Ishbilarmon, mardlik va shijoat sohibi, azmi qat`iy, tadbirkor va hushyor bir kishi ming-minlab tadbirsiz, loqayd kishilardan yaxshidir

Эман экиб қанча даромад кўриш мумкин?

Эман экиб қанча даромад кўриш мумкин?

             Тадбиркорлик ёш танламайди. Буни қашқадарёлик 76 яшар Файзулла Ғаниев кўп бора исботлади. Уни маҳалладошлари бежиз “Бой бува”, “Эман бобо” деб чақиришмайди. Бутун умр ўқитувчилик ва ҳуқуқшунослик касбини эъзозлаган отахон пенсияга чиққанидан сўнг ҳам янги-янги ташаббуслари билан одамларни лол қолдиряпти.

                Отахон тадбиркорлик фаолиятини Қарши шаҳрининг Пахтазор миттитуманидаги ўзи истиқомат қилаётган кўп қаватли уй ёнидаги ташландиқ ерни ободонлаштириб, эман экишдан бошлади. Кичкина жойда мингга яқин кўчат етиштириб, корхона, ташкилот ва муассасаларга арзон нархларда етказиб берди. Кейинчалик фаолиятини кенгайтириб, воҳадаги Шаҳрисабз, Қамаши ва бошқа туманларда ҳам кўчат етиштирадиган майдончалар ташкил этди. Ўнлаб оилаларга калифорния қизил чувалчангини парвариш­лашни ўргатди, улар бугун пулдор одамларга айланишган. Шаҳрисабз туманидаги агроучасткасида 1 000 дона эман, 230 дона акация кўчати тайёр турибди. Ҳозирда 3-4 метрлик эман кўчати 50 минг, акация 10 минг сўм туришини ҳисобга олсак, у кишининг ҳақиқий ишбилармон экани намоён бўлади.

              Файзулла ака сира тиним билмайди. Куз ойларида уни нуқул дарахт остига тушган уруғ-данакларни териб юрганини кўрасиз. Тўплаган уруғларини экиб чиқади. Кўчатлар тайёр бўлгач, жойларга олиб бориб, экиб беради. Мамлакатимизда у кишининг қадами етмаган гўшанинг ўзи йўқ. Ҳар бир вилоятга бориб мутасаддиларга, тадбиркорларга учраб, эман кони фойда эканини айтишдан чарчамайди. Унинг ибрати туфайли вилоятнинг бир неча туманларида кўчат етиштирувчи тадбиркорлар ўз фаолиятини бошлади. Ҳали у туман, ҳали бу туманда тадбиркору фермерлар ҳузурида бўлиб, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини, калифорния қизил чувалчангини кўпайтириш, биогумус тайёрлаш хусусида маърузалар ўқиётганининг гувоҳи бўласиз. Қаршидаги қатор таълим муассасалари ҳовлисида отахон бундан етти йил илгари экиб берган эманлар яшнаб турибди.

                – Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда 371 минг гектарга яқин дала четлари борлиги, улардан самарали фойдаланилмаётгани ҳақида куюнчаклик билан айтган эди, – дейди отахон. – Фермерлар дала четларига эман кўчатларини экиб қўйишса, икки-уч йилдан сўнг яхши даромад олишлари мумкин. Бундан ташқари,
эман шамолга чидамли дарахт бўлиб, экин майдонларини гармсел ва бошқа табиий офатлардан ҳимоя қилади. Шунингдек, ёнғоғи чорва моллари учун тўйимли озуқа ҳисобланади. Фермерлар миллионлаб сўмга ем сотиб олишади-ю, экин майдонлари атрофига шундай дарахт экишни хаё­лига келтиришмайди.

