан ажратиб қўйилиши мутлақо нотўғри эканлиги,  ҳар ким ўзи учун ўзи жавоб бериши кераклиги, инсон шаъни, ғурури, қадр-қимматига эҳтиёткорона муносабатда бўлиш зарурлиги ҳақида чуқур донишмандлик билан ёндошилганлиги, бир менинг эмас, бутун халқимизнинг руҳини кўтариб юборди, десам, янглишмайман. Шахсан менинг елкамдан босиб турган бир тоғ қулади.

          Буни ҳаёт дейдилар. Инсон боласи эртага бошига не савдолар тушишини билмас экан. Турмушда ҳеч кутилмаган, ҳатто тушингга ҳам кирмаган ишлар бўларкан. Менинг ўзим асли тарбиячи, муаллимман. Ўтган аср охирида бир ўғлим қаттиқ адашиб, жиноят кўчасига кириб, қамалди. Бу мен учун жуда оғир зарба бўлди. Ўшанда нуфузли бир мактабда раҳбар эдим. Илм даргоҳимизни ихтисослашган мактабга айлантириб, қувончли натижаларга эришаётгандик. Лекин ҳалиги воқеа сабаб, бошим эгилди, қаддим букилди. “Бундан буён бундай муқаддас даргоҳда ишлашга ҳаққим йўқ”, деб ўзим ариза бериб ишдан бўшадим. Тўртта одам ўтирган жойдан четлаб ўтадиган бўлдим. Тўй-маъракаларга борсам ҳам игнанинг устида ўтиргандек бўлардим. Авваллари ҳамма давралар тўрида ўтирардим. Шундан сўнг ҳатто маҳалла-кўйдаги йиғин, тўй-томошаларга ҳам айтмай қўйишди.  Мен-ку, майли, пенсия ёшига етиб қолаёзган одам чидадим, лекин институтни тамомлаб, заводда смена бошлиғи бўлиб ишлаётган кичик ўғлимга қилинган зуғумлар ҳаммасидан ошиб тушди. Уни аввалига оддий чилангарликка туширишди, кейин “юқоридан кўрсатма бор”лигини рўкач қилиб, биратула ишдан ҳам бўшатиб юборишди. Ҳеч ким, бирор маҳкама арзимни эшитмади...

           Ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўғлим ҳибсга олинганидан бир ҳафта ўтгач, айни 1 июнь куни  кенжа ўғлимнинг аёли фарзанд кўрди. Кўргани борсам, келиним: “Дада, неварангизга гувоҳнома олиб келишингиз керак экан, ҳокимликдан сўрашаётганмиш” деб қолди. “1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни-да, совға беришса керак” деб ўйладим. Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани туғуруқхонага олиб бориб бердим. Эртаси кун борсам, келиним йиғлаб ўтирибди. “Ҳа, тинчликми?” десам, “Ҳокимликдан вакил келиб, ҳаммага мукофот тарқатиб кетишди, фақат менга беришмади” деди пиқиллаб.  Сездим. Бошқа аёллар ичида изза бўлган-да шўрлик. “Хафа бўлма, қизим, мукофотни сенга ўзим бераман” дея юпатган бўлдим. Лекин ўша пайтда  қандай ҳолатга тушганимни ўзим биламан. Хўп, ўғлим жиноят қилиб қамалган бўлса, укасининг хотинида нима айб? Уни ҳам қўйинг, эндигина дунё юзини кўрган фариштадек покиза мурғак гўдакнинг гуноҳи нима эди? Ҳали ҳам орамизда, давлат идораларида инсон тақдирини ўйинчоқ деб биладиганлар борлигидан изтиробга тушардим...

           Қарасам, бунақада  бўлмайди.  Ё худо, деб ўзимни меҳнатга урдим. Ҳеч нарсага эътибор қилмагандек, хўжалигимда мол-қўй боқишни йўлга қўйдим. Ҳовлимнинг бир бурчига тегирмон, обжувоз қуриб, ишлатиб, шу билан овуниб юрдим. Барибир, юрагимнинг бир чети қоронғи эди. Кечалари уйқум қочиб кетарди. Яратгандан тинмай кушойиш беришини сўрардим. Ва ниҳоят ўғлим амнистияга тушиб, оиласи бағрига қайтди. Ота-болалар бирлашиб, оилавий тадбиркорликни давом эттирдик. Мактаблар учун ёзув бўрлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ҳар икки ўғлим ҳам  олий маълумотли – бири муҳандис, бири  программист  эмасми, улар мамлакатимизда  тадбиркорликка жуда катта эътибор  қаратилаётганини кўриб, янги-янги ғоялардан гап очишарди. Ишбилармонлик фаолиятимизни янада кенгайтириш, янги иш ўринлари очиш ҳақида гапиришарди. Бироқ, оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, демоқчи, кеча қамоқдан чиққан фарзанднинг отаси сифатида тегишли идоралар эшигини қоқишга юрагим дов бермасди.  Ўғилларим яна...

           Мухтасар айтганда, муҳтарам юртбошимизнинг юқоридаги сўзлари мен ва мен каби қанчадан қанча ўксик кўнгилларга айни  шифо бўлди,   қаддимизни кўтарди.  Шу кунларда  ўзимни ҳаётга қайта келгандек ҳис қиляпман. Мард ва фидойи Президентимизнинг куни кеча айтган қуйидаги қанотли сўзлари менга куч-қувват, ғайрат-шижоат бағишлади:  “Тадбиркорнинг йўлига тўсиқ бўлиш – давлат сиёсатига хиёнат!” деди у киши. Ана шу сўзлардан руҳланиб, тажрибали  биолог сифатида ер участкаси олиб, бу ерда янги технологиялар ва фан ютуқлари асосида ғўза, ғалла ва бош­қа  экинлар зараркунандаларига қарши курашиш усулларини ишлаб чиқиш ва фермерларга тавсия этиш ниятидаман.  Бу менинг ва ўғилларимнинг Президентимиз ғамхўрлик­ларига амалий жавобимиз, қишлоқ хўжалик равнақи, она Ватанимиз тараққиётига қўшган муносиб  ҳиссамиз бўлади.

Раҳимжон  МАМАНАЗАРОВ,

меҳнат фахрийси.

                                                                                                                                                            Поп тумани