               Тошкентда эман ёнғоғи билан қўй боқишади. Бунга кўплар ишонқирамайди. Ўн йил аввал Қарши – Бешкент йўлида эман ёнғоғини териб юрганимда, бир озарбайжонлик йигит машинасини тўхтатиб: “Ҳа, отахон, қўйларга шоколад тераяпсизми?”, деб сўради. У билан суҳбатлашиб қолдик. Маълум бўлишича, Озарбайжонда эман меваси билан қўй-эчкиларни семиртиришар экан. Шундан сўнг эман ёнғоғини чорва моллари боқиш учун ишлата бошладим ва буни одамларга ўргатдим. Ҳозирда Қарши шаҳридаги кўп оилалар ана шу неъмат билан ҳўкиз боқишга ўтишган. Вилоятимизнинг Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Нишон, Чироқчи, Қарши туманларидаги лалмикор майдонларда эман дарахтлари ўсиб, мева бериб турибди. Хоразмга ҳам бориб, кўчат экиб берганман. Бу йил Тошкентдаги 40 та олий ўқув юртига бориб, эман кўчатлари совға қилдим. “Ҳар бир талаба биттадан эман кўкартиради!” акцияси ташаббускори ҳам ўзимман. Ахир, таълим муассасаларининг ерлари бўм-бўш ётибди-ку! Қанийди, мамлакатимиздаги ҳар бир институт, коллеж ва мактабларда ҳам шундай дарахтлар етиштириш ва экиш йўлга қўйилса, бадавлат ўқув даргоҳлари сони йил сайин ошган бўларди. Бунақанги имкониятни ҳозирда кўплар ҳис эта олишмаяпти.

               Европа мамлакатларида бўлган киши йўллар четига экилган гилос дарахтларини кўриб, ҳаваси келади. Шаҳрисабз, Яккабоғнинг баъзи ҳудудларидагина гилосзорларни кўрасиз, холос. Аммо минглаб дам олиш масканлари, йўл четлари, баҳаво, серсув жойларда яшаётган одамлар бир дона бўлса ҳам кўчат экиш ҳақида ўйламаётганини кўриб ҳайрон қоласиз. Ҳовлингизга икки дона гилос ёки ўрик дарахтини экиб, парваришласангиз, бир кун келиб ҳосилга киради, яхшигина фойда келтиради.

              Ёз ойлари Қашқадарёда гоҳо қаттиқ шамол бўлади. Қарабсизки, Қарши шаҳрини ҳам, тоғолди туманларини ҳам бир қаричлик чанг босади. Ваҳоланки, кексалар қадимда Самарқанддан Қаршигача фақат сояда йўл юриб келганмиз деб айтишади. Афсуски, экилган дарахтлар эътиборсизлик туфайли кесилиб кетди. Янгисини экиш одамларнинг хаёлидан фаромуш бўлаётир. Чўл ҳудудлари, вилоятнинг 500 километрдан ортиқ катта йўл ёқалари бекор турганини кўриб, киши ажабланади. Кекса бир инсонда бор куч-ғайрат наҳот бошқаларда топилмайди?

               Ҳолбуки, эман кўчатини йўл четига экиб, кўкартириб олсангиз бўлди. Сувсизликка чидамли бўлгани учун суғориш талаб этилмайди, ўзи ўсиб, мева бераверади. Вилоятлараро автомобиль йўллари четига миллионлаб дуб ва акация дарахти кўчатлари экилса борми, чорва моллари учун тонналаб ем ва қиш­лик ўтин жамғариш тайёр!

              Файзулла ака ана шунақа куюнчак одам. У Қамаши туманидаги Лўхли кўл деган жойда 6 гектар майдонда кўчат етиштираяпти. Ҳар йили минглаб ниҳолларни жойларга тарқатади. Вилоятдаги билим масканлари, фирмаларга уруғни нишлатиб, кўчат экиб беради. У эккан эманлар бугун юз мингдан ошиб кетди. Умид қиламизки, “Эман бобо”нинг ташаббусини қўллаб-қувватлайдиганлар нафақат Қашқадарёда, балки мамлакатимизнинг барча туманларида топилади. Бой бўлмоқчимисиз, марҳамат, эман экинг!

                                                                                                                              Сайфулла ИКРОМОВ,

 “ХХI asr” мухбири